Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ой ёки қуёш тутилганда нима қилиш керак?

00:00 / 16.06.2011 | eski savollar | 4383

Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх ҳазратлари! Куни кеча бўлиб ўтган бир воқеа мени ажаблантирди. Гап шундаки, мен Тожикистонда кўп қаватли уйда яшайман. Ишдан толиқиб келиб, кечқурун ухлаб ётган эдим. Тўсатдан ташқаридан бир нарсанинг қаттиқ тақиллаётганини эшитиб, чўчиб уйғониб кетдим. Ажабланиб, деразадан қарасам, қўшни кўп қаватли уйнинг аёллари кўчага чиқиб олиб, бор кучлари билан темирларни тақиллатиб туришибди. Анчагача индамадим. Сабрим тугаб, «Эй аёллар, бас қилинглар! Бу нима қилганларинг ахир?! Ишдан чарчаб келганмиз, эртага яна ишга бориш керак!» деб бақирдим. Темир тақиллатганларининг сабаби ой тутилгани экан. «Сизларда қандай, билмадим-у, бизларда авваллари шундай ҳолларда шу иш қилинарди», дейишди. Ўзингиз ўйланг, ярим кечаси, соат 1.00 дан 3.30 гача ўнлаб одамлар бор кучлари билан темирларни уриб, тақиллатиб туришса, қандай ҳордиқ чиқариб бўлади? Икки ракъат намоз ўқиб, шу одамлар ҳаққига дуо қилдим ва яна уларга: «Эй одамлар, етар энди! Ундан кўра уйларингга кириб, намоз ўқинглар!» дедим. Жавобига эса: «Сен кофир уйингда ухлаб ётавер! Ой тутилса ҳам парвойи йўқ», деган ҳақоратларни эшитдим. Бир жаҳлим чиқар, бир кулгим келарди. Шу онда атрофимда жоҳил одамлар қанчалик кўплигини кўриб, сиқилдим. Бу кеча шайтон байрам қилди, деган фикр хаёлимдан ўтарди. Соат 3.30да ҳалиги аёллар дунёни балолардан қутқарган одамлардек уйларига тарқалиб кетишди. Мен эса бомдод намозигача ўйловларим билан ухлолмай ётиб, сизга ушбу мактубни ёзишга қарор қилдим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

- Ва алайкум ассалом! Одамлар ҳаётда рўй берадиган ҳодисаларга шариат асосида муносабат кўрсатишлари лозим. Бидъат, хурофот ва жаҳолат асосида эмас. Сиз келтирган мисол бу борадаги жоҳилликнинг бир кўринишидир. Агар бошқа халқ ва юртларга назар солсангиз, турфа ҳолатларни кўришингиз турган гап.

Шариатда эса энг тўғриси кўрсатилган. Ой ёки қуёш тутилганда қуйидаги маълумотларга амал қилиниши лозим.

عَنِ الْمُغِيرَةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: انْكَسَفَتِ الشَّمْسُ يَوْمَ مَاتَ إِبْرَاهِيمُ فَقَالَ النَّاسُ: انْكَسَفَتْ لِمَوْتِ إِبْرَاهِيمَ، فَقَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ آيَتَانِ مِنْ آيَاتِ اللهِ، لَا يَنْكَسِفَانِ لِمَوْتِ أَحَدٍ وَلَا لِحَيَاتِهِ، فَإِذَا رَأَيْتُمُوهُمَا فَادْعُوا اللهَ حَتَّى تَنْجَلِي». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ. وَفِي رِوَايَةٍ: «إِنَّ أَهْلَ الْجَاهِلِيَّةِ كَانُوا يَقُولُونَ: إِنَّ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ لَا يَنْخَسِفَانِ إِلَّا لِمَوْتِ عَظِيمٍ مِنْ عُظَمَاءِ أَهْلِ الْأَرْضِ، وَإِنَّهمَا لَا يَنْخَسِفَانِ لِمَوْتِ أَحَدٍ وَلَا لِحَيَاتِهِ، وَلَكِنَّهُمَا خَلِيقَتَانِ مِنْ خَلْقِهِ يُحْدِثُ اللهُ فِي خَلْقِهِ مَا يَشَاءُ، فَأَيُّهُمَا انْخَسَفَ فَصَلُّوا حَتَّى يَنْجَلِيَ». 

