Ассалому алайкум, Устоз. Саволим қуйдагича: Яъжуж-маъжуж ким ўзи? Хатоларим бўлса, узр сўрайман.
- Ва алайкум ассалом!
ЯЪЖУЖ-МАЪЖУЖ
Қиёматнинг бу аломати ҳақида Қуръони Каримнинг Каҳф ва Анбиё сураларида оятлар келган.
Аллоҳ таоло Каҳф сурасида шундай марҳамат қилади:
قَالُوا يَا ذَا الْقَرْنَيْنِ إِنَّ يَأْجُوجَ وَمَأْجُوجَ مُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ فَهَلْ نَجْعَلُ لَكَ خَرْجًا عَلَىٰ أَن تَجْعَلَ بَيْنَنَا وَبَيْنَهُمْ سَدًّا
«Эй Зулқарнайн, яъжуж-маъжуж ер юзида бузғунчилик қилувчилардир. Сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасига тўсиқ қилиб берурмисан?» дедилар» (Каҳф сураси 94-оят).
Ўша икки тоғ орасидаги бирон гапни англамайдиган қавм Зулқарнайнга яъжуж-маъжуждан шикоят этдилар. Уларнинг ер юзидаги бузғунчиликларидан арз қилдилар. Улар: «Эй Зулқарнайн, яъжуж-маъжуж ер юзида бузғунчилик қилувчилардир», дедилар.
Яъжуж-маъжуж ҳақида жуда кўп гаплар бор. Улар тахминий гаплардан иборатдир. Биз эса Қуръони Каримдаги маълумотлар билан кифояланамиз. Шуниси хайрли.
«Сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасига тўсиқ қилиб берурмисан?» дедилар».
Мазкур қавм Зулқарнайндан «Агар харож тўплаб берсак, ўша яъжуж-маъжужлар билан бизнинг орамизга тўсиқ қуриб берасанми?» деб сўрадилар. Шу билан уларнинг ҳужумларидан, бузғунчиликларидан қутулмоқчи бўлдилар.
Зулқарнайн мазкур қавм билан яъжуж-маъжуж орасида радм – улкан ва мустаҳкам тўсиқ қура бошлади. Дастлаб:
آتُونِي زُبَرَ الْحَدِيدِ
«Менга темир парчаларини келтиринг», деди (Каҳф сураси 96-оят).
Яъни одамларни темир топиб келишга буюрди. Улар олиб келган темир парчаларини ўша икки тоғ орасига тўплата бошлади.
حَتَّىٰ إِذَا سَاوَىٰ بَيْنَ الصَّدَفَيْنِ قَالَ انفُخُوا
«Ниҳоят тоғнинг икки томонини баробарлаштирганда: «Дам уринглар», деди» (Каҳф сураси 96-оят).
Яъни темир парчаларини тўплаб-тўплаб, икки тоғ орасини тўлдирдилар. Ундан кейин Зулқарнайн босқонлар билан дам уриб, темирларни қизитиб, эритишга киришди.
حَتَّىٰ إِذَا جَعَلَهُ نَارًا قَالَ آتُونِي أُفْرِغْ عَلَيْهِ قِطْرًا
«Ниҳоят, уни (тўп темирни) ўтга айлантиргач: «Олиб келинглар, устидан мис қуяман», деди» (Каҳф сураси 96-оят).
Яъни икки тоғ орасига тўпланган темирни босқонлар билан дам уриб, алангалатиб, эритиб, олов ҳолига келтирдилар. Ана шунда Зулқарнайн одамларига: «Энди эритилган мис олиб келинглар, олов бўлиб турган темир устидан қуяман», деди.
Мис аралашган темир янада мустаҳкам бўлиши яқинда кашф этилди. Демак, ўша замонда ҳам Зулқарнайн Аллоҳ унга берган илм орқали бу сирни яхши билган ва жуда мустаҳкам девор қуриб, ҳалиги қавмнинг яъжуж-маъжужнинг ҳужумларидан сақланишига ёрдам берган.
فَمَا اسْطَاعُوا أَن يَظْهَرُوهُ وَمَا اسْتَطَاعُوا لَهُ نَقْبًا
«Унинг устига ҳам чиқа олмадилар, уни тешиб ҳам ўта олмадилар» (Каҳф сураси 97-оят).
