Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

ақийдавий масала

00:00 / 06.12.2010 | eski savollar | 2534
ҳурматли устоз бир савол билан мурожаат қилмоқчи эдим.имом Таҳавийнинг ақида китоби билан мотуридийнинг ақидасида фарқи борми?الرَّحْمَنُ عَلَى الْعَرْشِ اسْتَوَى бу созни таҳовий ва мотурийди қандай тафсир қилишган? ва яна Қурони К ариймда قَالَ يَا إِبْلِيسُ مَا مَنَعَكَ أَن تَسْجُدَ لِمَا خَلَقْتُ بِيَدَيَّ қол созини таҳовий ва мотурийди қандай тафсир қилишган ? ва бу созларни қандай тушуниш керак? бу саволни бир турк достим сораб қолди, иложи болса толиқ ва очиқ жавоб олсак деган умиддамиз. АЛЛОҲ рози болсин

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Имом Мотуридий мусулмонларнинг Аҳли Сунна вал жамоа ақийдавий мазҳабининг икки имомидан биридирлар. Тоҳавий эса, ўша мазҳабда китоб ёзган олимлардан биридир. Демак, Модуридий мазҳаб имоми, Тоҳавий у кишининг мазҳабидаги бир олим.Сизнинг саволингизнинг қолган қисмига қуйидаги мақола тўлиқ жавоб бўлади деган умидда, уни тақдим қилишга ижозат берасиз:Истиво ҳақидаБисмиллаҳир роҳманир роҳиймАлҳамдулиллаҳи роббил аъламийн, ассолату вассаламу ала хойри холқиҳи Муҳаммад ва ала алиҳи асмаъиҳи ажмаъийн…Маълумки, истиво сўзи, хусусан Қуръони каримда келган истиво лафзи ҳақида жуда кўп тортишувлар, тушунмовчиликлар мавжуд. Лекин диққат билан, атрофлича ўрганиб чиқилса, бу нарсани англаб олишнинг имкони бор. Хусусан, истиво тўғрисидаги гап-сўзлар, ёзув-чизувларнинг ҳаммаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Аршга истиво қилиши ҳақидаги масалага боғлиқ бўлади. Аллоҳ таолонинг Аршга истиво қилиши масаласи Қуръони Каримда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келгандир.Албатта, бу мавзуънинг ҳақиқатини билиш учун аввало араб тилига мурожаат қилишимиз лозим.Араб тилида истиво сўзи бир неча маъноларни англатади.1. «тугал бўлиш», «охирига етиш», «бенуқсон бўлиш». Мисол учун, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Қасас» сурасининг ўн тўртинчи оятида марҳамат қилиб айтади:«Қачонки балоғатга етиб, тўлишганда ва тугал бўлганда», яъни, ёшлиги бенуқсон бўлиб, охирига етиб, тугал бўлганда.Яна Аллоҳ таоло «Фатҳ» сурасининг йигирма тўққизинчи оятида айтади:«Бир ўсимликки, у баргларини чиқарди, қувватланди, йўғонлашди ва ана шу ўзининг тутиб турувчи танасида (истиво қилди) тугал бўлди», яъни, ўсимлик кучланди, ўзининг юқори нуқтасига етди, батамом бўлди.2. «Эътидол» – «тўғриланиш». Мисол учун, уламолар Бани Тамийм қабиласининг бу маънода айтган бир жумласини мисол қиладилар:«Қабиланинг золими ва мазлуми (истиво қилдилар )тўғриландилар», яъни, эътидол - мўътадиллик йўлига кирдилар, ўртача бўлдилар.3. Истиво сўзининг араб тилидаги маъноларидан учинчиси – «бир нарсани қасд қилиш» маъносидир. Бу маъно «Бақара» сурасининг йигирма тўққизинчи оятида ўз ифодасини топган:«Сўнгра осмонни яратишни (истиво қилди) қасд қилди».4. Шунингдек, истиво сўзи тўртинчи маънода - «истийло», яъни бир нарсани эгаллаб олиш маъносида ҳам келган. Бунга уламолар араб шоирларининг шеъридан бир байтни мисол қилиб келтиришади. Бу байтда шундай дейилади:«Қачонки бир қавмга ғазот қилса, аёлларини мубоҳ билади ва улар аларга мулк бўлган нарсани (истиво қилади) эгаллаб олади».Шу ерда «истиво» сўзи «истийло», яъни эгаллаб олиш маъносини ифодалайди.5. Истиво сўзининг араб тилидаги ифодаларидан яна бири «истиқрор» – қарор топиш маъносидир. Аллоҳ таолонинг «Муъминун» сурасининг йигирма саккизинчи оятида келган «истиво» лафзи мана шу маънони англатган:«Бас, сен ва ўзинг билан бирга бўлганлар кемада (истиво қилсангиз) қарор топсангиз…» Яъни, истиво излагани истиқрор топсангиз, деганидир.