- Ва алайкум ассалом! Ҳадисларда ифторга шошилиш зикр қилинган.
عَنْ سَهْلِ بْنِ سَعْدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَزَالُ النَّاسُ بِخَيْرٍ مَا عَجَّلُوا الْفِطْرَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلَفْظُ أَبِي دَاوُدَ: لَا يَزَالُ الدِّينُ ظَاهِرًا مَا عَجَّلَ النَّاسُ الْفِطْرَ، لِأَنَّ الْيَهُودَ وَالنَّصَارَى يُؤَخِّرُونَهُ. وَلِلتِّرْمِذِيِّ وَأَحْمَدَ: قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: أَحَبُّ عِبَادِي إِلَيَّ أَعْجَلُهُمْ فِطْرًا
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Модомики ифторни тез қилар эканлар, кишилар хайрда бўлурлар», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Абу Довуднинг лафзида:
«Модомики одамлар ифторни тез қилишар экан, дин устун бўлур. Чунки яҳудий ва насронийлар уни кечга сурурлар», дейилган.
Термизий ва Аҳмаднинг ривоятларида эса:
«Аллоҳ азза ва жалла «Мен учун бандаларимнинг энг маҳбуби ифторни тезроқ қиладиганидир», деди», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятларда вақт бўлиши билан дарҳол ифторлик қилишга тарғиб этилмоқда ва бу туфайли қуйидагича яхшиликлар бўлиши ваъда қилинмоқда.
1. Кишиларнинг хайрда бардавом бўлишлари.
2. Ислом динининг устун бўлиши.
3. Аллоҳ таоло учун маҳбуб бандалардан бўлиш. Шунинг учун ифтор вақти кириши билан дарҳол оғизни очишга одатланишимиз лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!