Ассалому алайкум! Аллоҳ юрагимга намоз ўқишни солди алхамдуллилох. Намоз ўқишни бошладим, аммо турмуш ўртоғим намоз ўқишимга қарши. Агар намоз ўқимоқчи бўлсангиз уйингизга кетинг дедилар. Шундай бўлсада яшириб ўқияпман. Бу вазиятда тўғри йўл қанақа бўлишини айтинглар илтимос.
– Ва алайкум ассалом! Сиз яшириб бўлса ҳам намозингизни ўқинг. Эрингизга аста секин мақомига қараб тушунтиринг. Унинг ҳаққига кўпроқ дуо қилинг. Исломни чиройли қилиб кўрсатинг. Аллоҳ таоло "Таҳрим" сурасида марҳамат қилади:
وَمَرْيَمَ ابْنَتَ عِمْرَانَ الَّتِي أَحْصَنَتْ فَرْجَهَا فَنَفَخْنَا فِيهِ مِن رُّوحِنَا وَصَدَّقَتْ بِكَلِمَاتِ رَبِّهَا وَكُتُبِهِ وَكَانَتْ مِنَ الْقَانِتِينَ
12. Ва фаржини пок сақлаган Имрон қизи Марямни (мисол келтирди). Бас, Биз унга Ўз руҳимиздан пуфладик ва у Роббининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўлди.
Биби Марям Имрон қизи Аллоҳга соф эътиқодда бўлганлар ва ўзларини ҳам соф тутганлар. Яҳудийлар туҳмат қилганларидек, нопок бўлмаганлар. Аллоҳ таоло Жаброил фаришта орқали ўша пок жасадга Ўз руҳидан «пуф» дейиш билан Ийсо алайҳиссаломни ато қилган. Бу қиссалар бошқа сураларда батафсил келгани учун, биз бу ерда яна такрорлаб ўтирмаймиз, фақат шуни таъкидлаймизки, у киши Аллоҳнинг сўзларига ва китобларига иймон келтирганлар ҳамда итоаткор қавмлардан бўлганлар. Мўминлар Биби Марям ҳаётларидан ўрнак олишлари керак. “Аҳзоб” сураси 33-оятида : «Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни ирода қилади, эй аҳли байт!» Ушбу жумладаги «кир», албатта, маънавиятга тегишлидир, яъни бундан гуноҳлар ва бошқа маънавий доғлар тушунилади. «Аҳли байт» – хонадон аҳллари. Шиъа мазҳабидагилар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «аҳли байт»лари деб ҳазрати Али, Фотима онамиз ва уларнинг фарзандларинигина назарда тутадилар. Аммо Аҳли сунна ва жамоа уламолари ушбу ояти каримани далил қилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг азвожи мутоҳҳаралари ҳам «аҳли байт»га киришларини айтадилар. Бу мақом улар учун катта бахтдир. «Аҳли байт» дейилишининг ўзи катта гап. Чунки бу ибора бошқаларга ишлатилмайди. «Аҳли байт» деганда, фақат маҳбуб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадон аҳллари тушунилади, холос. Ўша аҳли байтдан кирликларни кетказишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олмоқда. Ўша аҳли байтни бутунлай поклашни Аллоҳ таоло ўз зиммасига олмоқда. Лекин, аввало, уларни одобли, ахлоқли бўлишга, уйларида виқор билан ўтиришга, жоҳилият очиқ-сочиқлигидан узоқ туришга, нозу карашма билан гапирмасликка, намоз ўқиб, закот беришга ҳамда Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилишга амр этмоқда ва шундан сўнггина улардан кирни кетказиб, бутунлай поклашга ваъда бермоқда. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга аҳли байт бўлишнинг ўзигина Аллоҳнинг уларни бутунлай поклаши учун етарли эмас. Балки, аввало, улар иймон-эътиқодда ва ибодату амалда бўлмоқлари зарур. Ана шундагина Аллоҳ таоло уларнинг кирларини кетказиб, бутунлай поклайди. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Фотима Муҳаммад қизи! Эй София Абдулмуттолиб қизи! Эй Бану Абдулмуттолиб! Мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман. Мендан ўз молимдан нимани хоҳласангиз, сўранглар», – деганлар. Имом Муслим ва имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Қурайш жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бану Каъб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бану Ҳошим жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Бану Абдулмуттолиб жамоаси, ўзингизни дўзахдан қутқаринг! Эй Фотима Муҳаммад қизи, ўзингни дўзахдан қутқар! Аллоҳга қасамки, албатта, мен сизларга Аллоҳдан келадиган бирор нарсани қайтаришга молик эмасман», – деганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларига муносабат шунчалик экан, энди бошқалар ўзлари тушуниб олаверсалар бўлади. Ҳа, Аллоҳ таоло Ислом жамиятининг жавҳари ҳисобланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан кирни кетказишни, уларни бутунлай поклашни хоҳлайди, аммо аввал аҳли байтни иймон ва амалга чақиради. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!