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Иброҳим ўлган куни қуёш тутилди. Одамлар: «Иброҳим ўлгани учун тутилди», дедилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуёш ва ой Аллоҳнинг оят(аломат)ларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлгани учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Қачонки улар(тутилгани)ни кўрсангиз, то очилиб кетгунча Аллоҳга дуо қилинглар», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бошқа бир ривоятда эса:

«Жоҳилият аҳли «Қуёш ва ой фақат ер аҳли улуғларидан бирининг ўлими учунгина тутилади», дер эдилар. Бу иккови бирор кишининг ўлими учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Лекин икковлари Аллоҳнинг махлуқларидан икки махлуқдирлар. Аллоҳ Ўз махлуқида нимани хоҳласа, шуни пайдо қилур. Икковларидан қайси бири тутилса, то очилиб кетгунча намоз ўқинглар», дейилган.

Иброҳим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Миср подшоси Муқовқис томонидан у зотга ҳадя қилинган чўрилари Мория Қибтия розияллоҳу анҳодан туғилган ўғилларидир. Иброҳим ҳижрий ўнинчи санада ўн саккиз ойлик бўлганида вафот этган. Бақийъга дафн қилинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биз сенинг ўлимингдан маҳзунмиз, эй Иброҳим», деб, овоз чиқармай, кўзларидан ёш оқизиб йиғлаганлар.

Ушбу ҳадиси шарифнинг иккала ривоятини қўшиб ўрганадиган бўлсак, унда жоҳилият пайтида мавжуд бўлган нотўғри эътиқодлардан бирини тўғрилаш содир бўлганини билиб оламиз.

Ислом дини инсониятнинг барча жоҳилий ақийдаларига барҳам берган. Ушбу ривоятдан жоҳилият даврида табиий ҳодисалар ҳақида ҳам нотўғри эътиқод ва тасаввурлар мавжуд эканлигини билиб олмоқдамиз. Жоҳилият аҳли қуёш ёки ой тутилса, бирор улуғ одам туғилгани ёки ўлгани учун тутилмоқда, деб эътиқод қилишар экан.

Ана ўша эътиқод таъсирида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳим вафот этган куни қуёш тутилганда одамлар: «Қуёш улуғ пайғамбарнинг ўғли Иброҳим ўлгани учун тутилди», деб гап тарқатишди. Кишиларда шундай тасаввур мавжуд. Улар ўз улуғлари шарафини ошириш учун баъзи бир табиий ҳодисаларни ҳам ўша улуғларга боғлаб кўрсатишга ҳаракат қиладилар. Агар ўша улуғ сохта бўлса, бундай тасарруфлардан хурсанд бўлади. Ҳатто ўзида шундай хислат борлигини даъво ҳам қилади. Ҳеч бўлмаса, ўзининг ғурурланиши билан одамларнинг «Фалончи келгани учун қуёш чиқиб кетди», «У бўлди, бу бўлди», дейишларига шароит яратиб беради.

Аммо ҳақиқий улуғ зот ўзининг кимлигини билса, Аллоҳнинг бандаси эканлигини тўлиқ ҳис қилса, бундай ноўрин гап-сўзларга йўл қўймайди, ҳамма нарсани очиқ-ойдин айтади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқатда улуғларнинг улуғи бўлганлар. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга барча пайғамбарларга берган мўъжизалардан ҳам кўпроқ мўъжизаларни берган. Айни мавзу бўйича гапирадиган бўлсак, мушрикларнинг талаби ила осмондаги ойни Аллоҳ таолога дуо қилиб, иккига бўлиб кўрсатганлар. Шундай бўлгандан кейин у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафларига табиатда баъзи ўзгаришлар бўлиши ҳеч гап эмас эди. Жумладан, жигаргўшаси Иброҳимнинг ўлими муносабати ила қуёш тутилиши ғариб иш эмас эди. Лекин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга сохта обрў керак эмас, аксинча, ҳамма нарса ўз ҳолича бўлиши лозим эди. Шунинг учун ҳам одамларнинг қуёш тутилиши ҳақидаги нотўғри гапларини дарҳол тузатдилар. «Қуёш ва ой Аллоҳнинг оят(аломат)ларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлгани учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар...» дедилар».

«Оят» сўзи белги, аломат, мўъжиза маъноларини англатади. Шу маънода қуёш ва ой ҳам Аллоҳнинг оятлари, У Зотнинг Биру Борлигининг белгилари, аломатлари эканлиги, Аллоҳнинг ҳар нарсага қудрати етишини тасдиқловчи мўъжизалари эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Қуёш билан ойнинг борлигининг ўзи уларнинг осмонда туришлари, маълум вақтда чиқиб, маълум вақтда ботишлари, иситиб, нур сочишлари, дунёга берилаётган сонсиз-саноқсиз фойдаларининг ҳар бири алоҳида бир битмас-туганмас мўъжиза, Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига, Қодиру Мудаббирлигига белги-аломатдир.

«Лекин икковлари Аллоҳнинг махлуқларидан икки махлуқдирлар. Аллоҳ ўз махлуқида нимани хоҳласа, шуни пайдо қилур»,

Қуёш билан ой ҳар қанча улкан бўлсалар ҳам, ҳар қанча аниқ ҳаракатда бўлсалар ҳам, ҳар қанча кўп фойда-манфаат бераётган бўлсалар ҳам, баъзи бир қавмлар эътиқод қилганларидек, Худо эмаслар. Балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек, Аллоҳ таолонинг махлуқларидан – яратган нарсаларидан иккиси, холос. Аллоҳ таоло эса Ўз махлуқларида нимани хоҳласа, ўшани жорий қилади. Жумладан, хоҳлаган пайтда қуёшни ёки ойни тутилтиради. Шундай улкан нарсалар ҳам тутилиб, асл ҳолидан бошқа бир ҳолга тушиб, ҳолатининг ёмонлашуви ожиз бандаларнинг эътиборини тортиши аниқ. Чунки қуёш ва ойдаги бу ўзгариш дунёнинг бутунлай издан чиқиб кетишига, ҳатто қиёмат қоим бошланиб кетишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар қуёш ва ойнинг тутилишини кўришлари билан Аллоҳ таолонинг қудратига тан бериб, У Зотга ёлвориб дуо қилишлари, намоз ўқишлари керак. Мазкур дуо ва намозлар то тутилган қуёш ёки ой очилиб кетгунича давом этиши лозим.

Табиатдаги улкан нарсалар бўлмиш қуёш ва ойнинг тутилиши, ўзларининг оддий ҳолатидан чиқиб, ноқулай ҳолатга тушиб қолиши беҳикмат эмас. Қуёш ва ойнинг тутилиши бир неча ибратларга далолат қилади:

1. Қуёш ва ойни Аллоҳ таоло Ўз тасарруфида тутиб туриши.

2. Қуёш ва ойни Худо деб эътиқод қилувчиларнинг эътиқоди асоссиз эканлиги. Агар иккови ёки бири Худо бўлганида ҳам тутилмас эдилар.

3. Ғофил қалблар бундай ҳодисадан чўчиб уйғониши.

4. Қиёмат шу тарзда бошланиши мумкинлигини эслаш.

Демак, биз, мусулмонлар ушбу ҳадисдан энг аввало эътиқод бобида ибрат оламиз. Қолаверса, қуёш ва ой тутилганида шариатимиз амри бўйича дуо қилиб, намоз ўқишимиз кераклигини билиб оламиз. Мазкур дуо ва намоз қандай бўлиши келгуси ҳадисларда келади.