«Зухруф» сурасининг ўн учинчи оятида ҳам худди шу маънода келган: «Токи, сиз уларнинг устига (истиво қилгайсиз) ўрнашгайсизлар, сўнгра, уларнинг устига ўрнашиб олгач, Роббингиз неъматини эслаб…»6. Истиво лафзининг араб тилидаги маъноларининг олтинчиси – «боғланиш», «тўлиш», «бир-бирига ўхшаш» маъноларидир. Бу маънолар Саълаб қабиласи адабиётидан олинган бўлиб, уларда бу сўз «иставал важҳу» шаклида келиб, «важҳ истиво қилди», яъни «иттасала» - «боғланди» деган маънода қўлланган экан.Яна бу сўз тўлин ойга нисбатан «иставал қамару», яъни «ой тўлишди» деган маънода ҳам ишлатилар экан.Шунингдек, «истава фуланун ва фуланун» дейилса, «фалончи билан пистончи бир-бирларига ўхшашди» деган маънони англатар экан.7. «Истиво» сўзининг араб тилида ифодаланадиган маъноларидан еттинчиси «иқбол» («юзланиш»), «суъуд» («юқорига кўтарилиш») ва «амд» («қасд қилиш») маъноларидир. Араб тилидаги «истава ила самааи» ибораси «осмонга чиқди» ёки «осмонни қасд қилди» ёҳуд «осмонга юзланди» ёки «унга эга бўлди» маъноларини билдиради.Луғат илми уламолари «Арабларда ушбу маъноларни бир-бирининг ўрнига ишлатиш мумкин», дейдилар.«Истава ъалал арш» бирикмаси Қуръони каримнинг олтита оятида келган. 1. Шулардан биринчиси «Аъроф» сурасининг эллик тўртинчи ояти.«Албатта, осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнгра аршни эгаллаган Роббингиз кеча ила кундузни қоплайдир”.2. Иккинчиси «Юнус» сурасининг учинчи ояти.“Албатта, Роббингиз осмонлару ерни олти кунда яратган, сўнг, аршни эгаллаган Аллоҳдир”.3. Учинчиси «Тоҳо» сурасининг тўртинчи-бешинчи оятлари.“У, ерни ва юксак осмонларни яратган Зотдан нозил бўлгандир. У – Роҳман аршни эгаллади".4. Тўртинчиси «Фурқон» сурасининг эллик тўққизинчи ояти.“У осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни олти кунда яратган, сўнгра аршни эгаллаган зотдир. У Роҳмандир. Бас, ўша ўта Хабардордан сўра”.5. Бешинчиси «Сажда» сурасининг тўртинчи ояти.“Аллоҳ осмонлару ерни ва улар орасидаги нарсаларни олти кунда яратиб, сўнгра аршни эгаллаган зотдир. Сиз учун ундан ўзга дўст ҳам, шафоатчи ҳам йўқдир".6. Олтинчиси «Ҳадид» сурасининг тўртинчи оятидир.“У, осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршни эгаллаган зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима чиққанини ҳам биладир".Мусулмон уламолар ушбу оятларда келган истиво сўзидан мурод нима экани тўғрисида ихтилоф қилганлар. Лекин ихтилоф қилишдан олдин барча уммат уламолари бу масалада қуйидаги нуқталарда иттифоқ қилишган. 1. Мусулмон уламолари ушбу масалаларда иттифоқ қилган нарсаларнинг биринчи нуқтаси қуйидагича:Албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқа ҳамма нарса янги пайдо бўлгандир. Шу жумладан, Арш ҳам янги пайдо бўлган нарса, яъни азалий нарса эмас. Имом Байҳақий «Ал асмаа ва сифат» деган китобда шундай ёзадилар: «Тафсир аҳлининг қавллари иттифоқ қиладики, албатта, Арш сўрига ўхшаган нарсадир. Албатта, у жисмдир ва уни Аллоҳ таоло яратган ва фаришталарига уни кўтаришни амр қилган, уни улуғлаб, тавоф қилишни ҳам буюргандир. Шунингдек, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ер юзида ҳам Байтуллоҳни халқ қилган (яратган) ва бани Одамни уни тавоф қилишга ва намозда унга юзланишга амр қилган. Подшоҳнинг тахти арабларда Исломдан олдин ҳам, Исломдан кейин ҳам арш деб аталгани маълум ва машҳурдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Юсуф» сурасининг юзинчи оятида: «Ва ота-онасини аршга кўтарди», яъни «тахтга ўтказди», деган.