- Ва алайкум ассалом! Сиз кўнгилни деб, балки қайсидир маънода яхши ва фаровон ҳаётни кўзлаб охиратингизни куйдирманг. Агар турмушга чиқсангиз никоҳингиз ҳам боғланмайди. Номига иймон келтирса ҳам ҳисоб эмас. Аллоҳ таоло "Бақара" сурасида марҳамат қилади:
وَلاَ تَنكِحُواْ الْمُشْرِكَاتِ حَتَّى يُؤْمِنَّ وَلأَمَةٌ مُّؤْمِنَةٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكَةٍ وَلَوْ أَعْجَبَتْكُمْ وَلاَ تُنكِحُواْ الْمُشِرِكِينَ حَتَّى يُؤْمِنُواْ وَلَعَبْدٌ مُّؤْمِنٌ خَيْرٌ مِّن مُّشْرِكٍ وَلَوْ أَعْجَبَكُمْ أُوْلَئِكَ يَدْعُونَ إِلَى النَّارِ وَاللّهُ يَدْعُوَ إِلَى الْجَنَّةِ وَالْمَغْفِرَةِ بِإِذْنِهِ وَيُبَيِّنُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَذَكَّرُونَ
221. Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг. Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Анавилар ўт-оловга чақирарлар. Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар.
«Ва мушриклар иймонга келмагунларича, уларга никоҳлаб берманг».
Яъни мўминаларни уларнинг никоҳига берманг. Муслима-мўмина аёллар мусулмон динидаги эркакдан бошқа эркакка турмушга чиқишлари мутлақо мумкин эмас. Агар у эркак Исломга кириб, мўмин бўлсагина, рухсат бўлади.
Ҳатто эркак яҳудий ёки масиҳий динида бўлса ҳам, муслима аёлнинг унга никоҳланиши ҳаром. Фақат мусулмон эркак бўлиши шарт. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Биз аҳли китобнинг аёлларига уйланамиз, улар бизнинг аёлларимизга уйланмайдилар», – деганлар.
Худди аёлларга ўхшаб, эркаклар фазлининг ўлчови ҳам иймондир:
«Шубҳасиз, мўмин қул мушрикдан, гар у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир».
Яъни эркак киши қул бўлса ҳам, мўмин бўлса, бас, бошқа иймонсиз эркаклардан яхшидир...
Эркак бўлсин, аёл бўлсин, иймонсизлиги, мушриклиги жуда ёмон, ким улар билан алоқада бўлса, хусусан, никоҳ каби муқаддас ва нозик алоқада бўлса, касофати уради. Урганда ҳам, энг ҳассос нуқтада – ақийда бобида уради ва инсон ўз турмуш ўртоғига эргашиб, динидан чиқиб кетиши хавфи бор. Шунинг учун оятда:
«Анавилар ўт-оловга чақирарлар», – дейилади.
Анавилар (мушриклар) ўзлари билан бирга бўлганларни мушрикликка, бу дегани, дўзах ўтига чақирадилар.
«Аллоҳ эса Ўз изни ила жаннатга ва мағфиратга чақирар ҳамда одамларга Ўз оятларини баён қиладир. Шоядки, эслатма олсалар».
Шунинг учун Аллоҳ таолонинг баён қилиб берган оятларига амал қилиб яшаш керак. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!