Ассалому алайкум! Бир қариндошим суннат намозларини умуман ўқимайди. Шунга нима десам бўлади?
- Ва алайкум ассалом! Уламолар фарздан олдин ва кейин ўқиладиган суннатларни “Сунанул ҳудаа” яъни ҳидоят суннатлари, уни тарк қилишни эса залолат дейишади. У ҳақида “Жамоат билан намоз ўқиш сунанул ҳудаадандир, уни мунофиқгина тарк қилади” деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қавлларига ишора қилишади.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: حَفِظْتُ مِنَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَشْرَ رَكَعَاتٍ: رَكْعَتَيْنِ قَبْلَ الظُّهْرِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَهَا، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْمَغْرِبِ فِي بَيْتِهِ، وَرَكْعَتَيْنِ بَعْدَ الْعِشَاءِ فِي بَيْتِهِ، وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ صَلَاةِ الصُّبْحِ، كَانَتْ سَاعَةً لَا يُدْخَلُ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيهَا.
حَدَّثَتْنِي حَفْصَةُ: أَنَّهُ كَانَ إِذَا أَذَّنَ الْمُؤَذِّنُ وَطَلَعَ الْفَجْرُ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўн ракат намозни ёд олдим: икки ракат пешиндан олдин, икки ракат ундан кейин. Икки ракат шомдан кейин, уйларида. Икки ракат хуфтондан кейин, уйларида. Икки ракат бомдод намозидан олдин. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирилмайдиган пайт эди.
Ҳафсанинг менга айтишича, у зот тонг отиб, муаззин азон айтганда икки ракат намоз ўқиб олар эканлар».
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ لَا يَدَعُ أَرْبَعًا قَبْلَ الظُّهْرِ وَرَكْعَتَيْنِ قَبْلَ الْغَدَاةِ. تَابَعَهُ ابْنُ أَبِي عَدِيٍّ وَعَمْرٌو عَنْ شُعْبَةَ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиндан олдинги тўрт ракат, бомдоддан олдинги икки ракатни тарк этмас эдилар». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
Суннатларни адо қилиш Аллоҳнинг динига, шариатига эътибор қаратиш ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўлларига эргашиш ҳисобланади. Узрсиз уни таркида бардавом бўлиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини эътиборга олмаслик бўлиб қолади. Уламолар “равотиб суннатларни тарк қилувчини гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар. Имом Нававий “Ким фарзлардан олдинги ва кейинги суннатларни тарк қилишга ва рукуъ саждаларнинг тасбеҳларини тарк қилишга одатланса динини писанд қилмагани учун гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар. Уламолар “Мустаҳаб ва суннатлар фарзнинг қўриқчи ва тўлдирувчисидир. Ким мастаҳабга беэътибор бўлса суннатни қўлдан бой беради. Суннатга беэътибор бўлган фарзни бой беради” деганлар. Валлоҳу аълам!