- Кўпчилик уламолар Азозийл ҳақидаги ривоятларни Бани Исроилнинг тўқималаридан дейишади.Аллоҳ таоло “Каҳф” сурасида маҳамат қилади:«Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, ўшанда улар сажда қилдилар. Магар иблис қилмади. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди. Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку! У, золимлар учун нақадар ёмон бадалдир».Кофиру мушриклар – жиноятчилар исёнлари билан аслида кимга эргашаётганларини биладиларми? Бу саволга жавоб бериш учун Аллоҳ таолога нисбатан қилинган биринчи исённи эслаш керак. Биринчи исён қачон ва ким тарафидан содир бўлганини билиш учун эса:«Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла».Бу ўша машҳур қиссага ишора. Аллоҳ таоло Одам Атони тупроқдан Ўз қудрати билан яратиб, унга жон киргизганидан сўнг, фаришталарга Одамга сажда қилишни буюрди.«Бас, ўшанда улар сажда қилдилар.»Фаришталар Аллоҳнинг амрига бўйсуниб, одамга сажда қилдилар. Уни иззат-икром этдилар.«Магар иблис қилмади.»Иблис Одамга сажда қилмади.«У жиндан бўлган эди.»Демак, иблиснинг асли жиндир. Баъзилар гумон қилганидек, фариштадан эмас.«У ўз Роббининг амридан чиқди.»Робби унга Одамга сажда этишни буюрди, у амрга бўйсунмади— одамга сажда қилмади. Натижада, Аллоҳнинг лаънатига учради.«Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?!»Уларга қўшилиб Менга исён қиласизларми, Менинг амримдан чиқасизларми?!«Ҳолбуки, у сизларга душман-ку!»Қайси ақл билан душманнинг айтганини қиласиз, унинг йўлидан юрасиз?!«У, золимлар учун нақадар ёмон бадалдир.»Иблис кофирлар томонидан Аллоҳнинг ўрнига қўйилган жуда ҳам ёмон бадалдир. Аслида, инсон бу дунёда Аллоҳга тоат қилиб, Унинг амрига бўйинсуниб яшамоғи лозим эди. Аммо Аллоҳга тоат этмаслиги ва Унинг амрига бўйинсунмаслиги ила иблисга тоат қиладиган ва унинг йўлига юрадиган бўлиб қолди. Роҳманни қўйиб, шайтонни танлади. Шайтонни Роҳманга алмаштириб олди. Унинг бу иши нақадар ёмон бадалдир.