Ассалому алайкум! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мeрожда Аллоҳнинг жамолини кўрганмилар? Мумкин бўлса ўша ҳадисни кeлтирсангизлар.
Ва алайкум ассалом! Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бошлиқ бир гуруҳ саҳобалар олдинги гапга зид гапни айтганлар. Уларнинг ижтиҳодлари «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таолони кўрганлар», деган фикрга асосланган. Улар ўзларининг бу фикрларига Исро сурасидаги «Биз сенга кўрсатган рўёни фақат одамлар учун фитна қилдик, холос» деган оятни ҳам далил қиладилар. Аммо тўғрисини айтганда, бу ояти карима ҳақида муфассирлар кўплаб таъвилларни келтирган бўлсалар ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолони кўрганлари ҳақидаги гапга унча рози бўлмаганлар. «Шарҳи китоби ал Фиқҳул Акбар» номли китобда Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳи: «Аҳли сунна ва жамоанинг ижмои шулки, У Зот таолони бу дунёда кўз билан кўриш ақлан жоиздир ва охиратдагиси нақлан ва самъан собит ва воқеъдир. Бу дунёда шаръан жоизлиги ҳақида ихтилоф қилдилар. Кўпчилик уни собит дедилар. Бошқалар инкор қилдилар. Сўнгра уни бу дунёда собит, деганлар воқеъ бўлишини у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида хос бўлган, дедилар. Бу эса уламолар ва авлиёлар ўртасидаги хилофли масаладир. Тўғриси, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббларини қалблари билан кўрганлар, кўзлари билан эмас. Бу «Шарҳи ақоид» ва бошқа китобларда зикр қилинган», деган (Мана шу қавл Абдуллоҳ ибн Аббос ва бошқаларнинг қавлидир).(“Сунний ақийдалар” китобидан). Валлоҳу аълам!