Ассалому алайкум. Бошимга ташвиш тушган. Ёлғиз Аллоҳга илтижодаман. Саволим: Намоздан кейин нажот истаб, икки ракъат нафл намоз ўқиб, дуо қилишим қанчалик тўғри? Албатта, нажоткор дуолар билан ўқийман... ва ўзимга дам соламан. Бу ҳам қанчалик тўғри?
- Ва алайкум ассалом!
Ўша аввалги намозингизда ҳам дуони қилаверинг. Сизнинг ҳолатингизга тушган кишиларга ҳожат намози ўқиш тавсия қилинади.
عَنْعَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَقَالَ: «مَنْ كَانَتْ لَهُ إِلَى اللهِ حَاجَةٌ أَوْ إِلَى أَحَدٍ مِنْ بَنِي آدَمَ فَلْيَتَوَضَّأْ، فَلْيُحْسِنِ الْوُضُوءَ، ثُمَّ لِيُصَلِّ رَكْعَتَيْنِ، ثُمَّ لِيُثْنِ عَلَى اللهِ وَلْيُصَلِّ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ،ثُمَّ لِيَقُلْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ الْحَلِيمُ الْكَرِيمُ، سُبْحَانَ اللهِ رَبِّ الْعَرْشِ الْعَظِيمِ، الْحَمْدُ لِلّٰهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ، أَسْأَلُكَ مُوجِبَاتِ رَحْمَتِكَ، وَعَزَائِمَ مَغْفِرَتِكَ، وَالْغَنِيمَةَ مِنْ كُلِّ بِرٍّ، وَالسَّلَامَةَ مِنْ كُلِّ إِثْمٍ، لَا تَدَعْ لِي ذَنْبًا إِلَّا غَفَرْتَهُ، وَلَا هَمًّا إِلَّا فَرَّجْتَهُ، وَلَا حَاجَةً هِيَ لَكَ رِضًا إِلَّا قَضَيْتَهَا يَا أَرْحَمَ الرَّاحِمِينَ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг Аллоҳга ва Бану Одамдан бирортасига ҳожати бўлса, яхшилаб таҳорат қилсин, сўнгра икки ракъат намоз ўқисин. Кейин Аллоҳга сано ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтсин. Сўнгра: «Ҳалиму Карим Аллоҳдан ўзга (ибодатга сазовор) маъбуд йўқ. Улуғ Аршнинг Робби Аллоҳ покдир. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Мен Сендан раҳматингни вожиб қилувчи, мағфиратингни тақозо қилувчи нарсаларни ва ҳар бир яхшиликдан ғаниматни, ҳар бир ёмонликдан саломатликни сўрайман. Менинг ҳеч бир гуноҳимни қўймай, мағфират қилгин, ҳеч бир ғамимни қўймай, кушойиш қилгин, ўзинг рози бўлган ҳеч бир ҳожатимни қўймай, албатта чиқаргин. Эй Арҳамар Роҳимийн», десин», дедилар».
Термизий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Шарҳ: Имом Ибн Ҳажар: «Бу намозни шанба куни саҳар чоғи ўқиб, ҳожат талаб қилиш мандубдир, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким шанба куни эрталаб ҳожатини талаб қилса, талаби ҳал бўлади. Унинг ҳожати раво бўлишига мен кафилман», деб марҳамат қилганлар», деган.
Албатта, дуонинг арабча матнини ёдлаб олган яхши.
Ҳожат намози ила банда Аллоҳ таолога яна бир бор боғланмоқда. Бу намоз ила бевосита Аллоҳ таолога роз айтиш шарафига муяссар бўлмоқда. Аллоҳ таолодан бошқага ялиниш балосидан қутулмоқда. Ҳатто бошқа одамларда ҳожати бўлса ҳам, ўша одамга эмас, Аллоҳ таолога мурожаат қилиб, ҳожатини чиқаришини сўрамоқда. Чунки ҳақиқий ҳожат чиқарувчи Аллоҳнинг Ўзидир.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077