Яна Аллоҳ таоло «Намл» сурасининг ўттиз саккизинчи оятида: «Сизлардан қай бирингиз менга унинг Аршини келтирур?» деган.Таёлисий, имом Аҳмад, имом Термизий, Ибн Можа, Ибн Жарир, Ибнул Мунзир, Байҳақийлар «Ал Асмаа ва сифат» деган бобда Абу Разийн Уқайлийдан ривоят қиладилар:«Биз: «Ё Аллоҳнинг Росули, Аллоҳ таоло осмонлару ерни яратишдан олдин қаерда эди?», деб сўрадик. Бас, У зот:«У «аъло» деган жойда эди. Остида ҳам, устида ҳам ҳаво йўқ эди. Сўнг Аршини сув устига халқ қилди», дедилар».Мана шу айтиб ўтилган матнлар Аршнинг янги яратилган нарса эканига, қадимий, азалий нарса эмаслигига далолат қилади.2. Мусулмон умматининг уламолари бу масалада иттифоқ қилган иккинчи нуқта қуйидагича: Улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг қадим эканлигига иттифоқ қилганлар. Аллоҳнинг мавжуд бўлишининг бошланиши йўқдир. Агар шундай бўладиган бўлса, Аллоҳ таоло «янги пайдо бўлган» нарсага айланиб қолади. У ҳолда Уни пайдо қилувчига муҳтожлиги сезилади. Бундай ҳолатда айланиш – «тасалсул» лозим бўлиб қолади. Бу икки нарса ҳам ақлий ижмоъ ила ботил нарса, деб эътиқод қилинган.3. Мусулмон умматининг уламолари ушбу масалада иттифоқ қилган учинчи нуқта:Албатта, Аллоҳ таоло янги пайдо бўлган нарсаларга тамоман хилофдир, улардан мутлақо бошқачадир, чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи «Шууро» сурасининг ўн биринчи оятида «У зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир», «Марям» сурасининг олтмиш бешинчи оятида «Сен Унга тенгдошни билурмисан?»«Ихлос» сурасининг тўртинчи оятида «Ва Унга тенг бўлган бирор кимса йўқдир», деган Бас, шундай экан, Аллоҳ таоло жисм ҳам эмас, жисмдаги ҳолат ҳам эмас, жавҳар ҳам эмас, Арш ҳам эмас ва Арш устида қарор топган ҳам эмас, осмонда ҳам эмас ва бирорта жиҳатда ҳам эмас. Унга замон ҳам таъсир қилмайди. Махлуқларга бериладиган шунга ўхшаш сифатлардан бирортаси Аллоҳ таолога тўғри келмайди. Чунки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу нарсаларнинг барчасини Ўзи яратгандир, уларнинг Холиқидир. Уларнинг яралишидан аввал Ўзи мавжуд бўлгандир ва улардан беҳожатдир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларнинг барчасининг яратилишидан олдин қандай сифатга эга бўлган бўлса, шундай ҳолидадир.4. Мусулмон умматининг уламолари бу масалада иттифоқ қилган тўртинчи нуқта:Оят ва ҳадисларда Аллоҳга ўхшашликни ифода қиладиган ҳар бир матнни сиртқи маъносидан бошқа тарафга буриш кераклиги. Сиртқи кўринишда Аллоҳга кейин пайдо бўлганлик сифатини берадиган ҳар қандай маънони кесиш кераклиги ва Аллоҳнинг қадим экани, кейин пайдо бўлган мавжудотларга мухолиф, тамоман улардан бошқача эканлигига иттифоқ қилиш керак.«Ундай бўлса, Қуръонда, ҳадисда келган «Аршга истиво қилиш»дан мурод нима?» деган савол пайдо бўлиши мумкин. Агар биз матнларда, оят ва ҳадисларда келган ибораларнинг зоҳирига қараб, сиртқи маънони берадиган бўлсак, «Аллоҳ таоло Аршда қарор топган, унинг устига чиқиб ўтирган» деган маъно келиб чиқади. Чунки, ушбу оятлардаги «истиво» сўзининг орқасидан келган ҳарфи жар - «аъла» сўзи мана шу маънони ифода қилади. Мисол учун, «Муъминун» сурасининг йигирма саккизинчи оятида Аллоҳ таоло: «Бас, сен ўзинг билан бирга бўлганлар кемада қарор топсангиз», яъни «истиво қилсангиз», «чиқсангиз», деган.