Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Суд-мед экспертиза касбида ишлаш

12:23 / 18.07.2018 | Abrorbek Murodullayev | 6666
Ассалому алайкум! Фавқулотда вафот этиб қолган одамни суд-мед экпертизага олиб боришади. Бунда одамни ичини ёриб кўриб одам нимадан ўлганлигига хулоса берилади. Мен суд экспертизасида ишламоқчи эдим бу қанчалар тўғри? Ишласам бўладими? Айнан таноталогия(яъни одам ёрадиган) бўлимида?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! 

Мурданинг танасини ёриш  

Мурданинг танасини ёриш бўлажак жарроҳлар операцияни ўрганишлари учун машғулот ўтгазишларининг зарурати,  жиноят ва унга алоқадор ишларни тафсилотига эришиш,  ўлимнинг сабабларини аниқламоқ зарурати бор.
Ислом дини марҳумнинг танасини мусла(инсоннинг қулоқ, бурун, оёқ ва қўлларини кесиш, кўзини ўйиб олиш) ва ўйин қилмоққа ижозат бермайди. Шундай бўлса мурдани ёриш ишига шарийъат нима ҳукм қилади?
Кўплаб фиқҳ академиялари ва фатво қўмитасидан бу ишнинг жоизлигига фатво келган. Бу рухсат ҳам шаръий маслаҳат тақозо қилган вақтгагина  тегишлидир.
Агар мурдани ёриб кўриш мусулмонлар фойдасига бўлса, масалан тиббиёт ўқув юртларида жарроҳликка тайёрланиш, мурданинг жасадидан бахс мунозара ва текширувлар қилиш, мурданинг аъзоларидан инсон танасининг тузилиши ва ички аъзоларининг жойлашган ўрни, касалликни ўрни, оғир ёки енгиллигини билиш, келиб чиқиши, касаллик  жараёни ва оқибатларини  яхши ўрганиш ва келажакда беморларга сифатли муолажа кўрсатиш учун бўлса бас, бу ниятда  жоиз.
Шунингдек  жиноятни ишини очиб ташлаш учун марҳумнинг танасини ёриб кўриш зарур бўлади. Жиноят сабаби, жиноят воситаси, жиноят жойи, жиноятчининг хулқини  ўрганиб уни топиб, марҳумнинг эгаларига уларнинг ҳақларини бериш учун  ҳам марҳумнинг танасини ёриб кўришга рухсат берилади.
Қуръон ва ҳадисда марҳумнинг танасини ёриш борасида очиқ ҳукм мавжуд эмас. Лекин фиқҳ китобларида бунинг ўхшашлари келган.
1. Ҳомиладор марҳумнинг ҳомиласини тирик бўлмоғини умиди бўлганда унинг қорнини ёриш мумкин бўлганидек, илм ҳосил қилмоқ учун марҳумни ёриб кўришга рухсат берилади.
2. Ҳомиладорни боласини бўлаклаб бўлсада чиқариб олмоқда онанинг тирик қолмоғини умиди бўлса болани олишга рухсат бўлганидек, илм ҳосил қилмоқ учун марҳумни ёриб кўришга рухсат берилади.
3. Бирор мурда тириклигида ўзганинг молини тортиб олиб ютиб юбориб кейин ўлиб қолса, ўша молни эгасига қайтариб бериш учун унинг қорнини ёришга ижозат бўлганидек, илм ҳосил қилмоқ учун марҳумни ёриб кўришга рухсат берилади.
Бу юқоридаги уч суратда тириклар риояси ва уларнинг фойдасини кўзлаб марҳумларни танасини кесиш ва ёришга рухсат берилганлигидан, тирикларнинг барча манфаатларини кўзлаб  бу ишга рухсат берилаганидир. Натижада тирикларга сифатли муолажа насиб бўлади.
Саудия Араб Мамлакатининг катта уламолари фатво ҳайъати ва Маккаи Мукаррамадаги Ислом фиқҳи академиясининг бу уч суратни жоизлигига фатволари бор.  
Юқорида марҳумни ёришга берилган рухсатлар ҳам бир неча шартлар билан қайдланган.
1. Марҳумни ёриш унинг вафот топгани аниқ бўлганидан кейин бўлади.
2. Марҳумни ёриш фақат қаттиқ зарурат, илм ҳосил қилиш, касалликни ўрганиш ва жиноят изини топиш учун бўлса  жоиз бўлади.  
3. Ўша шахснинг ўзи вафотидан аввал ёки эгалари вафотидан кейин рухсат берган бўлишлари керак.
4. Жасадга нисбатан ҳурматсизлик ва мусла  қилинмаслиги керак.  
5. Жасадни ўрганиб бўлиб унинг барча аъзоларини бир жойга жамланмоғи ва ҳурмат билан дафн қилинмоғи лозим.
Араб дунёси ва фиқҳ академияси уламоларидан номларининг рўйхати узун бўлиб кетганларининг ҳам фикри бу ишнинг жоизлигигадир. 

