- Ва алайкум ассалом! Кафт эмас товон дейилган.
وَرَأَى أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَوْمًا يَتَوَضَّئُونَ مِنَ الْمَطْهَرَةِ فَقَالَ: أَسْبِغُوا الْوُضُوءَ فَإِنِّي سَمِعْتُ أَبَا الْقَاسِمِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: وَيْلٌ لِلْعَرَاقِيبِ مِنَ النَّارِ. وَفِي رِوَايَةٍ: وَيْلٌ لِلْأَعْقَابِ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу таҳорат қиладиган жойда одамларнинг таҳорат қилаётганларини кўриб:
«Таҳоратни мукаммал қилинглар, мен Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ароқийбларга дўзахда ҳалокат бўлсин!» деганларини эшитганман», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«(Яхши ювилмаган) Товонларга дўзахда ҳалокат бўлсин» дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Шарҳ: «Ароқийб» – «арқуб»нинг жами бўлиб, араб тилида товон устидаги йўғон пай шу ном билан аталади.
Абул Қосим – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кунялари. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қосим исмли ўғиллари бўлиб, у кичиклигида вафот этган. Ўша фарзандлари исми билан куняланганлар.
Имом Бухорий қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўша одамларнинг товонларини яхшилаб ювмасдан, уларга масҳ тортаётганларини кўриб қолиб, ушбу ҳадисдаги гапларни айтганлар, дейилади.
Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Таҳоратни мукаммал қилиш лозим эканлиги. Бу ҳақда келгуси ҳадисда алоҳида сўз юритилади.
2. Таҳоратда оёқнинг ҳаммасини яхшилаб, сув етказиб ювиш кераклиги.
Ушбу ҳадисда ушбу маънога алоҳида эътибор берилиши баъзи тоифалар, хусусан, шийъа мазҳаби ва баъзи зоҳирийларнинг «таҳоратда оёққа масҳ тортилади», деган гапларини ботил қилиш учундир.
3. Биладиган одам амалда хатоға йўл қўяётган кишини кўрса, тузатиб қўйиши зарурлиги.
4. Эътиборсизлик ила таҳоратда аъзоларнинг баъзи жойига сув етмай қолса, азобга сабаб бўлиши.
5. Товонларни ювишга алоҳида эътибор бериш кераклиги. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!