- Ва алайкум ассалом! Инсон ҳаёти инсонга берилган энг олий дастмоядир. Ҳар бир нафаси ҳисобли, уни шукри вожиб, фойдали ишга сарфланса эвази ҳам улкан. Инсон ўта жоҳил ва ўта алданган шахс ҳисобланади. Ўша вақтни фойдали нарсага сарфлаганда охиратда бериладиган ажрни билганида чексиз надомат қилади. У вақт эвазига қанчалар нарсани қўлга киритиш мумкинлигини кўриб, аттанг қилади, лекин заррача ҳам фойдаси бўлмайди. Ҳатто жаннатга кирган инсон ҳам Аллоҳнинг зикрисиз ўтказган вақтига пушаймон бўлади. Ўша бошқотирмага сарфлайдиган вақтингизни Қуръон ўқишга, қўлингизга тасбеҳ олиб зикр қилишга ёки ўзингизни дунёвий ёки кимнидир дунёвий ишига ёрдам берсангиз, охиратда албатта савобини топасиз. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
وَأَقِيمُواْ الصَّلاَةَ وَآتُواْ الزَّكَاةَ وَمَا تُقَدِّمُواْ لأَنفُسِكُم مِّنْ خَيْرٍ تَجِدُوهُ عِندَ اللّهِ إِنَّ اللّهَ بِمَا تَعْمَلُونَ بَصِيرٌ
110. Намозни қоим қилинг, закотни беринг. Ўзингиз учун нимаики яхшилик тақдим қилсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир.
“Залзала” сурасида:
فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ
7. Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўрадир.
8. Ва ким зарра вазнича ёмонлик қилса ҳам кўрадир.
Пул ютиш мақсадида газета сотиб олсангиз, жоиз эмас. Валлоҳу аълам!