Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Сўкиниш

10:32 / 07.04.2015 | Abdulhay | 5326

Ассалому алайкум! Саволни бир опамиз илтимослари билан сизга уларнинг номларидан бераман: "Турмуш ўртоғим жуда кўп сўкинади, нимадур билан шуғулланаётган бўлса, озгина нарсага ҳам сўкиниб қўяди. Уларга бу ишлари катта гуноҳ, яхши эмаслигини кўп тушунтирдим, лекин ҳозирча ҳеч қандай фойдаси бўлмади. Уларни сўкинишдан қайтариш учун нима қилишни билмаяпман. Саволим: сўкинишга бу дунё ва у дунёда қандай жазолар берилади? Ўйлайманки, турмуш ўртоғим жазосини билиб бу ишдан сақланади".


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Баъзи уламолар инсонни «нотиқ ҳайвон»дея таърифлаган эканлар. Луғавий жиҳатдан «ҳайвон»лафзи «ҳаёт» сўзидан олинган бўлиб, ҳаёти бор нарсаларга ишлатилса бўлади. Шунинг учун инсонга нисбатан ҳам ҳайвон иборасини ишлатиш мумкин, дейдилар. Мулоҳаза қилиб кўрилса, инсоннинг бир қанча нарсаларда ҳайвон билан ўхшашлиги бор. Мисол учун оч қолиш, таомга муҳтож бўлиш, иссиқ ёки совуқдан таъсирланиш, жинс, зурриёт, қон айланиши ва ҳ.к. Юқоридаги таърифдаги «нотиқ» сўзи эса инсонни бошқа ҳайвонлардан ажратиб турадиган нарсалардан биридир. Демак, муайян маънони англатувчи нутқ сўзлаш қобилияти инсонни ҳайвондан ажратувчи афзалликлардан бири саналар экан. Ўз навбатида бундай нутқ сўзлаш учун ақл, идрок бўлиши зарур. Ушбу мазкур омилларнинг йиғиндисидан инсонни бошқа ҳайвонлардан ажратиб турувчи асосий сифати-яхшидан ёмонни, фойдадан зарарни ажрата билиш сифати келиб чиқади. Бинобарин, инсон мазкур сифати ила керакли ишларни ажратиб олиб, кейин ихтиёр этганини амалга оширади. Бунга ирода дейилади. Инсондаги ирода икки хил бўлади. Яхши ирода ва ёмон ирода. Инсон яхши ишларнинг фарқига қанча кўп борса, уларни ихтиёр этса ва иродаси ила амалга оширса, унинг инсонийлиги шунчалик баркамол бўлади. Икки дунёнинг саодатига кўпроқ эришади. Аксинча, қанча кўп ёмон ишларни ихтиёр этса ва уларни иродаси ила амалга оширса, инсонийлиги шунчалик нуқсонга учрайди. Икки дунёнинг бадбахтлигига шунчалик кўп гирифтор бўлади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсоннинг баркамоллиги ёки камчиликлари унинг иродасидан вужудга келадиган амаллари, ўзини тутиши ва муомалалари самарасидир. Ўз навбатида инсон баркамоллиги ҳам иккига бўлинади: илмий баркамоллик ва амалий баркамоллик. Биринчиси, яъни илмий баркамоликка эришиш учун турли илм ва маърифатларни эгаллаш лозимдир. Иккинчи, яъни амалий баркамоллик эса, «Инсоннинг ахлоқий баркамоллиги» деб ҳам, аталади. Унинг воситаси ила инсон ўз фикрлари, тасарруф ва амалларини тартибга солади. Тасарруф ва амаллар инсондан ғолиб эмас, балки инсон улардан ғолиб келади. Ўзининг ажратиш қобилияти ила яхшини ёмондан фарқлайди ва уларни тартибга солади. Натижада инсонда ҳақиқий одобли ва маданиятли шахсда содир бўлиши лозим бўлган гап-сўз ва амаллар юзага чиқади. Ушбунинг вужудга келишида дин асосий манба ҳисобланади. Аллоҳга бўлган иймон, қиёмат кунидан бўлган умид, гуноҳ ҳамда савоб тушунчаси, бошқа диний тарбия ва омиллар инсоннинг иродасидан келиб чиқадиган омилларни тартибга солишда, уларни яхшилик томон буришда жуда муҳимдир. Акс ҳолда кўзланган натижага эришиб бўлмайди. Ушбу фикрни халқлар бошига бало бўлиб келган худосиз коммунизм тузуми мисолида ўз кўзимиз билан кўрдик. Бу тузум мафкурачилари томонидан инсон баркамоллиги ҳақида айтилган ва ёзилган гап-сўзларнинг чегараси йўқ эди. Янги инсон яратиш, маданиятнинг энг юксак чўққисига чиқиш даъволари тинмай ташвиқот қилинди. «Коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси» ишлаб чиқилди ва шунга ўхшаш нарсалар амалга оширилди. Аммо охири бориб бу тузум дунёдаги энг ахлоқсизлар тузуми эканлиги фош бўлди. Бу тузумнинг асосчилари, раъбарлари ва фаоллари ахлоқий фазилатнинг кўчасидан ҳам ўтмаганликлари маълум бўлиб қолди. Собиқ Иттифоқ ҳудудида яшаган барча халқларнинг минг йиллар давомида тўплаган ахлоқий тажрибалари, маънавий қадриятлари оёқ ости қилинди. Коммунистларнинг энг катталари билан мулоқотда бўлганлар уларнинг ахлоқсиз кишилар эканлигини дарҳол пайқар эди. Ушбу тажрибалар инсон иймонсиз бўлса, ахлоқсиз ҳам бўлишини, бу билан у ҳайвондан паст даражага тушиб қолишини кўрсатади. Энди эса, янгидан маънавий қадриятларни тиклаш, кишиларни одоб, ахлоқли, маданиятли қилиб тарбиялаш вазифаси турибди. Бунинг дастлабки босқичида биринчи навбатда ёмон хулқ-атвордан қутулиш лозим бўлади. Ушбу мақолада ана шундай ахлоқий бузуқликлардан, таъбир жоиз бўлса, маънавий жиноятлардан бири бўлган «сўкиш», яъни бир инсоннинг иккинчисини нолойиқ сўзлар билан таъқирлаши ҳақида суҳбат қиламиз. Кўпчилик ахлоқ илми уламолари Инсонни табиатан маданий жонзот, деб ҳам таърифлайдилар. Яъни инсон ўзи ёлғиз яшай олмайди. У ўзига ўхшаган бошқа инсонлар билан маданий ҳаёт кечиришга мажбурдир. Ўша жамоатчилик орасида яшаш давомида гўзал ахлоқий фазилатлар эгаси бўлиши талаб этилади. Ахлоқий фазилатлар, жумладан ширин муомала ҳар бир инсон учун зийнат ҳисобланишида ҳамма халқлар бир фикрдалар. Аммо амалга келганда ихтилоф бошланади. Динсизлар разолатларни тап тортмай амалга ошираверадилар. Очиғини айтадиган бўлсак, коммунистлар бу соҳада ҳаммадан ўтиб кетган эдилар. Уларнинг беодоб гаплари, сўкинишларига тенг келадиган ҳеч нарса бўлмаса керак. Ҳозир уларнинг раҳбарлари айтган сўзлардан иқтибос келтирмоқчи бўлганлар, аввал тингловчи ёки ўқувчидан узр сўраб, сўнгра иқтибос келтирадилар. Хўш бундай одобсизликларга, хусусан сўкишга Исломнинг муносабати қандай? Ислом кишиларни барча ахлоқий фазилатларга чақиради ва барча разолатлардан қайтаради. Дунёда ҳеч бир дин, фалсафа ёки тузум Исломчалик ахлоққа аҳамият бермаган. Ислом пайғамбари Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Яхши ахлоқларни батамом ўрнатиш учун пайғамбар қилиб юборилдим», деганлар. Қуръони Карим оятларида, пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида, уламоларимизнинг китобларида ахлоққа катта аҳамият берилган. Мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган асосий аломатлардан бири ҳам уларнинг юксак ахлоқий фазилатларидир. Аввал айтиб ўтганимиздек, Ислом яхши ахлоқларга чақирибгина қолмай, инсонларни ёмон хулқлардан қайтаради ҳам. Ислом таълимотларига амал қилиб борилгандагина ёмон ахлоқлардан халос бўлиш мумкин. Бир оз чўзилиб кетган муқаддимадан сўнг асосий мавзу «сўкиш»га Ислом қандай қарашига қайтайлик. Сўкиш ёки сўкиниш Исломда катта беодоблик ва гуноҳлар қаторига киради. У ижтимоий алоқаларнинг бузилишига, инсонларнинг ҳақоратланишига олиб келадиган бадхулқликдир. Шунинг учун ҳам пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида сўкишни қаттиқ қоралаганлар. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насаий ва бошқа машҳур муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилган машҳур ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон кишини сўкиш фисқдир. У билан урушиш эса куфрдир», деганлар. Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилаяпти. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради. Одатда одамлар сўкишга унча эътибор бермайдилар. Сўкса сўкилиб қолармиди, деб кетаверадилар.Фалончи бўлгандан кейин сўкади-да, деган ноўрин мулоҳазаларни ҳам айтадилар. Аслида эса, сўкиш гуноҳ ва қабиҳ иш бўлиш билан бирга, ўзидан кўра каттароқ гуноҳ ва ҳалокатларга элтувчи йўл ҳам ҳисобланади. Имом Баззор Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу дан ривоят қиладилар. У киши пайғамбаримизга санадини етказадилар. У зоти боборакот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келганлигини англатади», деган эканлар. Жар ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эътибор бермай, сўкса нима бўпти, дейиш мутлақо нотўғри ишдир. Хусусан, сўкишни