КУСУФ НАМОЗИГА ЧАҚИРИШ


عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا كَسَفَتِ الشَّمْسُ عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نُودِيَ: إِنَّ الصَّلَاةَ جَامِعَةٌ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилганида «Жамоат намозига!» деб нидо қилинди».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуёш тутилганида жамоат намози ўқилиши.

2. Қуёш тутилгани учун ўқиладиган намозга «Жамоат намозига!» деб нидо қилиниши.

КУСУФ НАМОЗИНИНГ ТУРЛАРИ


عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَانْكَسَفَتِ الشَّمْسُ، فَقَامَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَجُرُّ رِدَاءَهُ حَتَّى دَخَلَ الْمَسْجِدَ، فَدَخَلْنَا، فَصَلَّى بِنَا رَكْعَتَيْنِ حَتَّى انْجَلَتِ الشَّمْسُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Қуёш тутилиб қолди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб, ридоларини судраб, (шошиб) масжидга кирдилар. Биз ҳам кирдик. То қуёш очилиб кетгунича икки ракъат намоз ўқиб бердилар».

Бухорий ва Насоий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: «Ушбу намозингизга ўхшаган икки ракъат намоз ўқидилар», дейилган.

Жумҳур уламолар наздида кусуф намози суннатдир. Ҳанафий мазҳаби ушбу ҳадисни олиб, «Кусуф намози ҳам бошқа нафл намозларга ўхшаган бўлади», дейди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуёш тутилганида ташвишга тушиб, намоз ўқишга шошилиш зарурлиги. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

2. Масжидда жамоат билан икки ракъат намоз ўқиш кераклиги.

3. Кусуф намози қуёш очилгунича давом этиши.


عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ: خَسَفَتِ الشَّمْسُ فِي عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَامَ فَصَلَّى بِالنَّاسِ فَأَطَالَ الْقِيَامَ، ثُمَّ رَكَعَ فَأَطَالَ الرُّكُوعَ، ثُمَّ قَامَ فَأَطَالَ الْقِيَامَ وَهُوَ دُونَ الْقِيَامِ الْأَوَّلِ، ثُمَّ رَكَعَ فَأَطَالَ الرُّكُوعَ وَهُوَ دُونَ الرُّكُوعِ الْأَوَّلِ، ثُمَّ سَجَدَ فَأَطَالَ السُّجُودَ، ثُمَّ فَعَلَ فِي الرَّكْعَةِ الثَّانِيَةِ مِثْلَ مَا فَعَلَ فِي الْأُولَى، ثُمَّ انْصَرَفَ وَقَدِ انْجَلَتِ الشَّمْسُ فَخَطَبَ النَّاسَ فَحَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: «إِنَّ الشَّمْسَ وَالْقَمَرَ آيَتَانِ مِنْ آيَاتِ اللهِ، لَا يَنْخَسِفَانِ لِمَوْتِ أَحَدٍ وَلَا لِحَيَاتِهِ، فَإِذَا رَأَيْتُمْ ذَلِكَ فَادْعُوا اللهَ وَكَبِّرُوا وَصَلُّوا وَتَصَدَّقُوا»، ثُمَّ قَالَ: «يَا أُمَّةَ مُحَمَّدٍ، وَاللهِ مَا مِنْ أَحَدٍ أَغْيَرُ مِنَ اللهِ أَنْ يَزْنِيَ عَبْدُهُ أَوْ تَزْنِيَ أَمَتُهُ، يَا أُمَّةَ مُحَمَّدٍ، وَاللهِ لَوْ تَعْلَمُونَ مَا أَعْلَمُ لَضَحِكْتُمْ قَلِيلًا وَلبَكَيْتُمْ كَثِيرًا». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: ثُمَّ رَفَعَ رَأْسَهُ فَقَالَ: «سَمِعَ اللهُ لِمَنْ حَمِدَهُ، رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қуёш тутилди. У зот туриб, одамларга намоз ўқиб бердилар. Қиёмда узоқ турдилар. Сўнг рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Кейин тикланиб, қиёмда узоқ турдилар. Бу биринчи қиёмдан озроқ эди. Сўнгра рукуъ қилиб, рукуъда узоқ турдилар. Бу биринчи рукуъдан озроқ эди. Сўнгра сажда қилиб, саждада узоқ турдилар. Кейин иккинчи ракъатда ҳам биринчи ракъатда қилганларига ўхшаш қилдилар. Сўнг (намозни) тугатдилар. Ўшанда қуёш очилган эди. Ундан кейин одамларга хутба қилдилар. Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан кейин: «Қуёш ва ой Аллоҳнинг оятларидан икки оятдир. Улар бировнинг ўлими учун ёки ҳаёти учун тутилмайдилар. Қачон ўшандоқ бўлганини кўрсангиз, Аллоҳга дуо қилинг, такбир айтинг, намоз ўқинг ва садақа қилинг», дедилар.

