- Ва алайкум ассалом! Улар бекорларни айтишибди. У худочамидики Аллоҳ беркитган йўлни очиб берса. Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида марҳамат қилади:
قُل لاَّ أَقُولُ لَكُمْ عِندِي خَزَآئِنُ اللّهِ وَلا أَعْلَمُ الْغَيْبَ وَلا أَقُولُ لَكُمْ إِنِّي مَلَكٌ إِنْ أَتَّبِعُ إِلاَّ مَا يُوحَى إِلَيَّ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الأَعْمَى وَالْبَصِيرُ أَفَلاَ تَتَفَكَّرُونَ
50. Сен: «Сизларга: «Ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор», ҳам демасман, ғайбни ҳам билмасман. Ва яна сизларга: «Мен фариштаман», деб ҳам айтмасман. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсага эргашаман, холос», – деб айт. «Кўр билан кўзи очиқ тенг бўлурми? Тафаккур қилмайсизларми?» – деб айт.
وَعِندَهُ مَفَاتِحُ الْغَيْبِ لاَ يَعْلَمُهَا إِلاَّ هُوَ وَيَعْلَمُ مَا فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَمَا تَسْقُطُ مِن وَرَقَةٍ إِلاَّ يَعْلَمُهَا وَلاَ حَبَّةٍ فِي ظُلُمَاتِ الأَرْضِ وَلاَ رَطْبٍ وَلاَ يَابِسٍ إِلاَّ فِي كِتَابٍ مُّبِينٍ
59. Ғайбнинг калитлари ҳам Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Ундан бошқа ҳеч ким билмас. У қуруқлигу денгиздаги нарсаларни биладир. Бирорта япроқ тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер зулматларидаги дон бўлсин, ҳўлу қуруқ бўлсин, албатта, очиқ-ойдин китобда бордир.
“Аъроф” сурасида:
قُل لاَّ أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلاَ ضَرًّا إِلاَّ مَا شَاء اللّهُ وَلَوْ كُنتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لاَسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَاْ إِلاَّ نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِّقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ
188. Сен: «Ўзим учун Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари, на фойда ва на зарарга молик эмасман. Агар ғайбни билганимда, яхшиликни кўпайтириб олган бўлар эдим ва менга ёмонлик етмас эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавмлар учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчиман, холос», – деб айт.
“Намл” сурасида :
قُل لَّا يَعْلَمُ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ الْغَيْبَ إِلَّا اللَّهُ وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ
65. Сен: «Осмонлару ерда Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ғайбни билмас», – деб айт. Улар қачон қайта тирилтирилишларини ҳам сезмаслар.
Ғайбни билиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хосдир. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким – на инсон, на фаришталар, на жинлар ғайбни билмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мутлақ илм эгаси эканини англатиш билан бирга, махлуқотлар учун У буюк Зотнинг лутфи ҳамдир. Ўйлаб кўрайлик, инсон ўз тақдирини – бир кун, бир ҳафта, бир ой, бир йилдан кейин ёки умрининг охиригача нималар бўлишини аниқ билса, унинг учун ўша кун, ҳафта, ой, йил ва умрнинг қизиғи қоладими? Албатта, йўқ. Бу мулоҳаза фақат биргина ғайб ҳақида. Яна қанчадан-қанча ғайб ишлари бор, уларни ҳам мулоҳаза қилсак, шунга ўхшаш ҳикматлар келиб чиқаверади.
“Жин” сурасида:
عَالِمُ الْغَيْبِ فَلَا يُظْهِرُ عَلَى غَيْبِهِ أَحَدًا
26. У ғайбни билувчидир ва ҳеч кимни Ўз ғайбидан хабардор қилмас. Валлоҳу аълам!