кўп ишлатадиган беодоб одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларни битирганлар, катта мансабларни эгалаганлар, яхши кийиниб, яхши яшашлари ҳам мумкин. Аммо модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишидан қатъий назар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар. Ўзаро муомалада биринчи бўлиб сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. Орадаги ҳурмат ва иззат, ўзаро тушуниш пардасини йиртган, ёмонликка йўл очган бўлади. Имом Байҳақий Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу дан ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам:»Ҳар қандай икки мусулмоннинг орасида албатта, Аллоҳ Таоло томонидан тутилган парда бўлади. Улардан бири иккинчисига бир оғиз сўкиш сўз айтса, Аллоҳнинг пардасини йиртган бўлади», деганлар. Кишилар орасидаги ўзаро ҳурмат ва эҳтиромнинг Ислом динида қанчалик улуғланишини кўраяпсизми? Ҳадиси шарифда бу нарсани «Аллоҳнинг пардаси», деб аталмоқда. Халқ орасидаги «Инсоф қилайлик, орамиздан парда кўтарилмасин, юзимиз очилмасин, кейин яхши бўлмайди», деган гаплар ушбу ҳадиси шарифдан олинган бўлса ажаб эмас. Демак, биринчи бўлиб бошқа шахсни сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. У оз эмас, кўп эмас, оламларнинг Роббиси Аллоҳ Таоло инсонлар орасига қўйган пардани йиртган ҳисобланади. Шу билан бирга иккинчи томон ҳам дарров ўт олиб, сўкишни бошлаб юбориши керак эмас. Биринчи шахс уни сўкиш билан катта гуноҳ қилди. Ўзининг беодоб. пасткаш эканлигини кўрсатди. Энди иккинчи киши у билан тенглашмаслиги шарт. Имом Ибн Ҳиббон ривоят қилган ҳадисда Ниёз ибн Ҳимор қуйидагиларни айтадилар: «Мен Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламга «Эй Аллоҳнинг Расули! Бир одам мени сўкса, у ўзимдан паст бўлса, ундан ғолиб келадиган бўлсам, менга бирор нарса бўладими?» деб сўрадим. У зот: «Икки сўкишган, обрўйини тўкаётган ва ёлғон гапираётган кишиларикки шайтондир» дедилар. Демак, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам Ниёз ибн Ҳимор розияллоҳу анҳуга ўзини сўккан одамга жавоб қайтаришга изн бермадилар. Агар шундай қилса, икки беодоб шайтоннинг бири бўлиб қолишини англатдилар. Бу нарса ҳар бир мусулмоннинг ёдида доимо туриши лозим бўлган нарсадир. Сўкишни ўзига одат қилиб олган беодоб инсонлар ўзларининг жирканч хулқлари, пасткашликлари билан нафақат қаршисида турган шахсни, балки беайб, мўътабар ва улуғ инсонларни ҳам ҳақорат қилган бўлади. Одам шаклида юрган бундай шахслар ёмонлигидан уйда ибодат билан машғул бўлиб ўтирган муштипар оналар, опа-сингиллар ва бошқалар ҳам четда қолмайди. Кўпроқ бу ҳақоратлар сўкувчининг ота-онасини ва яқинларини ҳақорат қилиш билан қайтарилади. Имоми Бухорий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Катта гуноҳларнинг каттаси инсоннинг ўз ота-онасини лаънатламоғидир», дедилар. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Қандай қилиб одам ўз ота-онасини лаънатлайди», деб сўралди. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одам бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади , онасини сўкса, онасини сўкади», дедилар. Кўриб турибмизки, бу жуда ҳам ноқулай ҳолат экан. Ота-онага раҳмат, иззат-обрў келтиришнинг ўрнига ўзининг беодоблиги ила лаънат, сўкиш келтириш нақадар бадбахтлик. Инсон ўзининг барча тасарруфотлари, ишлари, гап-сўзларини идора қила билиши, яхши сўзларни айтиб, яхши амалларни қилиб, ёмон сўз ва амаллардан қайтиши лозим. Исломда нафақат одамни, балки ҳайвонларни сўкиш ҳам манъ қилингандир. Ёш болаларимизни шу руҳда тарбиялаб боришимиз керак. Катталар эса, бу борада уларга ўрнак бўлишлари зарурдир. Аллоҳ Таоло ҳаммамизни тўғри йўлга бошласин! Сиз келтирган фатвога ўхшаш фатволар ушбу таълимотлар асосида чиқарилган. http://savollar.islom.uz/smf/index.php/topic,33215.msg157617.html#msg157617 Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat