- Ва алайкум ассалом! Сиз айтганни билмадик. Аниқлаш лозим. Қуйидаги шартларга тушмаса жоиз эмас. Аммо тўрттала мазҳабнинг бирортасида ҳам ҳозирги синтетик ёки жундан тўқилган пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас. Ҳанафий уламоларидан “Бадоеъ уссаноеъ” китобининг муаллифи
فان كان رقيقين يشفان الماءلايجوز المسح عليهمابالإجماع” البدائع الصنائع
“Агар оёқ кийими юпқа ва бирданига сувни ўтказадиган бўлса уламоларнинг ижмосига кўра унга масҳ тортиш жоиз бўлмайди” дейилган.
ولا يجوز المسح على الجورب الرقيق من غزل أو شعر بلاخلاف ولو كان ثخينايمشي معه فرسخا فصاعدا …. …..فعلى الخلاف البحرالرائق
Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳ ип ва юнгдан тўқилинган юпқа пайпоқларга масҳ тортиб бўлмайди, бунда ҳеч қандай хилоф йўқ. Гарчи бир фарсаҳ ёки ундан кўпроқ юрадиган бўлса ҳам.
Уламолар “Оёқ ювиш фарз амал, унинг ўрнига масҳ тортиш жоиз бўлиши учун мутавотир ҳадис керак бўлади. Маҳсига масҳ тортиш борасида етмишта саҳобадан ҳадис ривоят қилинган. Жун ёки ипдан тўқилган пайпоққа масҳ ториш тўғрисида бирорта ҳам саҳиҳ ҳадис йўқ. Мабодо теридан бошқа нарсадан маҳси ясалган бўлса унда масҳсининг шартлари топилиши шарт” деганлар ва қуйидаги шартларни келтирганлар.
Маҳсига масҳ тортишнинг шарти учтадир:
1. қадамни тўпиқгача ёпувчи бўлиши;
2. оёққа кийилган бўлиши (оёқдан бошқа жойга кийилган териларга масҳ тортиш жоиз эмас);
3. одатдаги юришда узулуксиз бир фарсах ёки ундан кўпроқ (масофа)ни босиб ўтишга яроқли бўлиши.
(Юқоридаги шартлар билан бир қаторда жаврабга масҳ тортишда қуйидаги тўртта шартни илова қилинади)
1. Бир фарсах юриш мумкин бўлган даражада қалин бўлиши,
2. (Резина) ва боғичсиз ўзи оёқда турадиган бўлиши,
3. Устидан ости кўринмайдиган бўлиши,
4. Ўзига сув тортмайдиган бўлиши (Раддул мухтор. Ж. I. Б. 179).
Пайпоқда юқоридаги тўрта шарт топилса, у ҳолда унга масҳ тортиш жоиз бўлади. Улар: оёқни тўпиғигача ёпиб туриши, оёқда туриши, у билан одатий юришда уч мил (4 км 830 см.) масофани босиб ўтиши ва намликни ўзига тортувчи бўлмаслиги каби тўртта шарт пайпоқга масҳ тортишни белгилаб беради. Ҳозирги кунда ишлаб чиқарилаётган ва халқ орасида кенг тарқалган пайпоқларда бу шартлар топилмайди. Шу боис уларга масҳ тортиш жоиз эмас.
