Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Моида сурасидан

00:00 / 17.05.2011 | eski savollar | 2866
Ассалому алайкум Шайх ҳазратлари!Аллоҳ таоло сизга куч қувват,тани сиҳатлик берсин.Аллоҳ юзингизни бу дунёда ҳам охиратда ҳам нурли,ёруг қилсин! Устоз қуйдаги оятни тушинишга ёрдам берсангиз илтимос88وَكُلُواْ مِمَّا رَزَقَكُمُ اللّهُ حَلاَلاً طَيِّباً وَاتَّقُواْ اللّهَ الَّذِيَ أَنتُم بِهِ مُؤْمِنُونَ88 . Ва Аллоҳ сизгаризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг. ( Ҳукм чиқариш, жумладан, нима ҳалолу нима ҳаромлигининг ҳукмини чиқариш ҳам Аллоҳ таолонинг ўзигагина хосдир. Аллоҳ ҳалол деган нарсани ким ҳаром деса ёки Аллоҳ ҳаром қилган нарсани ким ҳалол деса, кофир бўлади. Ундай одам Аллоҳнинг илоҳлик сифатига–шариат ҳукмларини чиқариш сифатига шерик бўлишга уринган бўлади. Шунингдек, бир киши ўзи учун ҳам бундай ҳукмни чиқариб, қандайдир диндорлик сифатини зиёда қилишга уриниш, деб ўйлаши ҳам нотўғридир. Бундай иш диндаги ғулув–ҳаддан ошиш ҳисобланади.)вазиятни кенгроқ тушунтирсам устоз биз мусофирдамиз илгари берган саволаримда шундай ҳодисани билдирган эдим ҳалол булмаган гушт маҳсулотларини ҳалол тамгасини қуйиб ҳалол дукон ва ресторанларга тарқатишини эшитган эдик яни яқин биродаримиз шу ишда ишлаб ташлаб чиқди.Шундан кейин сураб сурсиҳтириб тақводор биродарлани маслаҳатига кура жудаям ишонарли гушт дуконларидан гушт оладиган булдик овқатладиган жойга ҳам ушандай ишонарли жойдан овқатланадиган.Лекин ҳамма ҳам ҳабари ёқ бошқалар ҳам қулидан келганча ҳалал деган гушт дуконлардан олиб ейишади,шунақа вазиятлар ҳам булди,биродарлар билан дуконга кириб қолганда ёки меҳмондорчилик борганда,нега ундан омайсиз у бумайдими нега бу жойдан овқатланмайсиз деган,сизни бир гапизни уқиган эдим шунга яқин манодиги тақводор одам тақводор бумаган одамни айбланмасин агар у ушани қилмаса,тақводор булмаган одам тақводорни ҳам айбламасин нега ундай қилдингиз деб дегандек.яни уртада ихтилоф чиқармаслик учун.Юқоридаги оятда ҳалол ҳаром ҳақида жудайм нозилкни яна ҳам билиб,лекин устоз ушнадай вазиятда мен у ҳалал деб ёзилган ҳалал эмас деб айтмадим Аллоҳдан қурқаман,лекин мен шундан сотиб оламан деб қуя қолдим ёки шу ошхондан овқатланамн деб чуқурлашмасдан.Бундай дейишимга сабабни қисқача қилиб уша ҳалал тамгасини босиб бундан бизнес юлида фойдаланётганларни айтиб бердим.Бир биродаримиз маслаҳат бериб Аллоҳ юлида ибодат қилаётган булсангиз таомингизга луқмангизга ҳам эҳтиёт булинг деб.Еб турган луқмамизга этиборли булишимиз, оиламиз болларимиз еб-ичиб катта булябди деб жиддий қарашимиз нафақат гушт маҳсулотлари буёқда школддан тортиқ сқичларгача қарамаса бумайди,таркибини эринмасдан қараб текшириб сотиб оламиз.Чунки таркибида ёзилган ҳаммаси нима қушилган қанча миқдорда,уни 1,2марта кургандан узи ажртадиган булиб қолади одам масалан таркибида Э-рақамли маҳсулотларни жуда куп.Устоз бизни шубҳали нарсларни тарк этишимиз,гулуга кетганга ухшаб қомайдими,яни шундай юлда тақво қилишимиз.Биз фақат Аллоҳ розилиги учун уша ҳаром билан ҳалол уртасидан шубҳали нарсаларни тарк қилиш холос ҳадисга биноан.Устоз Аллоҳ юлида маслаҳат беринг илтимос!Аллоҳ таоло дин юлида қилаётган ишларингизга узи ёрдамчи булсин!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бу маънодаги ҳадиси шарифлар жуда ҳам кўп. Бир луқма ҳаром таом еган одамнинг неча кунлаб дуоси қабул бўлмаслигини биламиз.