- Ва алайкум ассалом! Ҳалоллиги аниқ бўлмагунича истеъмоли ҳалол бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида қуйидагича марҳамат қилган:
وَلاَ تَأْكُلُواْ مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ وَإِنَّ الشَّيَاطِينَ لَيُوحُونَ إِلَى أَوْلِيَآئِهِمْ لِيُجَادِلُوكُمْ وَإِنْ أَطَعْتُمُوهُمْ إِنَّكُمْ لَمُشْرِكُونَ
121. Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Шубҳасиз, у фисқдир. Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар. Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар.
Уламоларимиз ушбу оятнинг тафсирида «Агар мусулмон киши ҳайвонни сўяётиб, Аллоҳнинг исмини зикр қилишни унутиб қўйса, сўйган гўшти ҳалол», деганлар. Аммо билиб туриб, қасддан зикр қилмаса, ундай гўшт ҳаром бўлади.
«Устида Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар».
Шунингдек, аввал ўтган оятларнинг ҳукмига биноан, аҳли китобларнинг сўйиши ҳам ҳалолдир. Бошқаларини эса ейиш мутлақо мумкин эмас.
«Шубҳасиз, у фисқдир».
Яъни Аллоҳнинг номи зикр қилинмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини ейиш фисқ, яъни диннинг амридан чиқишдир.
«Албатта, шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилурлар».
Шайтоннинг дўстлари бўлмиш кофир ва мушриклар имконлари борича сизлар билан тортишадилар. Турли масалаларда, жумладан, Аллоҳнинг номи зикр этилмай сўйилган ҳайвонларнинг гўшти ҳақида ҳам тортишадилар. Сизлар уларнинг гапларига, тортишувларига ҳеч эътибор бермаслигингиз керак.
«Агар уларга итоат қилсангиз, албатта, сизлар ҳам мушриклар бўлурсизлар».
Аллоҳнинг гапини уқмай, ўзганинг гапига юрган одам мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Аллоҳнинг амрини тутмай, бошқанинг амрини тутган киши мушрик бўлмай, ким мушрик бўлсин?! Ҳатто ҳайвонларни сўйишда Аллоҳдан бошқанинг амрини тутиш ҳам ширк ҳисобланади. Кофир бўлиш эса умуман бошқа кулфат. ("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Машиналарда сўйилаётган товуқларга юзга-юз Бисмиллаҳ айтилмасдан сўйилади. Баъзи бир нотўғри фикр юритувчилар буни зарурат деб ҳам айтишмоқда. Аслида бу зарурат эмас, чунки Аллоҳни амрини сўзсиз бажариб, қалбдан қабул қилувчи мусулмонлар бир кунда бир неча минглаб товуқ сўйиладиган фабрикаларда “фойдам озроқ бўлса ҳам майли” деб бир неча кишиларни ёллаб ҳар бирига Бисмиллаҳни айттириб сўйдиришмоқда. Баъзилар буни вахший ҳайвонларга ҳам қиёс қилишибди. Бу қиёс шайтонни Аллоҳ “Одамга сажда қил” деганда “Мен одамдан яхшиман, у лойдан мен эса оловдан яралганман” деб қилган қиёсидан бошқа нарса эмас. Ҳалол деб этикетка урганларнинг гапига эътибор қилинмайди. Эшак гўштига ҳам ҳалол деб этикетка ураётганлар бор. Ҳолбуки эшакнинг ҳаромлигида шак-шубҳа йўқ. Валлоҳу аълам!