Ассалому алайкум! Марҳумларга бағишлаб Қуръон ўқиш ихтилофли масала эканлиги маълум. Рухсат берган фуқаҳолар ҳам қиёси саҳиҳга асосланиб рухсат беришган экан. Яъни бошқа далил йўқ, лекин шунда ҳам у рухсат бериш ҳозирдаги каби турли шаклларда бўлишига эмас, қаерда бўлса хам ўқиб бағишланса бўлди. Бир жойга бир домлани олиб келиб қўйиб, уч кун ўқи ёки қабрнинг устида ўқи, деган гап йўқ. Лекин рухсат бермаган фуқаҳоларимиз ихтилофли масалада Аллоҳ ва расулига қайтамиз деб, агар қайтсак бу ҳақида бирор-бир нарса йўқ, ваҳоланки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қанчадан-қанча одамни ўз қўллари билан қабрга қўйганлар, неча-неча одамларга жаноза ўқиганлар, ўлганларга нима яхшилик қилиш мумкин бўлган бўлса, барчасини қилганлар. Устозлар, бунга амал қилаётганларга ҳеч нарса демаслик шарти билан, шу ишга амал қилмасликка ҳаққимиз борми?
– Ва алайкум ассалом! Ўша ёзган нарсаларингизни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ сиз ва биздан яхши билганлар. Уларни жоиз деган шогирдлари ҳам аҳмоқ бўлишмаган. Амал қилиш- қилмаслик ихтиёрингиз. Бундай қилаётганларга таъна етказманг. “Ихтилофли масалада Аллоҳ ва расулига қайтамиз” деганларнинг гапидан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва у кишининг шогирдлари Аллоҳ ва расулига қайтишмаган деган гап чиқиб қолади. Улар ҳақида бундай хаёлга боришдан Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин. Валлоҳу аълам!