- Ва алайкум ассалом! Кулиш, кулдириш аслида шариатда жоиз. Одамлар қалбига хурсандчилик солиш, қалбидан ғам-андуҳни кетказиш энг савобли амал ҳисобланади. Мусулмонлар ҳамма вақт юзида табассум билан бўлишларига буюрилганлар. Шунинг учун ҳам бу суннатга амал қилиб кексайган кишиларимиз чеҳраси очиқ, истараси иссиқ, қовоғи уюлмаган ва файзли бўлиб турадилар. Ҳар бир жабҳада динимизнинг таълимоти бўлганидек кулиш ва кулдиришнинг ҳам шаръий таълимотлари бор. Бу ҳақида кўплаб китоблар ёзилган. Унда ҳазил қандай тарзда амалга оиширилиши, қандайлари жоиз эмаслиги, ният тўғри бўлсада шариатга зид бўладиган ўринлари батафсил айтиб ўтилган. Қисқача 3-4тасини айтиб ўтсак.
1). Кулдирувчи кимнидир устидан кулиб, мазаҳ қилиб дилига озор етказиши ҳаром амал ҳисобланади. Буни “ҳазилда” деб писанд қилмаслик жаҳолат ҳисобланади.
2). Кулдиришда ўзгаларни айбини изҳор қилмаслик керак. Бундай қилиш Аллоҳ таолонинг устидан кулиш ҳисобланади. Чунки ҳеч ким ўзи хоҳлагандек сурат ва шаклда яратилолмайди. Барчага берилган кўриниш ва шакл шамоил Аллоҳ таоло тарафидан берилади. Бир рассом сурат чизса ва унинг қаеридадир айби бўлса суратга берилган баҳо сураткашга берилган баҳо ҳисобланади. Кимнидир қулоғини, кимнидир овозини, кимнидир юриш-туришини мазах қилиш уни ўшандан Зотни мазах қилиш ҳисобланади.
3). Инсон ҳазиллашиб ёки билмасдан хато қилиб оғзидан куфр сўз чиқса ўз ихтиёри билан айтгани учун иймондан чиқди деб айтилади. Уни умр бўйи қилган яхшиликлари ҳабата бўлиб, аёли билан ўртасидаги никоҳ бузилади. Ҳаж қилган бўлса яна қайта ҳаж қилиш зиммасига фарз бўлади.
4). Ислом шиорлари бўлган азон, намоз, рўза, аёлларнинг авратларини беркитишлари, фаришталар, жаннат, дўзах ҳақида қилинган ҳазиллар иймонни кетказади. Масалан кимдир ўзини Азроилман деб суякларни бўйнига илиб мазах қилса ёки дўзахда фалондай азобланаётган экан каби тўқима гапларни айтса.
5). Баъзи кишилар кулдираман деб воқеъликка зид бўлган ёлғонларни тўқишади. Бу ҳам ёлғон гапиришга киради. Ваҳоланки кулдириш учун бўлган воқеъани рост сўз билан ифодалаш жоиз эди.
6). Кимдир ҳазил қилиб хотинини талоқ қилса талоқ тушади. Ҳазиллашиб бировни молини олиш ва буни билса ҳазил билмаса чин қабилида ишлатиб юбориш шаръан жоиз эмас ва ҳоказолар.
Аммо ҳамма вақт шу каби кулдирувчи нарсаларни пайида бўлиш иснон қалбини ўлдириб, Қуръон деса, ҳадис ва панду насиҳат деса юз ўгирадиган ҳолга олиб келади. Валлоҳу аълам!