- Ва алайкум ассалом! Қиёматга яқин дажжолнинг ишини қилувчилар кўпаяди. Уларни энг кучли фитнага солувчиси дажжол бўлади. У юрган йўлида гиёҳлар ўсиб майсазорларга айланади. Булутга ишора қилса ёмғир ёғади, жинларга буюрса одамларни ўтиб кетган ота-онасининг шаклига кириб ёнига келади. Бу одатдан ташқари ишларни кўриб иймони заифлар дажолга иймон келтиришади ва абадий дўзахи бўлишади. Аллоҳ таоло нима ҳақ ва нима ботил эканлигини ўлчаш учун шариат мезонини нозил қилган. Шариатга тушганини қабул қилинади, бошқаси рад қилинади. Жоҳил инсонлар дажжолни Худо деганларидек замонамизнинг жоҳиллари фолбин ва жинкашларни авлиё деб билишади. Ҳолбуки улар Аллоҳнинг душманлари, шайтон ва кофир жинларнинг дўстлари ҳисобланишади. Сўфи Оллоҳёр раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳнинг валий бандаларидан бўлганлар ва ўзларининг “Саботул ожизийн” китобларида ундайлар борасида қуйидагиларни айтганлар:
Шариатсиз киши учса ҳавоға,
Кўнгил қўйманг анингдек худнамоға.
Ҳавоға учса монанди чибиндур,
Ани ҳодий дема шайтони диндур.
Шариатсиз киши гар ютса ўтни,
Ҳаво ўртасида минса булутни.
Қачон топғон эрур қурбат идини,
Валий билманг тақи андоғ кадини.
Бўлубдур мундоғ ишлар кофирийдин,
Нечукким бўлди сеҳри Сомирийдин.
Эшитгил бул, ки Фиръавн амридин Нил,
Қуйидин юқориға оқди беқийл.
Муни билгилки Ҳиндустонда ҳоло,
Учарлар кофири санноси боло.
Шариат ҳукмин этмай истиқомат,
Таажжуб ишлари бўлмас каромат.
Шариатни киши ким тутса хўб пос,
Каромат мундин ўтмас, аййуҳаннос.
Хилофи нафсу истикмоли тоат,
Бўлурми андин ортиқ харқи одат.
Киши деса валийни ғайбдондур,
Наъувзу биллаҳ, ул сўз кўп ёмондур.
Наби ҳам билмагай ушбу равишдин,
Магар билдирса Тангрим баъзи ишдин.
Худонинг хоссасидур илми ғайби,
Бу сўзнинг бўлмағай бир зарра райби.
Яқин бил, ғайб ишидин фолбинлар,
Хабар берса агар ё аҳли жинлар.
Киши чин деса ул ботил сўзини,
Бўлиб кофир, қаро қилғай юзини. Валлоҳу аълам!