Ассаламу алайкум! Ҳурматли Шайх Ҳазратлари, Авваламбор динни ўргатиш йўлидаги хизматларингизга Аллоҳ Таоло мадад берсин ва сизни бу ишингизда бардавом қилсин. Ҳурматли Шайх Ҳазратлари, сизга савол беришимдан мақсад, от гўштини ҳалол ёки ҳаром эканлигини билишдир ва бу мавзуга оид фатвони ўрганиш. Ман Ўзбекистонда бўлганимда бу мавзу ҳеч очилмаган эди. Ҳозир хориж давлатида бўлганим учун, дунёни бошқа мусулмон мамлакатларидан келган дўстларим бор ва улар билан шу масалада гаплашиб қолдик. Уларнинг сўзларига кўра, кўпгина мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда от гўшти ейилмас экан. Сабаби эса бироз тортишувли масала экан. Аммо ман бу саволга жавобни дўстларим билан тортишиш учун сўрамаяпман, фақат шу масалага қизиқиб қолдим ва келажакда от гўштига муносабатимни сизни жавобингизга кўра қиламан. Ажратган вақтингиз учун Аллоҳ сиздан рози бўлсин. ҳурмат билан Зафар Сафаев
- Ваалайкум ассалом! От гўшти ва сути ҳақида кишиларимиз ичида савол кўп бўлиши эътиборидан бу масалани алоҳида зикр қилиб ўтишни мақсадга мувофиқ деб топдик. Аввал иккита ҳадисни ўрганайлик.
عَنْ جَابِرٍ رضي الله عنه قَالَ: نَهَى النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم يَوْمَ خَيْبَرَ عَنْ لُحُومِ الْحُمُرِ وَرَخَّصَ فِي لُحُومِ الْخَيْلِ. رَوَاهُ الأُصُولُ الْخَمْسَةُ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни хонаки эшакларнинг гўштидан наҳий қилдилар ва йилқининг гўштига изн бердилар».
Беш асл китобда ривоят қилган.Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Хонаки эшакларнинг гўшти ҳаром эканлиги.
2. Йилқининг гўшти ҳалол эканлиги.
عَنْ أَسْمَاءَ قَالَتْ: نَحَرْنَا فَرَسًا عَلَى عَهْدِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم فَأَكَلْنَاهُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Асмаа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида от сўйдик ва уни едик».
Икки шайх ривоят қилган.Ушбулар ва яна шунга ўхшаш баъзи ривоятларга асосланиб жумҳур уламолари отнинг ҳалолиги ҳақида иттифоқ қилишган.
Аммо, Имом Абу Ҳанифа ва Имом Молик розияллоҳу анҳумолар от гўшти макруҳ, деганлар. Улар ўзларининг бу фатволарига «Наҳл» сурасидаги:
«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур», оятини далил қиладилар. Уларнинг фикрларича, ушбу ояти каримада зикр қилинган ҳайвонлар ейиш учун эмас, миниш ва зийнат учундир. Шунингдек, мазкур имомларимиз баъзи бир ҳадиси шарифларда ҳам отнинг гўштини тановул қилишга изн берилмаганлигини эслатиб ўтадилар.
Имом Абу Довуд ва имом Насаийлар Холид ибн Валид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам от, хачир ва хонаки эшакларнинг гўштини емоқдан қайтардилар», дейилган.
ал-Миқдом ибн Адий розияллоҳу анҳудан ҳам шу маънода ривоят келган.
Жумҳури улармолар жумладан, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг бош шогирдлари; Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳилар ҳам от гўшти ҳеч кароҳатсиз ҳалолдир, деганлар.
От гўштининг ҳалоллиги ҳақида қаттиқ турган уламоларимиз, мазкур гўштни емаслик ҳақида келган ҳадисларни, вақтинчалик, жиҳод учун от минишга ҳожат кучайганда айтилган гаплар бўлиб, кейинчалик, насх қилинган дейдилар.
Энг қизиғи, амалга келганда Ҳанафийлар жумҳурнинг, жумладан, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимларнинг фатволарига амал қилганлар. Шофеъийлар эса, Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг фатволарига амал қилганлар. Бу шариатимиздаги ҳур фикрлик ва кенчиликнинг бир намунасидир.