- Ва алайкум ассалом!
عَنْ أَبِي جَمْرَةَ الضُّبَعِيِّ قَالَ: كُنْتُ أُجَالِسُ ابْنَ عَبَّاسٍ بِمَكَّةَ، فَأَخَذَتْنِي الْحُمَّى، فَقَالَ: أَبْرِدْهَا عَنْكَ بِمَاءِ زَمْزَمَ، فَإِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْحُمَّى مِنْ فَيْحِ جَهَنَّمَ، فَأَبْرِدُوهَا بِالْمَاءِ أَوْ قَالَ: بِمَاءِ زَمْزَمَ. شَكَّ هَمَّامٌ
Абу Жамра Зубаъийдан ривоят қилинади:
«Маккада Ибн Аббос билан ўтирган эдим. Бирдан мени иситма тутди. Шунда (Ибн Аббос): «Уни замзам суви билан совутиб, ўзингдан кетказ, чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иситма жаҳаннам тафтидандир. Шу боис уни сув билан [Ҳаммам: «Ёки «Замзам суви билан», деганлар» деб иккиланган] совутинглар», деганлар», деди». (“Олтин силсила” китобидан Саҳиҳул Бухорий).
Изоҳ: Бу истималарнинг ҳамма турига ҳам тегишли эмас. Баъзи ўринларда истима кирган инсон сувга тушса ўлимгача олиб бориши мумкин.
عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى أُمِّ السَّائِبِ فَقَالَ: مَا لَكِ يَا أُمَّ السَّائِبِ تُزَفْزِفِينَ؟ قَالَتْ: الْحُمَّى، لَا بَارَكَ اللهُ فِيهَا، فَقَالَ: لَا تَسُبِّي الْحُمَّى، فَإِنَّهَا تُذْهِبُ خَطَايَا بَنِي آدَمَ كَمَا يُذْهِبُ الْكِيرُ خَبَثَ الْحَدِيدِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Соибнинг ҳузурига кирдилар ва:
«Эй Умму Соиб, сенга нима бўлди, қалтираяпсан?» дедилар.
«Иситма! Аллоҳ уни баракасиз қилсин!» деди у.
«Иситмани сўкма. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг чиқиндисини кетказгандек кетказур», дедилар у зот».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан бир неча муҳим масалаларни ўрганиб оламиз.
Аввало, эркак киши бемор бўлиб ётган аёл кишини кўргани бориши мумкинлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умму Соиб розияллоҳу анҳони кўргани борганлари шунга далолат қилади.
Иккинчидан, мўмин-мусулмон одам ўзига етган беморликни сўкмаслиги кераклиги. Умму Соиб розияллоҳу анҳо ўзига етган иситма касалининг шиддатига чидай олмай, уни сўкишга тушганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол:
«Иситмани сўкма. У одам боласининг хатоларини худди босқон темирнинг чиқиндисини кетказгандек кетказур», деганларидан шу маълум бўлади.
Шу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муомалаларига алоҳида эътибор бермоғимиз лозим. У зот Умму Соиб розияллоҳу анҳога «Иситмани сўкма», дейиш билан кифояланмай, балки хасталикнинг ҳикматини ҳам баён қилмоқдалар.
«У одам боласининг хатоларини худди бос¬қон темирнинг чиқиндисини кетказгандек кетказур», демоқдалар.
Мусулмон инсон ўз гуноҳларини кетказадиган нарсани ҳам сўкиши мумкинми? Аксинча, бундай нарсага шукр қилмоғи керак бўлади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!