Ассалому алайкум! Инсон Қуръонни ўқимай, билмай туриб ман мусулмонман деб айтиш тўғрими?
Ва алайкум ассалом! Мусулмон бўлиш учун иймон келтириш керак. Қуръон ўқишни билиш иймоннинг шартларидан эмас. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирганимизда баногоҳ олдимизга кийимлари оппоқ, соч-соқоли тим қора, устида сафар аломатлари кўринмайдиган, орамизда ҳам ҳеч ким уни танимайдиган бир киши чиқди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб ўтирди. Тиззасини у кишининг тиззаларига тақаб, икки қўлини (ўзининг) сонларига қўйиб, деди: — Эй Муҳаммад! Менга Ислом ҳақида хабар беринг! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: — Ислом Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлиги ҳамда Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳнинг Расули эканлигига гувоҳлик беришинг, намозни барпо қилишинг, закотни ўташинг, Рамазонда рўза тутишинг ва агар қодир бўлсанг, Байтуллоҳни ҳаж қилишингдир. Ҳалиги киши: — Тўғри айтдингиз! – деди. Биз унинг ҳам сўраб, ҳам тасдиқлаётганига ҳайрон бўлдик. — Менга иймон ҳақида хабар беринг! — Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига ишонишинг ҳамда тақдирнинг яхшисию ёмонига иймон келтиришинг. У одам: — Тўғри айтдингиз! – деб, кейин яна сўради: — Менга эҳсон ҳақида хабар беринг! — Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг, агар сен Уни кўрмаётган бўлсанг, У сени кўриб туради. — Менга Соат (Қиёмат куни) ҳақида хабар беринг. — У ҳақда сўралаётган киши сўровчидан кўпроқ билгувчи эмас. — Унинг аломатлари ҳақида айтиб беринг. — Чўри ўзининг хўжайинини туғади ва ўзлари ялангоёқ, яланғоч, камбағал бўлган қўйбоқарлар фахр ва риё учун бино қураётганини кўрасиз. Сўнг ҳалиги киши кетди. Мен бир оз муддат кутдим. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан сўрадилар: — Эй Умар! Биласанми, ўша сўровчи киши кимлигини? — Аллоҳ ва Расули билувчироқ. — У киши – Жаброил алайҳиссалом, сизларга динингизни таълим бергани келган эдилар, – дедилар». Муслим ривоятлари. Валлоҳу аълам!