Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари. Аср намозини ўз вақтида ўқимаслик оғир гуноҳ ҳисобланиши ҳақида бир ҳадис эшитдим. Шу ҳадис қанчалик саҳиҳлигини билмоқчи эдим. «Бир аёл Набиййимиз алайҳиссаломнинг олдиларига келиб, оғир гуноҳ қилиб қўйганлигини, бунинг каффоратини айтишларини сўраб: «Мен зино қилиб қўйдим ва зинодан бола туғдим, буни беркитиш учун болани ўлдирдим ҳамда ўликни сиркада эритиб, йўқ қилдим. Бунинг устига, нафсга эргашиб, сиркани сотиб юбордим», дебди. Буни эшитган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шуми?! Мен эса сенинг ваҳимангдан Аср намозини ўқимабсан, деб ўйлабман», дедилар».
Муҳтарам Шайх ҳазратлари, наҳот Аср намозининг қазоси шу даражада гуноҳи кабийра бўлса!? Илтимос, шунга жавоб берсангиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
- Ва алайкум ассалом! Бундай ҳадис йўқ.
Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда бомдод ва аср намозларига алоҳида эътибор берилган. Бунинг боиси бор, албатта. Аввало, бу икки намоз ер юзига муҳофаза учун тушиб-чиқиб турадиган фаришталар алмашинадиган вақтда ўқилади. Ўша алмашинишдан кейин чиққан фаришталардан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: «Бандаларимни қай ҳолда тарк этиб келдингиз?» деб сўрайди.
Шунинг учун ўша вақтларнинг намозини ўқиб турган бандалар катта фазлга эга бўладилар. Шунингдек, бомдод намози ширин уйқу ва дам олиш пайтида, аср намози одамлар маишат учун роса уриниб турган пайтда ўқилади. Ким бу икки намозни ширин уйқуси ва маишатидан кечиб, ўз вақтида адо этса жаннатга киради.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ؛ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ فَاتَتْهُ الْعَصْرُ فَكَأَنَّمَا وُتِرَ أَهْلَهُ وَمَالَهُ. رَوَاهُالْأَرْبَعَةُ.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аср намозини ўтказиб юборса, гўёки аҳлини ва молини йўқотибди», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Бу ҳадисда аср намози инсон учун аҳли аёли ва молу дунёси каби қимматли эканлиги ҳақида сўз бормоқда. Бир вақт асрни ўқимаган одам аҳли аёлини ва мол-дунёсини йўқотган одамдек қайғуриши лозимлиги таъкидланмоқда.
عَنْأَبِي الْمَلِيحِ قَالَ: كُنَّامَعَ بُرَيْدَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ فِيغَزْوَةٍ فِي يَوْمٍ ذِي غَيْمٍ فَقَال: بَكِّرُوابِصَلَاةِ الْعَصْرِ؛ فَإِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَرَكَ صَلَاةَ الْعَصْرِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ. رَوَاهُالْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.
Абул Малийҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бурайда розияллоҳу анҳу билан ғазотда бирга бўлдик. Кун булутли эди. У киши: «Аср намозини тезроқ ўқинглар, чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деганлар», деди».
Бухорий ва Насоий ривоят қилишган.
Бурайда розияллоҳу анҳу булутли кунда вақтни аниқ билмаслик оқибатида аср намозининг вақти чиқиб кетишидан қўрқиб, ғазотдаги шерикларига уни тезроқ ўқиб олишни тавсия қилибдилар ва ўзларининг бу ишларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳадисларини далил қилиб келтирибдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аср намозини тарк қилса, амали беҳуда кетади», деган эканлар.
Бу ҳам аср намозининг аҳамияти улкан эканлигидан дарак беради.
Уламоларимиз аср намозини тарк қилиш билан амал ҳабата (беҳуда) бўлиши ҳақида турли мулоҳазаларни айтганлар. «Ҳабата» сўзи аслида, ёқмайдиган ўт-ўланни еб қўйиб, қорни шишган ҳайвонга нисбатан ишлатилади. Унинг еган нарсаси беҳуда кетади, фойда беришнинг ўрнига зарар келтиради.
