Ва алайкум ассалом.Тажвид илмида баён қилинган сиз айтган ва шунга ўхшаш ҳукмларга амал қилиш вожиб, уларга риоя қилиш лозим. Аммо ушбу қоидаларни ниҳоятда меъёрига етказиб адо қилиш оммага вожиб эмас. Ибн Хузайма ўз саҳиҳида Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ Қуръонни худди нозил бўлгандагидек тароватда ўқилишини хуш кўради», деганлар. Имом Абу Довуд ва Аҳмадлар ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қурънни оҳангламаган киши биздан эмас», деганлар.Уламоларимиз ушбу ва бошқа далиллардан келиб чиқиб, Қуръони каримни имкон борича тартил билан, яъни тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир, деганлар. Аммо айни вақтда ушбу вожибликни изоҳлаш маъносида мазкур амри илоҳийга нисбатан кишилар икки гуруҳга бўлинишини ҳам таъкидлаганлар.Биринчи гуруҳ: омма мусулмонлар. Улар Қуръони каримни бехато, маъносига халал етмайдиган ва қироат дуруст бўладиган даражада тиловат қила олишлари ҳамда бу борада ушбу малакага етарли даражада илм ҳосил қилишлари вожибдир. Қуръоннинг маъносига халал етказадиган хатоларга бир ҳарфнинг ўрнига бошқа ҳарфни ўқиш ёки ўзаро ўхшаш бўлган нутқ товушларини бир хил айтиш каби хатоларни мисол қилиб келтириш мумкин. Масалан: «бисмиллаҳир роҳманир роҳим»ни «бисмиллаҳур роҳманур роҳим» деб ўқиш ёки «сиротоллазийна..» жумласини «сироталлазина» деб ўқиш, ана шундоқ хатолардан ҳисобланади. Шунингдек, Қуръони каримни унинг арабий назмидан, ҳайъатидан чиқариб юборадиган ҳолатда ўқиш ҳам мумкин эмас. Шу билан бирга, ҳар бир мусулмон шахс Қуръонни имкони борича яхшироқ, гўзалроқ ўқишга интилиши, ҳаракат қилиши ўзи учун яхши бўлишини, улуғ ажрларга сабаб бўлишини, бу ҳолат унинг Ўз Парвардигорининг китобига бўлган муҳаббати ва эътиборининг нишонаси ўлароқ эътироф этилишини тушуниб етиши лозим. Иккинчи гуруҳ бу – қорилар, мутаҳассилар, Қуръондан таълим берувчи кишилардир. Уларга Қуръонни ҳар қандай каттаю кичик, ошкораю махфий хатолардан холи ҳолда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қироатларига монанд даражада ўзлаштириш ва уни бошқаларга етказишда айни шу тарзда ўргатиш вожиб бўлади. Улар ушбу малакага етарли даражада қироат ва тажвид илмларидан хабардор бўлишлари ҳам лозим. Чунки улар Қуръони каримнинг лафзини авлоддан авлодга нақл қилиш масъулияти ва мажбуриятидаги кишилар ҳисобланадилар. Аммо Қуръонни ичда тиловат қилганларида ёки махфий намозларда ўқиганларида қироатнинг камолига, чиройли бўлишига хизмат қилувчи айрим тажвид қоидаларига амал қила олмасалар айбланмайдилар. Валлоҳу аълам.