«Зухруф» сурасининг ўн учинчи оятида:«Токи, сиз уларнинг устига ўрнашгайсизлар, сўнгра, уларнинг устига ўрнашиб олгач…» деб марҳамат қилган.Агар мана шу каби «истава аъла» шаклида келган оятларнинг маъносини «чиқди, ўтирди» деб таржима қилсак, Холиқ субҳанаҳу ва таолонинг зотига лойиқ бўлмай қолади. Масалан, «Аллоҳ таоло кейин пайдо бўлган» (Наъузубиллаҳ!), дейишга тўғри келиб қолади ва бундан «кейин пайдо бўлган махлуқотларга боғланади», деган маъно, бундан эса «Арш кейин пайдо бўлган, уни Аллоҳ таолонинг Ўзи халқ қилган, ана шу Ўзи пайдо қилган нарсанинг устига Ўзи чиқиб ўтиради», деган маънолар келиб чиқади. Шу билан бирга, агар ўтирадиган бўлса, Аллоҳ таоло жисмдан иборат бўлиб қолади, чегараланган бўлиб қолади, бир нарсанинг устида юрадиган, бир нарсанинг устига чиқса, ўша нарса Уни кўтарадиган ҳолга келиб қолади. Шунинг учун бу каби қуръоний лафзларга сиртдан, зоҳиран маъно беришнинг ҳеч қандай имкони йўқ, акс ҳолда Аллоҳ таолога нисбат бериш мутлақо мумкин бўлмаган маънолар келиб чиқади. Мусулмон умматининг аввалгию ҳозирги барча уламолари иттифоқ қилиб, шунга ўхшаш оятларга сиртидан маъно бермаслик керак деганлар. Акъ ҳолда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зотига тўғри келмайдиган гаплар чиқиб қолиши мумкин. Шунинг учун буни қаттиқ кесиб, тўхтатиш лозим бўлади. Унда бу оятлар маъноси ҳақидада мусулмон уламолар икки мазҳабга бўлинганлар.Биринчи мазҳаб аввал ўтган, қадимги уламоларнинг мазҳаби бўлиб, ушбу оят ва ҳадисларга қандай келган бўлса, шундай тарзда таслим бўлинади. Ундан нимани мурод қилганини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзига тафвийз - ҳавола қилинади ва шу билан бирга, у Зот таолони Ўзига лойиқ бўлмаган барча сифатлардан поклашга ҳаракат қилинади. Истиво тўғрисида мана шу мазҳабни тутиб ўтган уламоларнинг баъзи бир сўзлари ҳам нақл қилинади:Умму Салама розияллоҳу анҳадан нақл қилинган қавлга кўра, у киши «Истиво – номаълум эмас, лекин унинг кайфияти маъқул эмас, яъни номаълум, унга ақл етмайди. Аммо истивога иқрор бўлиш иймондир, уни инкор қилиш куфрдир», деган эканлар.Робийъа ибн Абдурроҳмандан сўрабдилар:«Аршга истиво қандайдир?»У киши айтибди:«Истивонинг борлиги мажҳул эмас, унинг кайфи маъқул эмас, (яъни қандай кайфиятда экани ақлга сиғмайди). Аллоҳнинг зиммасида Пайғамбарни юбориш, Пайғамбарнинг зиммасида етказиш, бизнинг зиммамизда таслим бўлишдир».Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ривоят қилинади:«Биз Моликнинг ҳузурида эдик. Бас, бир одам кирди ва қуйидагиларни айтди:«Ё Абу Абдуллоҳ, «Роҳман Аршга истиво қилди». Қандай истиво қилди?» Бас, Молик бошини қуйи солиб турди, уни титроқ босди. Сўнгра бошини кўтариб:«Роҳман Аршга истиво қилди. Ўзи уни қандай сифатлаган бўлса, шундай бўлди. Қандай бўлди, деб сўралмайди. Унинг кайфияти маълум эмас. Сени бидъатчидан бошқа нарса эмас, деб ўйлайман. Олиб чиқинглар буни», деди». Бошқа бир ривоятда имом Молик шундай деганлар:«Истиво маълум, кайфияти мажҳул, унга иймон келтирмоқ вожиб, у ҳақда савол сўрамоқ бидъатдир. Мен сени аҳли залолатдан деб биламан», деди ва уни ҳайдаб чиқаришга буйруқ берди.Имом Моликнинг бу гапларидан истиво – маълум нарса, яъни Қуръонда келган, хабари бор, ҳамма биладиган нарса экани тушунилади.Имом Шофеъийдан килинган ривоятда у киши айтган эканлар:«Истиво зикр қилинган (яъни, Қуръонда зикри келган). Лекин унинг кайфияти мажҳул. Унинг кайфияти қандай экани номаълум (яъни, биз унинг маъносини билмаймиз, бундай нарсаларнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади)».