Айниқса, мусулмон киши ҳаром йўл билан молу дунё касб қилишдан худди чўчқанинг гўштини ейиш¬дан ҳазар қилгандек ҳазар қилиши керак. Ҳаром йўл билан молу дунё топган одам икки дунё¬да шарманда бўлади. Бу дунёда азоб-уқубат, турли бало-офатларга йўлиқиб, у дунёда жаҳаннам ичида туриб, қорнига таом ўрнига оловни ейди.«Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир».Яъни, ҳалол билан ҳаром орасида шубҳали нарсалар бордир.«У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар».Бундоқ нарсаларни шариат илмларини пухта биладиган уламоларгина биладилар.Демак, баъзи нарсаларнинг ҳалоллиги ҳам, ҳаромлиги ҳам очиқ-ойдин билинмайди. Ҳалол, дейин деса, ҳаромга ўхшайди, ҳаром, дейин деса, ҳалолга ўхшайди. Бундоқ нарсаларни шубҳали нарсалар, дейилади. Асосий мушкул худди шу нарсалардадир.«Шубҳа» сўзи луғатда «ўхшаш» маъносини билдиради. Яъни, шубҳали нарса ўзидан бошқа нарсага ўхшашдек туюлади. Унинг аниқлиги йўқ бўлади.Уламоларимиз ҳалол ва ҳаром бобидаги шубҳали нарсани икки хил эътиқодни тақозо қилувчи икки нарса содир бўлгани учун икки хил эътиқодга сазовор бўлган нарса шубҳали нарса, дейилади, деганлар.Демак, шубҳали нарсалар бир неча хил бўлади:1. Бир нарсанинг ҳалоллиги ҳақида бир томондан, ҳаромлиги ҳақида иккинчи томондан далил келган бўлса, улардан қайси бири олдин эканлиги билинмаса, у шубҳали нарса бўлади. Бунга уламоларимиз келажакда ўрганиладиган «Мухобара» номли муомалани мисол қиладилар.2. Шариатда ҳукми баён қилинган бўлса ҳам маш¬ҳур бўлмагани учун кўпчилик билмайди. Мисол учун, «зобб» номли калтакесакдан катта, эчкиэмардан кичик ҳайвон ҳалол, аммо ўша ҳайвон яшамайдиган жойларда буни кўпчилик билмайди.3. Умумий маъно ёки қиёсдан олинадиган ҳукм бўлиб, уламолар турлича тушунган нарсалар.4. Шариатда мубоҳлиги ёки мубоҳ эмаслиги ҳақида ҳукм келган, аммо вақтинчалик ёки доимий эканлиги ҳақида ихтилоф бор нарсалар.Ёввойи эшак, хачир ва отга ўхшаш бу нарсаларнинг ҳукмини, ҳалол ёки ҳаромлигини мужтаҳид уламолар оят, ҳадис, ижмоъ, қиёс ва бошқа фиқ¬ҳий қоидалар билан солиштириб ўрганиб чиқадилар. Сўнгра ҳалол ёки ҳаром эканлиги ҳақида ҳукм чиқарадилар. Шундан кейин у ҳалоллик ёки ҳаромлик сифатини олади. Юқорида келтирилган фикрлар мазкур ҳайвонларнинг зотидаги ҳалоллик ёки ҳаромлик ҳақидаги маълумотларга асосланади.Аммо зоти ҳалол нарсани бирор кишига ҳалол мулк бўла олишига тегишли шубҳалар ҳам бир неча хил бўлади:Биринчи хили, ҳалол ёки ҳаром қилувчи сабабда шубҳа пайдо бўлиши.Мисол учун, бир одам асли ҳалол қушга ўқ отди. Бу хилдаги овланган қуш аслида ҳалол бўлади. Лекин отилган қуш сувга тушсаю, овчи уни сувдан олиб чиққанда ўлган бўлса, шубҳа бўлади. Қуш отилган ўқ билан ўлдими ёки сувга тушиб бўғилиб ўлдими, билиб бўлмайди. Уламолар бу ва бунга ўхшаш шубҳали ҳолатларга ҳаромлик устун эканига фатво чиқарганлар.Бундоқ шубҳалар, айниқса, ҳалол билан ҳаромнинг аралашиб кетишидан келиб чиқади. Мисол учун, бир дона ҳаром ўлган ҳайвон гўшти битта ёки ўнта ҳалол йўл билан сўйилган ҳайвонларнинг гўштига аралашиб кетса, ҳамма гўшт шубҳали бўлиб қолади. Ҳаром гўштни ажратиб олишнинг имкони бўлмагани учун мазкур бир ёки бир неча маълум ҳайвон гўшти ҳам ҳаром, деб эълон қилинади.Яна бир мисол. Бир йигитнинг эмикдош синглиси бор, унга уйланиши шариат ҳукми бўйича ҳаром. Лекин ўша қиз ким эканлиги айнан маълум эмас. Фақат бешта-ўнта ёки маълум адад қизлардан бири эканлиги билинади, холос. Шу ҳолатда шариат ҳаром қилган кишини никоҳлаб олиш шубҳаси туғилади ва адад чегараланган бўлганидан, шубҳадан қочиб, уларнинг бирортасига ҳам уйланмаслик вожиб бўлади.Иккинчи хили, чегараланган ҳаром нарса чегараланмаган ҳалол нарсага аралашиб кетиши. Бу ҳолда ҳам шубҳа ҳосил бўлади. Лекин катта мушкуллик эътиборидан шариат бундоқ ҳолатларда ҳалолликни ғолиб ҳисоблайди.Мисол учун, ўзи билан эмикдош бўлган қиз шаҳарнинг қизларидан бири эканини яхши билади. Аммо ким эканини билиб бўлмайди. Шу сабабдан ҳамма аёлларни унга ҳаром деб эълон қилинмайди, балки хоҳлаганига уйланаверади. Уламолар иттифоқи шундоқ.Шунингдек, молу дунёга ҳаром аралашгани маълум, лекин ўша ҳаромнинг аниғи номаълум. Шунинг учун олди-сотди ёки емоқ-ичмоқни тарк қилиш вожиб бўлмайди. Бундоқ бўлса, кишилар катта танг¬ликда қоладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар вақтларида рибохўрлик, ўғирлик содир бўлган, кўп молу мулкка аралашиб кетган, лекин пул муомаласи ёки ўғирланган нарсалар жинсидан бўлган ашёларни сотиб олиш ман қилинмаган. Уламоларимиз бунга ўхшаш нарсаларни сўраб-суруштириб, четлашга уриниш васвасадир, дейдилар.Учинчи хили, чегараланмаган ҳаром чегараланмаган ҳалолга аралашиб кетиши. Бундай пайтда ҳаромлигига ҳужжат-далил бўлган нарсанигина ҳаром, деб айтилади. Бошқа нарсалар ҳалоллик ҳукмини олади. Чунки шариат ҳукми бўйича аслида моллар ҳалолдир. Кишилардаги фисқ ғолибдир. Шариат қоидаси бўйича асл билан ғолиб тўқнашиб қолса ва ғолибнинг аниқ белгиси бўлмаса, асл устун келади.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар даврида ҳаромдан топилган мол-дунё, рибохўрлик фойдаси, ўлжадан беркитиб олинган нарсалар, баъзи таланиб олинган моллар аралашиб кетган. Ҳеч ким, мазкур нарсаларнинг ҳаром ҳолида ҳалол молларга аралашиб кетишига қарамай, бозорни ёпишга ёки олди-берди қилмасликка амр қилмаган. Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳу насроний аёлнинг идишидан таҳорат қилганлар. Саҳобаи киромлар ғайридин юртлардан келтирилган кийим-кечак ва бошқа матоларни сотиб олиб ишлатар эдилар. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, шубҳали нарсаларда етук олим кишилардан сўраб олиб тасарруф қилиш керак бўлади. Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинким, ўтган мужтаҳид олимларимиз бундоқ масалаларни жуда ҳам яхшилаб ҳал этиб, китобларга ёзиб кетганлар. Ҳозирги уламолар ўша китоблардан фойдаланган ҳолда жавоб беришлари осон. Ўтган вақтларда мавжуд бўлмаган масалаларни эса, Ислом фиқҳи мажмаъларидаги уламолар ҳал қилмоқдалар.«Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйи учун покланган бўлади».Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсадан сақланган одам дини ва обрўйини поклаган бўлади. Шунинг учун муаййан шубҳали нарсадан узоқда бўлиши керак.Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ўзингни шубҳага солган нарсани тарк эт, ўзинг¬ни шубҳага солмаган нарсани ол!» деган гаплари қоидадир.Шубҳали нарсага нисбатан муносабат бир неча хил бўлади:1. Вожиб.Ўзиники ёки ўзганики экани аниқ бўлмаган молни олмаслик.2. Мустаҳаб.Молининг кўпи ҳаром бўладиган одам билан муомала қилмаслик.3. Макруҳ.Аллоҳ таоло рухсат берган нарсаларни ва ҳадисларни олмаслик.Имом Бухорий ва Имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Уқба ибн Ҳорис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мен бир хотинга уйланган эдим, бир қора аёл келиб, мен билан хотинимни эмизганини даъво қилмоқда, у ёлғончи», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан юзларини ўгириб олдилар. У ўз гапини у Зотга иккинчи бор қайтарди. Шунда у Зот: «Қандоқ қилиб?! Ахир, у (аёл) икковларингизни эмизганини даъво қилиб турибди-ку? Уни талоқ қил!» дедилар. Шубҳа тушгани учун шундоқ қилдилар.Лекин шубҳанинг ҳам чегараси бор. Бўлиши қийин нарсаларни ўзига фараз қилиб, турли хаёллар билан турли шубҳалар қилишни васваса, дейилади. Уламоларимиз бундоқ васвасага бир қанча мисоллар келтирадилар. Бу юртда менинг қариндошларим ўтган экан, шу ердан уйлансам, билмай қариндошимга уйланиб қўймай, деб бутун бошли бир юртдан уйланишни тарк қилиш, очиқ жойдаги сувни нажосат тушган бўлиши мумкин, деб ишлатмаслик, бирор кийимни менинг қўлимга тушишидан олдин нажосат теккан бўлиши мумкин, деб ювишга ўхшаш ишлар шулар жумласидандир. Имом Қуртубий бундоқ ишлар парҳезкорлик эмас, шайтоний васвасадир. Чунки буларда шубҳа маъносидаги ҳеч нарса йўқ. Бундоқ нарсаларнинг содир бўлиши шариатни билмасликдан келиб чиқади, дейдилар. Имом Ҳарамайннинг оталари Имом Абдуллоҳ ибн Юсуф ал-Жувайнийга янги кийимни бўяш, қуритиш вақтида ерга тушиши бор, нажосат тегиши бор, деб ювиб ташлаб киядиган кишилар зикр қилинди. У кишининг қаттиқ аччиқлари чиқди ва:«Бу хорижийларнинг тариқатидир! Уларни Аллоҳ таоло ноўрин жойда ташвиш қилиш ва эҳтиёт бўладиган жойда бепарво бўлиш балосига учратган. Буни қилувчи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳоба ва тобеинларнинг ишига эътироз қилувчидир. Чунки у зотлар янги кийимни ювмасдан кияр эдилар. Уларнинг асрларидаги кийимнинг ҳоли бизнинг асримиздаги кийимнинг ҳоли каби эди. Агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша ки¬йимларни ювишга амр қилган бўлсалар махфий қолмас эди», дедилар.Албатта, бу шаклдаги васвасага берилиш Ислом шариати руҳидан узоқ нарсадир. Лекин муаййан шуб¬ҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиш зарур. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифнинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу нарсага алоҳида эътибор бермоқдалар: «Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади». Яъни, ҳалоллигида шубҳа бор нарсаларни олиб, еб-ичиб, ишлатиб юрган одам ҳаромга тушиши турган гап. Чунки:«Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши осон». «Қўриқхона» деганда Ислом давлати бошлиғи томонидан жиҳодга миниладиган ва давлат мулки ҳисобланадиган ҳайвонларни боқиш учун ажратиб, чегаралаб қўйилган яйловга айтилган. У давлат томонидан қўриқланади. Ким ўша яйловда ўз ҳайвонини боқса, қоидани бузган ҳисобланади ва жазога тортилади.Табийки, мазкур қўриқхонага энг яқин жойда ҳайвон боққан одамнинг ҳайвонлари қўриқхонага тушиши ва ундан ўтлаб қўйиши жуда ҳам осон. Чунки энг яқин жойда турибди, бир ҳаракат билан қўйми-молми ёки бошқа ҳайвонми қўриқхона ўтидан ейиши ва эгаси жавобгар бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.Шубҳали нарсаларга яқин юрадиган одамнинг ҳоли ҳам худди шундоқ. Хоҳлаган лаҳзада, ўзи билмай қолиб, ҳаромни олиб, еб ёки муомалага киритиб қўйиши мумкин. Оқибатда обрўйи тўкилиб, динига путур етиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳам динини, обрўйини пок ҳолда сақлаш ниятида бўлган киши шубҳали нарсаларга умуман яқинлашиши керак эмас.Худди шу маънони яна ҳам кучлироқ таъкидлаш мақсадида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна бошқа бир мисол келтирадилар:«Огоҳ бўлингким! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир». Ўша қўриқхонада подшоҳнинг ҳайвонларидан бошқа ҳар қандай ҳайвоннинг юриши қатъийан ман қилинган. Ушбу қоидани бузган одам эса, тегишли жазога тортилган. Подшоҳнинг жазосидан қўрққан одам қўриқхонага ўзи ҳам яқинлашмайди, ҳайвонини ҳам яқинлаштирмайди. Эҳтиёт бўлмаган одам эса подшоҳнинг жазосига тортилиши ҳеч гап эмас.«Огоҳ бўлингким! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси, Унинг ҳаром қилган нарсаларидир».Яъни, Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалари худди подшоҳнинг қўриқхонасига ўхшайди. Ким ўша ҳаром қилинган нарсаларга яқинлашса, унинг ҳаромга йўлиқиши осонлашади, ҳаром ишни қилган одам эса, Унинг жазосига учрайди. Ҳаром ишни қилган одам учун икки дунёда ҳам турли-туман жазолар бордир.Ҳаром нарсаларни еган, улардан фойдаланган кимсаларга бу дунёда соғликлари бузилиши, турли бало-офатларга гирифтор бўлиши ҳамда охиратда ўзига яраша оғир жазолар тайин қилиниши муқаррар.Ҳаром йўлдан мол топганларга ҳам қўлларини кесиш ва бошқа турли тан жазолари билан бирга, бало-офатларга йўлиқиш, ибодати ва дуоси қабул бўлмаслик каби руҳий-маънавий жазолар бор. Охиратда эса дўзах азоби бўлиши турган гап. «Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир».Бу иқтибосда «солиҳ» сўзи «бузуқ» сўзига қарама-қарши маънода ишлатилганига эътибор беришимиз керак.Ушбу жумлаларда қалбнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти баён қилинмоқда.«Қалб» деб луғатда «бир нарсани ағдаришга» нисбатан айтилади. У бир хилда турмай у ёқ-бу ёққа ағдарилиб тургани учун ҳам «қалб» деб аталган. Ислом тушунчаси бўйича қалб икки хил: зоҳирий ва ботиний бўлади. Зоҳирий қалб кўкракнинг чап томонида жойлашган конус шаклли гўшт парчасидир. У инсоннинг зоҳирий – жисмоний қисмига жон вазифасини ўтайди.Ботиний қалб эса, нуроний, латиф, билувчи нарса бўлиб, инсонни инсон қилувчи нарса ҳам ўшадир.У инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди. Қалбни бизнинг тилимизда «юрак» ҳам дейилади. Ушбу ҳадиси шарифда таъкидланишича, қалб инсоннинг ёмон ёки яхши бўлиши учун асосий омил бўлар экан. Унинг ёмон ёки яхши бўлиши эса, ҳалол ва ҳаромга боғлиқ. Ушбу ҳақиқат қадим замонда фақат руҳий-маънавий жиҳатдан тушунилган. Ҳаромхўрлик қилган одам гуноҳкор бўлиши ва охиратда дўзахга тушиши маъносидагина тушунилган.Ҳозирги кунда эса, юрак жисмимизни ҳаётда ва соғликда тутиб турадиган нарса сифатида билинади. У ишлаб турса, жисмда ҳаёт бўлади, у соғлом бўлса, жисм ҳам соғлом бўлади, у хаста бўлса, жисм ҳам хаста бўлади, деб фикр қилинади.Аслида эса, ҳадисдан ушбу икки тушунчанинг умумлаштирилган маъноси тушунилмоғи лозим.Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинар экан. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилингандан сўнг танда қонга айланади. Юрак эса, қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса, илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлгандан кейин эса, ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузуқ бўлади.Худди шу ҳолат ботиний қалбга нисбатан ҳам ҳосил бўлади. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўладилар. Мазкур гуноҳлар зарари эса, уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром¬хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бориб-бориб, маънавий ўлимга айланади.Шунинг учун ҳам қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши амр чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳадиси шарифни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда ҳам муҳтожмиз. Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим. Шубҳали нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам зарур. Уламолардан сўраб-суруштириб, ҳалоллиги аниқ бўлган нарсани ўзимизга раво кўришимиз зарур. Агар уламолар шубҳали нарсаларнинг ҳалоллигига фатво бермасалар, унга мутлақо яқин йўламаслигимиз керак.

Топ рейтинг www.uz Openstat