- Ва алайкум ассалом! Бундай қилиш оғир гуноҳ. Бу ширк бўлиб қолиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло “Шууро” сурасида марҳамат қилади:
لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاء يَهَبُ لِمَنْ يَشَاء إِنَاثًا وَيَهَبُ لِمَن يَشَاء الذُّكُورَ أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَانًا وَإِنَاثًا وَيَجْعَلُ مَن يَشَاء عَقِيمًا إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ
49. Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. У Зот хоҳлаган нарсасини яратур. У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур.
50. Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У ўта билувчидир, ўта қудратлидир.
Инсонга ҳамма нарсани фақат Аллоҳ таоло беришининг ёрқин намунаси фарзанд масаласида кўринади. Айни шу масалада инсон ўзининг ожизлигини хис этади. Ўз хоҳишига кўра бирон нарсани бор қила олмаслигини, балки доимо Аллоҳ таолонинг мадади ва иноятига муҳтож бўлиб туришини англаб етади.
«Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир».
Осмонларда ва ерда нимаики бўлса, ҳамма-ҳаммаси Аллоҳ таолонинг мулкидир.
«У Зот хоҳлаган нарсасини яратур».
Бу ишда У Зотнинг хоҳишига ҳеч ким тўсиқ бўла олмайди. Бутун борлиқнинг Молики – эгаси ва мутлақ Холиқи бўлган ўша Зот Ўз мулкидан хоҳлаган бандасига хоҳлаган нарсасини беради. Жумладан, фарзанд бериш масаласида ҳам
«У Зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур».
Агар ўғил ё қиз фарзанд кўриш ота-она хоҳишига кўра бўлганида, ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтдаги жоҳилий арабларда қиз фарзанд бўлмас эди. Чунки улар қиз фарзандни ёқтиришмасди. Ҳатто қизларини тириклай кўмиб ҳам ташлашарди. Ҳолбуки, баъзилар фақат қиз фарзандлар кўришади, ўғил фарзандга зор бўлиб юришади. Бу ҳол фарзанд фақат Аллоҳнинг хоҳиши билан ўғил ёки қиз бўлишини билдиради.
«...ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур».
Фақат ўғил фарзандлар кўриб, Аллоҳдан қиз сўраб юрган одамлар ҳам оз эмас.
«Ёки уларни жуфтлаб – ўғил-қиз қилиб берур…»
Аралаш фарзандлар кўриш одамлар ичида кўп тарқалган ҳолатдир.
«...ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур».
Бундайлар озчилик бўлиб, Аллоҳ таоло ибрат учун, фарзанд одамларнинг хоҳиши билан эмас, Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишини кўрсатиш учун шундай қилиб қўйган.
«Албатта, У ўта билувчидир, ўта қудратлидир».
Албатта, Аллоҳ ўта билувчи ва ўта қодир Зотдир.
Ҳамма нарсани билиб қилади. Жумладан, кимга қиз, кимга ўғил, кимга ўғил-қиз беришни ёки кимни туғмас қилишни ҳам Ўзи билади. Бу ишларга Унинг қудрати етади.
عن أبي سعيد الخدري رضي الله عنه: أن رسول الله صلى الله عليه وسلم كان إذا رفع رأسه من الركوع قال: "اللهم ربنا لك الحمد، ملء السموات والأرض، وملء ما شئت من شئ بعد، أهل الثناء والمجد، أحق ما قال العبد، وكلنا لك عبد، اللهم لا مانع لما أعطيت، ولا معطي لما منعت، ولا ينفع ذا الجد منك الجد
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъдан бошларини кўтарсалар:
اللهُمَّ رَبَّنَا لَكَ الحَمْدُ مِلْءَ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَمِلْءَ مَا شِئْتَ مِنْ شَيْءٍ بَعْدُ أَهْلَ الثَّنَاء وَالْمَجْدِ أَحَقُّ مَا قَالَ العَبْدُ وَكُلُّنَا لَكَ عَبْدٌ، اللهُمَّ لاَ مَانِعَ لِمَا أَعْطَيْتَ وَلاَ مُعْطِيَ لِمَا مَنَعْتَ وَلاَ يَنْفَعُ ذَا الْجَدِّ مِنْكَ الْجَدُّ
«Аллоҳумма роббана лакал ҳамду мил`ас самаваати вал арзи ва мил`а ма ши`та мин шай`ин баъду, аҳлас санаи вал мажди. Аҳаққу маа қолал ъабду ва куллуна лака ъабдун. Аллоҳумма лаа маниъа лимаа аътойта ва лаа муътийа лимаа манаъта ва лаа йанфаъу зал жадди минкал жадд», дер эдилар.
(Маъноси: Эй Аллоҳим, Сенга еру осмон тўлалигича ва ундан кейин нимани хоҳласанг, ўшанинг тўлалигича ҳамд бўлсин. Эй Аллоҳ Сен сано ва улуғлик аҳлидансан. Банда айтадиган нарсага ҳақлироқсан. Ва барчамиз Сенга бандамиз. Эй Раббим, Сен берган нарсани манъ қилувчи йўқ. Сен манъ қилган нарсани берувчи йўқ. Ҳузурингда бойлик эгасига бойлиги фойда бермас.)
Имом Муслим ривоятлари. Валлоҳу аълам!