Муҳаққиқ олимлардан баъзилари жоиз эмас дейдилар 

Бу марҳумни ёриб кўришни жоиз эмас деганлар рўйхатида араб олимлари билан бирга Ҳиндистонлик Ҳазрат Мавлоно Бурҳониддин Соҳиб Санбалий ҳам  борлар.
Далиллари.
Аллоҳ таоло Исро сураси 70 оятда 

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِىٓ ءَادَمَ 

"Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик" деган.
Бу иззат ва икром ўлик ва тирикнинг ҳар икковига баробардир. Ўликни ёриш ва танасини бўлаклашда бутун инсониятни икромининг хилофи ва зидди бор. Мусланинг жоиз эмаслигининг далилларидан бири Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисдир.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам 

اغزوا و لا تغلوا, و لاتغدروا, و لاتمثلوا 

 “Ғазот қилинг! Ҳаддан ошманг! Хиёнат қилманг! Мусла  қилманг!” дедилар.

Мусулмоннинг жисмини кесмоқ, ёрмоқ уни мусла қилмоқдир ва бу иш юқоридаги ҳадисдан тушунилган қайтариқ остига киради.

Имом Молик “Муватто” китобида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар. 

كسر عظمه ميتا ككسره و هو حي. قال مالك: تعني في الاثم 

Оиша розияллоҳу анҳо: “Инсон суягини унинг ўлик ҳолатида синдирмоқ(ҳам) гўёки тириклигида синдирмоқдек” дедилар. Имом Молик: “Оиша  розияллоҳу анҳо гуноҳи бирдек бўлишини назарда тутдилар”  дейди.  

Ҳадис шайхи мавлоно Муҳаммад Закариё Соҳиб қуддиса сирруҳ ушбу ҳадис шарҳида: “Бу ҳадиснинг натижаси марҳумнинг суяги ҳам тирикнинг суягидек ҳурматли эканидир. Тирикнинг суягини синдирганда қасос ёки дия вожиб бўлмоғи, ўша суяк эгаси тирик бўлгани учун эди. Марҳумни суягини синдириб қўйганга дия ёки қасос вожиб бўлмаслиги унда ҳаёт йўқлиги учун холос. Ҳурматсизлик қилиб синдиргани учун гуноҳкор бўлади. Имом Тийбий: “Бу гапда инсон суяги тириклигида хор қилинмаганидек, вафотидан кейин ҳам хорланмаслигига ишора бордир” дейдилар” деди.  
Роддул муҳтор китобида 

الآدمي مكرم شرعا و ان كان كافرا. والمراد تكريم صورته و خاقته. وكذا لم يجز كسر عظام ميت كافر 

“Одамзот кофир бўлса ҳам Ислом шариъати назарида мукаррам(улуғ)дир. Бу дегани унинг сурати ва хилқати (шакл шамоили, борлиғи, туриши бир инсон сифатида) ҳурматга лойиқдир дегани бўлади. Шунингдек вафот этган кофирнинг суягини синдирмоқ(ҳам) жоиз бўлмайди” деб келтирилади.  
 Бу оят ва ҳадислардан тиббий мақсадлар учун ҳам марҳум танасини ёрмоқ мумкин эмаслиги хулоса бўлмоқда.                         Инсон тириклигида эҳтиромга лойиқ бўлганидек, вафотидан кейин ҳам эҳтиромга лойиқ бўладики уни кесиб, ёриб бўлакламоқ хорлашликнинг айни ўзи бўлади.  
Тиббий тажриба мақсадида инсон танасига яқин бўлган жуссали ҳайвонлардан фойдаланмоқ имкони бор.
Қотиллик ишини очиш, қотилни топиш учун  жасадни ёриш доим ҳам кутилган натижани беролмайди. Шунинг учун бунга ҳам шарийъат юзасидан ижозат берилмайди.