Жун ва пахта толасидан бўлган пайпоқга масҳ тортиш
Жун ёки пахтадан тайёрланган оёқ кийимга араб тилида “жавраб” дейилади. Агар жаврабни икки томони ости ва устига туфуғича тери қопланган бўлса, уни араб тилида мужаллад деб айтилади. Агар остига тери қопланган бўлса, мунаъал дейилади. Агар оёқ кийим теридан тайёрланган бўлса, “хуфф (маҳси)” дейилади. Хуфф, мужаллад ва сувни ўзига тортмайдиган, қалин, оёқда мустақил ўзи тураоладиган мунаъалларга масҳ тортиш мумкин. Агар жавраб на мужаллад ва на мунаъал бўлса, сахийн бўлиши керак. Мужаллад ва мунаъал бўлмаган қалин оёқ кийимларга масҳ тортиш борасида ихтилоф бор. Аслида маҳсига масҳ қилиш дуруст бўлиши учун учта, жаврабга эса у учта билан бирга яна тўртта шарт топилиши лозим. Шартлар ҳақида “Дуррул мухторда” шундай келтирилган:
شَرْطُ مَسْحِهِ ثَلَاثَةُ أُمُورٍ: الْأَوَّلُ كَوْنُهُ سَاتِرَ الْقَدَمِ مَعَ الْكَعْب ِوَالثَّانِي كَوْنُهُ مَشْغُولًا بِالرِّجْلِ وَالثَّالِثُ كَوْنُهُ مِمَّا يُمْكِنُ مُتَابَعَةُ الْمَشْيِ الْمُعْتَادِ فِيهِ فَرْسَخًا فَأَكْثَر َإلَخْ إلى أن قال أَوْ جَوْرَبَيْهِ الثَّخِينَيْنِ بِحَيْثُ يَمْشِي فَرْسَخًا وَيَثْبُتُ عَلَى السَّاقِ بِنَفْسِهِ وَلَا يُرَى مَا تَحْتَهُ وَلَا يَشِفُّ
Жундан тайёрланган маҳсига масҳ тортиш
Масала: Пахта ва жундан тайёрланган оёқ кийимларда қуйидаги шартлар топилса, уларга масҳ тортиш мумкин:
1. Пайпоқ қалин, пухта, пишиқ бўлиши, у билан уч мил (4 км 830 см.) масофани босиб ўтиш мумкин бўлсин. Агар белгиланган масофани ҳали босиб ўтмай пайпоқ йиртилиб кетса, унга масҳ тортиш мумкин эмас;
2. Пайпоқ болдиргача мустақил боғичсиз тура олиши. Агар боғич ёки резинкасиз болдирдан пастка тушиб кетса, бундай пайпоқларга масҳ тортиш жоиз эмас;
3. Сувни ўзига тортмайдиган ва сув сизиб кирмайдиган бўлиши;
4. Ташқаридан ичкариси кўриниб турадиган бўлмаслиги, яъни пайпоқни кўзга яқинлаштириб қаралганда ҳеч нарса кўринмаслиги (Имдодул фатаво. Ж. II.Б. 207).
كَما قَالَ الشامِي: "وَأَنَّهُمْ أَخْرَجُوهُ لِعَدَمِ تَأَتِّي الشُّرُوطِ فِيهِ غَالِبًا
Чунончи Шомийда: “Аксарият ҳолатларда шартлар ун (пайпоқ)да мавжуд бўлмагани боис, уни (масҳ тортиш мумкин бўлган оёқ кийимлар сафидан) чиқариб ташладилар” (Раддул муҳтор. Ж. I. Б. 248).
Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан матодан бўлган пайпоқга масҳ тортиш собит бўлганми?
Савол: Кундалик кийиладиган пайпоқларга масҳ тортиш жоизми ёки дуруст эмасми? Мен бу ҳақда бир ҳазратдан сўрадим. У киши бу саволнинг жавобида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам матодан тайёрланган пайпоқ кийганлар, лекин унинг юпқа ёки қалинлиги ҳақида аниқ қайдлар йўқ деб, таъкидлаган.
Жаврабга масҳ тортиш танқиҳул манот (иллатларни саралаш) тариқасига кўра собит бўлганини доимо ёдда тутиш лозим. Уч шарт тўлиқ топилган жавраблар хуфф (маҳси) ҳукмида бўлади ва уларга масҳ тортиш мумкин. Жаврабга масҳ тортиш борасида келган хабарларнинг барчаси заъифдир, яъни хабари воҳиднинг энг қуйи даражаси ҳисобланади. Хабари воҳид билан Аллоҳ таолонинг Китобидаги оёқни ювишга зиёда қилинмайди. Жаврабни мутавотир ҳадислар билан собит бўлган “Хуфф”га танқиҳул манот тариқасида боғлаб маҳси тортишга рухсат берилган (Дарси термизий. Ж. I. Б. 324). Валлоҳу аълам!