Яъни яъжуж-маъжужлар Зулқарнайн қурган радм – девор тўсиқ устига чиқа олмадилар ва уни тешиб ҳам ўта олмадилар. Зулқарнайнга яъжуж-маъжуждан шикоят қилиб, ёрдам сўраган қавмлар омонликка эришдилар. Зулқарнайн ишни жуда ҳам пухта амалга оширган эди.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу Суфёни Саврий розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳаралари – уммул мўминийн Зайнаб бинти Жаҳш онамиз қуйидагиларни айтадилар:
قَالَتِ: اسْتَيْقَظَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ نَوْمٍ وَهُوَ مُحْمَرٌّ وَجْهُهُ وَهُوَ يَقُولُ: «لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَيْلٌ لِلْعَرَبِ مِنْ شَرٍّ قَدِ اقْتَرَبَ، فُتِحَ الْيَوْمَ مِنْ رَدْمِ يَأْجُوجَ وَمَأْجُوجَ مِثْلُ هَذِهِ» وَحَلَّقَ، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَنَهْلِكُ وَفِينَا الصَّالِحُونَ؟ قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «نَعَمْ إِذَا كَثُرَ الْخَبَثُ». رَوَاهُ أَحْمَدُ
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқуларидан юзлари қизарган ҳолда уйғониб, «Лаа илааҳа иллаллоҳ! Яқинлашиб қолган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой! Бугун яъжуж-маъжуж деворидан мана шунча очилди» деб, бармоқларини ҳалқа қилдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, орамизда солиҳлар бўла туриб ҳам ҳалок бўламизми?» деган эдим, «Ҳа, агар нопоклик кўпайса», дедилар» (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Шунингдек, Муслим, Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Абу Довудларнинг ривоятларида ҳам яъжуж-маъжуж ҳақида хабарлар келган.
Аллоҳ таоло Анбиё сурасида шундай марҳамат қилади:
حَتَّىٰ إِذَا فُتِحَتْ يَأْجُوجُ وَمَأْجُوجُ وَهُم مِّن كُلِّ حَدَبٍ يَنسِلُونَ
وَاقْتَرَبَ الْوَعْدُ الْحَقُّ فَإِذَا هِيَ شَاخِصَةٌ أَبْصَارُ الَّذِينَ كَفَرُوا يَا وَيْلَنَا قَدْ كُنَّا فِي غَفْلَةٍ مِّنْ هَٰذَا بَلْ كُنَّا ظَالِمِينَ
«Ниҳоят, яъжуж-маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида... ва ҳақ ваъда яқинлашганда ногаҳон куфр келтирганлар кўзлари чақчайиб: «Ҳолимизга вой! Бундан ғафлатда эдик. Йўқ, биз зулм қилувчилар эдик!» (дерлар)» (96-97-оятлар).
Каҳф сурасида айтиб ўтилганидек, қиёматнинг аломатларидан бири – Зулқарнайн қурган садд – тўғон очилиб, яъжуж-маъжужлар чиқиб кетишиди. Ушбу оятда «Ниҳоят, яъжуж-маъжуж очилиб, улар ҳар бир тепаликлардан оқиб келганларида…» деб айтилмоқда.
Демак, улар жуда кўп бўлиб, азбаройи кўплигидан юрганларида худди сел оққандек оқиб келишаркан.
«...ва ҳақ ваъда яқинлашгандаги...»
Яъни қиёмат қоим бўлганда, унинг даҳшатидан, қўрқинчи ва азобидан
«...куфр келтирганлар кўзлари чақчайиб», яъни қотиб қолади.
Кўзларини юма олмайдилар. Айни пайтда ўз ҳолларига йиғлай бошлайдилар: «Ҳолимизга вой! Бундан ғафлатда эдик», яъни қиёмат қоим бўлиб, ҳамма қайта тирилиб, сўроқ-савол, ҳисоб-китоб, жазо-мукофот бўлишидан ғафлатда эдик. Бундай бўлишини ўйлаб кўрмаган эдик.
«Йўқ! Биз зулм қилувчилар эдик» (дерлар)».
«Йўқ, биз ғафлатда эмас эдик. Балки, билиб туриб тайёргарлик кўрмаган эдик. Ишонмаган эдик. Зулм қилган эдик», дерлар.
Ақоид илми уламоларимиз яъжуж-маъжуж ҳақидаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни мукаммал ўрганиб, қуйидаги хулосани айтадилар: «Яъжуж-маъжуж жуда ҳам кўп сонли бир қавм бўлиб, уларнинг чиқиши қиёматнинг аломатларидан биридир. Улар ер юзини фасодга ва харомга тўлдирадилар. Уларнинг қачон чиқишини эса Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди».
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077