Қонун  эътиборидан (судмедэкспертиза) марҳумни ёриш мажбурий бўлса ёриб кўришга рухсат бериладими?
Ҳазрат мавлоно муфтий Кифоятуллоҳ  соҳиб: “Агар биров мусулмонобод бўлмаган бир юртда яшаса ва ўша юртда мурдани ёриш қонунийлаштирилган бўлса, мусулмонлар бу қонунни бекор қилишни ҳаракатини қилсинлар. Агар уддасидан чиқа олмасалар ва ҳукумат бу ишни қонунни рўкач қилиб мажбурий равишда амалга ошираверса мусулмонлар узрлидирлар” дейдилар.    

Мурдаларни ёриш (анатомия) касби қандай касб? Ҳалолми?  

Жарроҳга касб нуқтаи назаридан заруратан мурда ёриш иши тўғри келиб қолса бу ишни жоиз санаб қилиб кетавермасин. Бажариш лозим бўлган тақдирда истиғфор айтиб олсин. Бошқа касб қидиришга ҳаракат қилсин. Бошқа иш топилгунича бу ишида давом этиб турсин. Биринчи имконият блиши билан бу ишини тарк қилсин.
Қоида. 

من ابتلي ببليتين فليختر اهونهما 

Ким икки балога йўлиқса енгилроғини ихтиёр қилсин. 

Мурдани ёришлик бир гуноҳ, қарамоғидаги нафақаси зиммасига вожиб бўлганларни ўзгалар ёрдамига  муҳтож ҳолатга тушириб қўйиш бир гуноҳ.  
Яъни бир касб топиб, унга кўникиб, даромадга кириб қарамоғидагиларнинг тасарруфига қодир бўладиган даражага етиб олгунича аввалги ишида бўлиб турсин.

Бир қанча докторлар билан музокара ва муноқашалардан кейин фақир (яъни мен Абу Бакр Жобир Қосимий) қуйидаги натижага етишдим.
Ўрганиш учун ҳам вафот инсон танасини ёрмоқ мумкин эмас. Балки сунъий инсон жуссаси ва моҳир табиб қўл остида туриб ҳам ўрганиш мумкин.
Ҳозирги кунда тиббиёт олийгоҳларига ёриб ўрганиш учун олиб келинган жасадларга ўта даражада ҳурматсизлик қилинмоқда. Талабалар марҳумларнинг жасадларини ўйин қилмоқдалар. Марҳумларнинг авратлари кераксиз ҳолларда ҳам очиқ қолмоқда. Ёпиб қўйишга бир парча мато ҳам йўқ. Ҳатто тажриба  ўтказиб бўлинганидан кейин суякларини сотиб юбормоқдалар. Маълум бўлдики ёриб кўриш  учун инсон танасининг мавжуд  бўлиши шарт эмас экан. Шу ўринда Ҳазрат Мавлоно Бурҳониддин Соҳиб Санбалийнинг фикри устунлиги маълум бўлди. 

Аёл кишининг танасини ёриш 

Агар қотиллик ишини очиш  ёки касалликни ўрганиш учун аёл кишининг танасини ёриш моҳир табиба(аёл)ларга топширилади.  
Агар моҳир табиба(аёл)лар топилмай эркаклар бажармаслиги имконсиз бўлса, ўша аёлнинг эри ёки бирор маҳрами бу иш давомида иштирок этмоқлари  лозим.   Танани ёриш амалиёти давомида  эркак жарроҳ зарурат даражасида аёл танасига қарайди ва ушлайди. Ушлаш эса тиббий қўлқоп орқали бўлмоғи даркор.
Амалиёт жараёнида эркак ва аёл жарроҳларнинг аралашиб кетмоқлари ҳам жоиз эмас.
Ислом Олами Робитасининг  Ислом Фиқҳи Академияси ўзининг ҳижрий 1405.05.06 санасида Маккаи Мукаррамада ташкил этган саккизинчи мажлисида 

بعدم التشريح جثث النساء من قبل الاطباء مستقلا 

“Ёлғиз эркак жарроҳлар тарафидан аёлларнинг танаси ёрилмаслигини”  қарор қилади.

Ислом Олами Робитасининг  Ислом Фиқҳи Академияси ўзининг милодий 1987.10.17 дан 1987.10.20 гача бўлган санасида Маккаи Мукаррамада ташкил этган ўнинчи мажлисида 

بان جثث النساء لايجوز ان يتولا تشريحها غير طبيبات المختصات الا اذا لم يوجدن 

“Албатта, аёлларнинг танасини ёриш ишига мутаҳассис  аёл жарроҳлардан ўзга бирорта эркаклар бош-қош бўлишлари жоиз эмас. Агар мутаҳассис аёл жарроҳ топилмаса эркакларга бу ишни бажармоқлари жоиз”  деб қарор қилади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat