Шайх ҳазратлари! Анас ибн Моликнинг онаси Умму Сулаймнинг Набий алайҳиссаломга қариндошчилиги борми? Умму Сулайм Набий алайҳиссаломга маҳрамми? Чунки «Ҳадис ва Ҳаёт»нинг 19-жузида Набий алайҳиссалом ухлаётганларида терлаганлари ва Умму Сулайм розияллоҳу анҳо у зотнинг терларини сидириб олганлари ва ўша тердан хушбўйларга қўшишларини айтганлари тўғрисидаги ҳадисни ўқиб қолдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Сулайм розияллоҳу анҳога қариндошликлари Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг Бану Нажжорлик бўлганларидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тоғалари ўша уруғдан бўлганлар. Шу маънода Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хола ўрнида бўладилар.
Иккинчидан, Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг акалари урушда ўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу эътибордан ҳам Умму Сулайм розияллоҳу анҳони ўзларига яқин олар эдилар.
Ушбу ҳадисда зикр этилган Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг акасининг исми Ҳаром ибн Милҳон бўлиб, у киши Бадр ва Уҳудда иштирок қилган. Ҳижрий тўртинчи санада Биъри Маъунада вафот этган эди.
Умму Сулайм розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида алоҳида ишончга сазовор бўлганликлари учун у зот баъзи ўзига хос ишларда у кишига махсус топшириқлар ҳам бериб турар эдилар.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077