Имом Аҳмаддан шу масала хусусида сўралганда у киши:«Истиво Аллоҳ қандай хабар берган бўлса, шундайдир. Кишиларнинг хотирасига келган нарса эмасдир», деган эканлар.Имом Жаъфар Содиқдан бу ҳақда сўралганда у киши:«Ким «Аллоҳ таоло бир нарсанинг ичида», деса ёки «бир нарсадандир», деса ёки «бир нарсанинг устидадир», деса, батаҳқиқ ширк келтирган бўлади. Агар Аллоҳ таоло бир нарсанинг устида бўлса, кўтариладиган нарсага айланиб қолар эди. Агар бир нарсанинг ичида бўлса, атрофи ўралган нарсага айланиб қолар эди. Агар бир нарсадан бўлса, янги пайдо бўлган нарса бўлар эди», деганлар.Зуннун Мисрийдан бу ҳақда сўралганда у киши:«Роҳман азалдан бордир, Арш янги яралгандир ва Арш Роҳманга тенглашгандир», деганлар.Имом Шофеъийдан бу масала ҳақида сўралганда у киши:«Мен ўхшатмасдан иймон келтирдим, мисол келтирмасдан тасдиқ қилдим, уни идрок этишда ўзимни озиж билдим ва бу масалага шўнғишдан ўзимни тутдим», деганлар.Қуръони каримда келган истиво тўғрисидаги оятларнинг маъноси ҳақида мусулмон уламоларининг иккинчи мазҳаби Халаф мазҳаби дейилади. Бу кейин ўтган уламоларнинг мазҳаби бўлиб, унда ушбу оятлар далолат қиладиган маъноларга, яъни Қуръони Карим араб тилида тушганини эътиборга олиб, таъвил қилиш керак, дейишади. Аввал ўтган уламолар каби, ушбу мазҳабнинг уламолари «Бу маънони Аллоҳ таолонинг Ўзига тафвийз - ҳавола қилайлик», деган фикрни айтишмайди. Уларни бундай йўл тутишга мажбур қилган нарса ўша уламолар яшаб турган замонда йўлдан адашган баъзи бир фирқаларнинг мавжуд бўлганидир. Мисол учун, Аллоҳни Ўзи яратган махлуқотларига ўхшатувчилар, яъни Мушаббиҳа мазҳаби ва яна Аллоҳга жисм нисбатини берадиган Мужассима деган мазҳаблар бўлган. Ана шу мазҳабдагилар оятларга сиртдан маъно бериб, Аллоҳ таолонинг жисми бор, дейишгача бориб етишган. Улар залолатда бўлганлари учун Аллоҳнинг жисми бор ёки Унинг макони бор, деган маъноларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бериш мумкин эмаслигини тушуниб етмаганлар.Чунки, ҳар бир макон ҳам янги пайдо бўлган нарсадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса ёлғиз Ўзи қадимдир, барча мавжудотларни ижод қилганидан олдин ҳам бор бўлгандир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ўша мавжудотларни яратгандан аввал ҳам ундан олдинги сифатида ўзгармай қолгандир.«Хўш, таъвилни қандай қиламиз?» деган савол қўйилганда халаф уламолар, яъни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Аршга истивоси ҳақидаги оятларни таъвил қиламиз, деган уламоларнинг баъзилари бир хил, иккинчилари бошқа хил фикрларни айтишган. Ана шулардан биттаси «Истивога «истийло», яъни Аллоҳ таоло қаҳр билан, ғалаба билан тадбир қилиш учун эгаллади, деган маънони беришимиз керак», дейди. Бу худди бир юртга раҳбар бўлган одам ўша юртдаги барча ишлар тадбирининг эгаси бўлиши кабидир, яъни истиво сўзи араб тилида «эга бўлиш» маъносидаги истийло деб ишлатиб келинганини далил қилиб келтиришади. Яна бошқа бир уламолар истийло маъносини эмас, истибно, яъни тугал қилиш маъносини олсак, яхши бўлади, дейишади. Мисол учун, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло кейин Аршни яратиб, охирига етказди, ундан кейин халқ қилинадиган нарса қолмади, деган маънони беришни таклиф қиладилар.Аҳли сунна ва жамоъанинг кўпчилиги истийло маъносини берганларини билиб қўйишимиз лозим бўлади.

Топ рейтинг www.uz Openstat