Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари! Сизга бир савол билан мурожаат қилмоқчи эдим. Мен ҳозирда Университетда 2-курс талабасиман, контракт асосида пул тўлаб ўқийман. Ҳозирда онамнинг мазаси бўлмаётгани сабабли мени уйлантирмоқчи бўлишяпти. Лекин мен рози бўлмаяпман. Бунга сабаб:
1. Ҳали оила боқишга қурбим етмаслиги.
2. Ҳозир ўзим отамнинг топган маблағига яшаётганлигим, ҳали мустақил маблағ топа олмаслигим.
3. Ҳозирда контракт асосида пул тўлаб ўқиётганлигим. Шу сабабларни важ қилиб, уйланишдан қочиб юрибман. Лекин бир нарса борки, ота-онанинг буйруғини бажариш фарзанд учун фарз эканлигини, ота-онанинг изнидан чиқиш керак эмаслигини биламан. Ота-онанинг айтганини қилмаслик гуноҳ. Ҳозирда шу масала мени ўйлантиряпти. Шайх ҳазратлари, мен келтираётган сабаблар, уйланишни хоҳламаётганим ўринлими? Умуман, бизнинг Ислом динимизда йигит кишининг уйланиши учун қандай шартлар бўлиши керак? Агар йигит оила боқишга тайёр бўлмаса, уйланишга рози бўлмаслиги гуноҳ бўлмайдими?
Раҳмат, Шайх ҳазратлари.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
- Ва алайкум ассалом! Ҳамма далилларни яхшилаб ўрганиб чиққан жумҳури уламолар никоҳнинг шаръий ҳукми ҳақида қуйидагиларни айтганлар:
«Никоҳда бўлиш шариатга Қуръони Карим, суннати набавия ва Ислом умматининг ижмоъси орқали кирган:
1. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир неча оятларида мўмин-мусулмонларни никоҳда бўлишга, уйланишга, оила қуришга амр этган.
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг кўплаб ҳадиси шарифларида никоҳга тарғиб қилганлар.
3. Ислом уммати, жумҳур уламолар никоҳнинг зарур эканлигига доимо иттифоқ қилиб келганлар.
Турли кишиларнинг ҳолатига қараб, уларнинг никоҳда бўлишлари ҳукми ҳам турличадир.
1. Вожиб-фарз.
Агар бир инсон никоҳли бўлмаса, зинога боришига ишониб етса ва никоҳга кетадиган сарф-харажатга эга бўлгач, никоҳдаги шеригига зулм қилмасдан, ҳаққини адо этишига ишонса, ундай одамга никоҳ фарз-вожиб бўлади.
Чунки мусулмон киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишдан тийилиши матлубдир.
Ислом шариатида «Вожиб нарсани адо этиш учун керак бўлган нарсани қилиш ҳам вожибдир», деган қоида бор. Бу ерда ана шу қоидага амал қилинади.
Киши ўз иффатини сақлаши, ҳаром ишга бормаслиги вожиб. Ўша вожибни қилиш учун никоҳ – уйланиш лозим. Демак, у одам учун уйланиш – оила қуриш вожиб бўлади.
2. Ҳаром.
Агар бир инсон никоҳланиб, ўзининг никоҳидаги шеригига зулм қилиши ва зарар етказишига ишониб етса, ундай одам учун оила қуриш ҳаром бўлади.
Бу ҳолатда Ислом шариатининг «Ҳаромга олиб борувчи нарса ҳам ҳаромдир», деган қоидаси ишга тушади.
Бировга зулм қилиш, зарар етказиш ҳаром. Ўша зулм ва зарардан иборат ҳаром иш никоҳ туфайли бўлиши аниқ бўлганлиги учун унга олиб борадиган
йўл – никоҳ ҳам ҳаром бўлади.
3. Макруҳ.
Агар бир инсон никоҳланса, ўзининг никоҳдаги шериги – жуфти ҳалолига нисбатан зулм ва зарар келишидан қўрқса, аммо бунга тўлиқ ишонмаса, никоҳ бундай одам учун макруҳдир.
4. Суннати муаккада.
Мўътадил инсон учун, зинодан қўрқмайдиган, оила қурса, жуфти ҳалолига зулм қилишдан, зарар етказишдан ҳам қўрқмайдиган киши учун оила қуриш суннати муаккададир.
Кишилар орасида оммавий учрайдиган ушбу ҳолат ва унинг ҳукми оят ва ҳадисларнинг кўпчилигида баён этилган ҳолатдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйланганлари ва никоҳда бардавом бўлганлари, саҳобаи киромлар ва кейинги авлодларнинг уни маҳкам ушлаганлари никоҳнинг, оилали бўлишнинг суннати муаккада эканлигига далилдир. Ҳанафийлар: «Бу суннати муаккада вожибга тенг», дейдилар.
Ким бу ишни қилмаса, тарки суннат қилган ҳисобланади.
5. Мубоҳ.
Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, унга тўсқинлик қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган ҳолда никоҳ мубоҳ бўлади».
Ушбу зикр қилинган нарсалардан кейин никоҳ, яъни оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканлигини билиб олдик.
Эрдир, аёлдир, ҳар бир мусулмон оила қуришдек масъулиятли ишга ўзини уриши бор. Ана ўша ишга киришишдан олдин у оила нима, у нима учун қурилади, қайси асосда қурилади, яхши билиб олмоғи керак.
Ислом таълимотлари бўйича, оила қуйидаги асос ва мақсадларда қурилади:
1. Оила Аллоҳ таолонинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ахлоқлари, исломий одоблар билан ўзини музайян – зийнатли қилиш учун қурилади. Бу одоб ва ахлоқлар оиладан ташқарида бўлиши мумкин эмас.
Мисол учун, меҳрибонлик, ҳалимлик, адолат ва ўзаро ёрдамни олиб кўрайлик. Аслида оила олиймақом ахлоқ намуналарининг намоён бўлиши, мустаҳкамланиши учун асосий макон эмасми?
Агар оила бўлмаса, бу нарсаларга кўнгилдагидек эришиб бўладими? Бошқа одоб ва ахлоқларни ҳам шунга таққослаш мумкин. «Аллоҳнинг оятига амал қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига эргашиб, оила қурмоқдаман», деб ният қилган одам ҳақиқий ибодатни адо этган бўлади.
2. Оилавий ҳаёт, эр-хотинлик алоқасидан шарафли мақсадлар кўзда тутилиши керак. Оилага эру хотинга улуғ ва шарафли масъулиятларни юклайдиган бир шерик ҳайъат деб қараш лозим.
Эр-хотин ўша масъулиятларни адо этиш учун ҳим-матларини олий қилиб, осонлик ва қийинчилик, кенглик ва торлик вақтларида ҳам ўзаро ҳамкорлик қилишлари керак. Ўз оилаларини мустаҳкам қилиб, олийжаноб фарзандлар етиштириб, ватан учун фойдалар келтиришга ҳаракат қилишлари лозим. Бу эса ўз навбатида, ҳар ким келишган ҳолда ўзига хос ва ўзига юклатилган вазифаларни виждонан адо этишини тақозо қилади.
3. Эр-хотин орасидаги оилавий алоқа муҳаббат, тақдирлаш, ўзаро тушуниш асосида бўлиши керак.
Никоҳ алоқаси маънавий, руҳий ва ҳассос алоқадир. Бу доимий ва бардавом алоқадир. Шунинг учун ҳам бу алоқа муҳаббат, раҳм-шафқат асосида бўлиши керак. Ҳар бир одам ана шу маъноларни ўзига сингдириб олган ҳолда оила қуришга ҳаракат бошлаши зарур.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077