Сўнгра яна: «Эй Муҳаммад уммати! Аллоҳга қасамки, ҳеч ким ўз бандасининг ёки чўрисининг зино қилишига Аллоҳчалик рашк қилмайди. Эй Муҳаммад уммати! Аллоҳга қасамки, агар мен билганни билганингизда, оз кулиб, кўп йиғлар эдингиз», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бошқа бир ривоятда:

«Кейин бошларини кўтариб, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Роббана лакал ҳамд», дедилар», дейилган.

Оиша онамизнинг ушбу ҳадисларини ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар кусуф намози қандай ўқилишига далил қилиб олганлар. Кўриниб турибдики, бу турдаги кусуф намозида бир ракъатда икки қиём, икки рукуъ, икки қироат ва икки сажда бор.

Биринчи қироат ва қиём узун бўлади. Мазкур намозда иштирок этганлар Бақара сурасини ўқигунча муддат, деб тахмин қилганлар.

Иккинчи қиём ва қироат биринчисидан озроқ бўлади. Мазкур вақт Оли Имрон сурасини ўқигунча муддат, деб тахмин қилинган.

Шунингдек, биринчи рукуъдаги тасбеҳ ҳам узун айтилади. Бу Бақара сурасидан юз оят қироат қилгунча вақт, деб тахмин қилинган.

Иккинчи рукуъдаги тасбеҳ айтиш биринчисидан озроқ бўлади. Бу саксон оят тиловат қилингунча муддат, деб тахмин қилинади. Кейин рукуълар узунлигича икки сажда ҳам қилинади. Иккинчи ракъат ҳам худди биринчи ракъатга ўхшаган бўлади.

Ушбу ҳадисдан юқорида зикр қилинган фойдалардан ташқари қуйидаги фойдаларни оламиз.

1. Кусуф намозини қуёш очилиб кетгунича ўқиш.

2. Кусуф намозидан кейин хутба қилиш. Чунки одамлар ҳодисадан ҳаяжонланиб, таъсирланиб турганларида мавъизани яхши қабул қиладилар.

3. Хутба бошлашда Аллоҳга ҳамду сано айтиш зарурлиги.

4. Қуёш ёки ойнинг тутилганини кўрганда Аллоҳга дуо қилиш, такбир айтиш, намоз ўқиш ва садақа бериш лозим.

5. Зинонинг ўзи ёмон нарса эканлиги. Бир банда зино қилганида энг қаттиқ ғазабланадиган Зот Аллоҳ таоло эканлиги.

6. Агар одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаб, Аллоҳ гуноҳкорларни қандай азоблашини, қиёматда нималар бўлишини билганларида, кулмай, йиғлаб ўтишларига тўғри келиши.

7. Кусуф намозида ҳам рукуъдан бош кўтарганда «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ. Роббана лакал ҳамд», дейилиши.

Валлоҳу аълам.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat