Ассалому алайкум! Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни икки олам сарвари дейишлик учун ҳужжатларинг борми демоқда. Биз илмсизлигимиз туфайли ҳеч нима деёлмай сиз муҳтарамларга юзланмоқдамиз. Жанобимизни шундай деб аташ ҳақида ривоятлар борми?
– Ва алайкум ассалом! Ўшандек одамлар майда одамлар ҳисобланади. Уларни иши доим майда ишлар билан шуғулланиш бўлади. Яна биттаси жума билан табриклаш йўқ дейди, яна бири шу каби майда чуйдалар дейди. Ҳозир бундан муҳим ишлар турибди. Ўша муҳим ишларни ҳал қилишга, асабларни ўша ишларга йўналтирайлик. Ҳозирги кунда ўзларини олим деб билиб, оят ва ҳадисдан ҳукм оладиган даражада деб билиб, мазҳабларни бидъат ва залолат дейдиганлар бор. Уларга шунчалик илмга эга бўлсангиз ҳал қилинмаган замонавий масалалар тўлиб ётибди, келинглар шуларни ҳал қилишга ёрдам беринглар. Масалан ўзбек тилида гапирадиган одам хотинига “сени қўйдим” деса бу билан ражъий талоқ тушадими ёки боин талоқ тушадими? Қайта никоҳлаш шартми ёки шарт эмасми? десангиз “Мен бу каби майда ишлар билан шуғулланмайман” дейди. Ваҳоланки бу ҳар бир эркак ва аёлнинг бошига тушиши мумкин бўлган, ҳалол ва ҳаромга тегишли масаладир. Аслида ундай инсонларни бу каби масалага ақли ҳам етмайди. Ўша сизга масала айтган одамдан ҳам сўраб кўринг. Гапирса нимага суяниб гапирдинг шунга қатъий ишончинг борми деб айтинг. Чунки улар миясига келганини гапириб юборишдан ҳам тоймайди. Валлоҳу аълам!