Ассалому алайкум, муҳтарам Шайx ҳазратлари! Аллоҳ умрингизни узоқ ва янада мазмунли қилсин. Мени бир масала жуда қийнаяпти. Дастлаб намозга кирганимда Ислом ва илмдан умуман беxабар эдим. Кейинроқ Қуръон ва ҳадис ёдлашга жуда қизиқдим. Қуръон қироат қилинганда, маърузалар тинглаганда, ўзимни тута олмасдим. Ҳозирда Қуръоннинг анча қисмини ва бир қанча ҳадисларни ёд олдим. Уларга амал қилишга бор кучим билан ҳаракат қиламан. Намозларда ҳам аксарият ҳолатларда роҳат топа олмаяпман. Аллоҳга, Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васалламга иxлос ва муҳаббатимни кучайтириш учун нималар қилишим керак? Иймон лаззатини қандай топса бўлади? Илмга қизиқишни қандай ошириш мумкин? Устоз, илтимос, ёрдам беринг. Маслаҳатингизга муҳтожман. Аллоҳ сиздан ва биздан рози бўлсин!
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Сизнинг ушбу ҳолатингиз ҳар бир мусулмоннинг бошидан ўтадиган ҳолат. Ундан ажабланишнинг ҳожати йўқ. Фақат ўзида бу маънода сустлик сезган одам дарҳол сергакланиши ва ўзини ибодатга, зикрга кўпроқ уриши керак бўлади.
عَنْ حَنْظَلَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: كُنَّا عِنْدَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَوَعَظَنَا، فَذَكَّرَ النَّارَ، قَالَ: ثُمَّ جِئْتُ إِلَى الْبَيْتِ فَضَاحَكْتُ الصِّبْيَانَ وَلَاعَبْتُ الْمَرْأَةَ، قَالَ: فَخَرَجْتُ فَلَقِيتُ أَبَا بَكْرٍ فَذَكَرْتُ ذَلِكَ لَهُ، فَقَالَ: وَأَنَا قَدْ فَعَلْتُ مِثْلَ مَا تَذْكُرُ، فَلَقِينَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، نَافَقَ حَنْظَلَةُ فَقَالَ: «مَهْ». فَحَدَّثْتُهُ بِالْحَدِيثِ، فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ: وَأَنَا قَدْ فَعَلْتُ مِثْلَ مَا فَعَلَ، فَقَالَ: «يَا حَنْظَلَةُ سَاعَةً وَسَاعَةً، وَلَوْ كَانَتْ تَكُونُ قُلُوبُكُمْ كَمَا تَكُونُ عِنْدَ الذِّكْرِ، لَصَافَحَتْكُمُ الْمَلَائِكَةُ، حَتَّى تُسَلِّمَ عَلَيْكُمْ فِي الطُّرُقِ».
Ҳанзала розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. У зот бизга мавъиза қилиб, дўзахни эслатдилар. Кейин уйга келдим, болалар билан кулишдим, аёлим билан ҳазил-ҳузул қилдим. Кейин ташқарига чиқиб, Абу Бакрни учратиб қолиб, унга бу ҳақда айтган эдим, «Менда ҳам шундай бўлди», деди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни учратдик. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен мунофиқ бўлиб қолибман», дедим. У зот: «Нима?!» дедилар. Шунда мен бўлган гапни айтиб бердим. Абу Бакр ҳам: «Менда ҳам шундай бўлди», деди. У зот шундай дедилар: «Эй Ҳанзала, (инсон қалби) гоҳ ундай, гоҳ бундай бўлади. Агар қалбларингиз (доим Аллоҳни) зикр қилган пайтингиздагидек бўлса эди, фаришталар сизлар билан қўл бериб кўришиб, ҳатто йўлларда сизларга салом берган бўлишар эди».
Имом Муслим ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан кўпгина фойдалар олинади:
1. Устозлар етук бўлсалар, кишиларнинг руҳий тарбия бобида юқори даражаларга эришишларига сабаб бўлишлари мумкинлиги.
2. Устоздан узоқлашган шогирдда руҳий поклик чўққисидан пастлашиш бўлиши мумкинлиги.
3. Фарзу вожибларни адо этгандан кейин нафл ибодатлар, эслатиш ва зикр туфайли кишиларнинг руҳий даражалари ҳар хил бўлиши.
4. Руҳий даражани доимий равишда олий даражада ушлаб туриш иложсиз экани.
5. Шариат ҳудудида оила, бола-чақа ва мол-мулк ташвишида бўлишнинг мунофиқлик ёки номарғуб нарса эмаслиги.
Валлоҳу аълам.