Қуръони Каримда: «Сиздан кимки диндан қайтиб, кофир ҳолида ўлиб кетса, ана ўшалар бу
дунёю охиратда амали ҳабата бўлганлардир», дейилган (Бақара сураси, 217-оят). Шундан келиб чиққан умумий қоидага биноан, куфр амални ҳабата қилади. Бошқа нарса ҳабата қилмайди.
Мазкур уламоларнинг аср намозини тарк қилиш амални ҳабата этиши ҳақидаги мулоҳазалари ҳам намозни тарк қилиш куфрми, йўқми эканлиги тўғрисидаги фикрларга боғлиқ.
Нима бўлганда ҳам, аср намозини тарк қилиш ниҳоятда катта гуноҳ эканлиги билиниб турибди. Бу, асрни ўқиса бўлди, бошқа намозлар унчалик аҳамиятли эмас, дегани эмас. Ҳар бир намозни ўқимаслик – улкан гуноҳ. Лекин асрни ўқимаслик – яна ҳам улканроқ гуноҳ.
Шаръий манбаларда, хусусан, Қуръон ва Суннатда «ас-солатул вусто»нинг фазли ҳақида жуда кўп гаплар келган. Жумладан, Аллоҳ таоло барча намозларни муҳофаза этишни амр қилатуриб, кетидан «ас-солатул вусто»ни муҳофаза қилишни алоҳида таъкидлаган.
Аллоҳ таоло:
حَافِظُوا عَلَى الصَّلَوَاتِ وَالصَّلَاةِ الْوُسْطَىٰ وَقُومُوا لِلَّهِ قَانِتِينَ
«Намозларни ва ўрта намозни муҳофаза этинг. Ва Аллоҳ учун чин дилдан, қўрқув ила қоим бўлинг», деган (Бақара сураси, 238-оят).
عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ الْأَحْزَابِ: شَغَلُونَاعَنِ الصَّلَاةِ الْوُسْطَى صَلَاةِ الْعَصْرِ، مَلَأَ اللهُ بُيُوتَهُمْ وَقُبُورَهُمْ نَارًا، ثُمَّ صَلَّاهَا بَيْنَ الْعِشَاءَيْنِ. رَوَاهُالْخَمْسَةُ.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аҳзоб куни «Бизни ўрта намоз – аср намозидан машғул қилишди! Аллоҳ уларнинг уйларинию қабрларини оловга тўлдирсин!» дедилар. Сўнгра уни шом билан хуфтоннинг ўртасида ўқиб олдилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
«Аҳзоб куни» Аҳзоб уруши кунидир. Аҳзоб – ҳизбнинг жами бўлиб, Уҳуд урушидан кейин кофирларнинг турли ҳизб – тоифалари бирлашиб, мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлаш мақсадида уларга қарши очган урушлари тарихда «Аҳзоб куни» номи билан машҳур бўлиб қолган.
Ўшанда Қурайш, Ғатафон, яҳудийлар ва уларнинг иттифоқдошларидан иборат Аҳзоблар мусулмонларга қарши уруш очишган. Аҳзоблар уч минг кишидан иборат эди. Улар жам бўлиб йўлга чиққанлиги ҳақида хабар келганидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маслаҳат кенгаши очдилар ва Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳатлари билан Мадинаи Мунавварани мудофаа қилиш учун шаҳар атрофига хандақ қазилди. Шунинг учун бу уруш «Хандақ уруши» деб ҳам аталади.
Аҳзоблар келиб, Мадинаи Мунавварани бир ой давомида қамал қилишди. Икки томон орасида баъзи бир кичик тўқнашувлар бўлиб ўтди. Кейин Аллоҳ таоло Аҳзоблар устига совуқ шамол юборди. Бу шамол кофирларга шиддатли қўрқинч олиб келди. Улар ноумид бўлиб, қайтиб кетишди. Ана ўша уруш кунларининг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар уруш билан машғул бўлиб қолиб, аср намозини вақтида ўқий олмадилар. Ўшанда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу ҳадиси шарифни айтдилар ва аср намозини қазо қилиб, шом ва хуфтоннинг ўртасида ўқиб олдилар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Аср намози «ас-солатул вусто» эканлиги.
2. Аср намозининг аҳамияти.
3. Уруш туфайли аср намозини вақтида ўқий олмаса, шом билан хуфтон орасида ўқиб олиш кераклиги.
4. Намозхонни намоздан машғул қилган одамнинг уйига ҳам, қабрига ҳам олов тўлиши.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077