Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мусулмонман деб Исломга зид иш қилиши

16:36 / 23.03.2020 | Mukhiddin | 3293

Ассалому алайкум! Мен техника фанлари бўйича ўқитувчиман, менга бунинг учун давлат пул тўламайди, талабаларни ўқитганим учун хақ оламан. Боғбон, боғбонлиги учун фойда кўрмайди, у меҳнати эвазига роҳатини кўради ва ҳоказо. Бу дунёда инсон нимаики қилса, шунга яраша тақдирланади. Ислом динидаман деб туриб, бажариши керак бўлган вазифаларини бажармаса, ўша инсон Ислом динидаман, мўминман дейишга қанчалик даражада хақли бўлади? 


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қиёмат куни бўлганда ҳамманинг рости ва ёлғони ошкор бўлиб қолади. Биз мусулмонларга эса мусулмонман деган киши ҳақида яхши гумон қилиб уларга мусулонга қилган муомалани қилишимиз керак бўлади. чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замоналарида Аллоҳ таоло ваҳий орқали кимлар мунофиқ эканлигини билдирилган. Мунофиқлар ўзларини муслмонман деганлари учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга қиладиган муомалаларини уларга ҳам қилаверганлар. Ички дунёларини Аллоҳга ҳавола қилганлар. Қуйидаги ҳадисда уч ёки тўрт инсонни зикр қилинган бўлсада аслида бу ҳаммага тегишли. 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَوَّلَ النَّاسِ يُقْضَى يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَلَيْهِ رَجُلٌ اسْتُشْهِدَ فَأُتِيَ بِهِ فَعَرَّفَهُ نِعَمَهُ فَعَرَفَهَا، قَالَ: فَمَا عَمِلْتَ فِيهَا؟ قَالَ: قَاتَلْتُ فِيكَ حَتَّى اسْتُشْهِدْتُ قَالَ: كَذَبْتَ وَلَكِنَّكَ قَاتَلْتَ لِأَنْ يُقَالَ جَرِيءٌ فَقَدْ قِيلَ، ثُمَّ أَمَرَ بِهِ فَسُحِبَ عَلَى وَجْهِهِ حَتَّى أُلْقِيَ فِي النَّارِ. وَرَجُلٌ تَعَلَّمَ الْعِلْمَ وَعَلَّمَهُ وَقَرَأَ الْقُرْآنَ فَأُتِيَ بِهِ فَعَرَّفَهُ نِعَمَهُ فَعَرَفَهَا، قَالَ: فَمَا عَمِلْتَ فِيهَا؟ قَالَ: تَعَلَّمْتُ الْعِلْمَ وَعَلَّمْتُهُ وَقَرَأْتُ فِيكَ الْقُرْآنَ، قَالَ: كَذَبْتَ وَلَكِنَّكَ تَعَلَّمْتَ الْعِلْمَ لِيُقَالَ عَالِمٌ، وَقَرَأْتَ الْقُرْآنَ لِيُقَالَ هُوَ قَارِئٌ فَقَدْ قِيلَ، ثُمَّ أَمَرَ بِهِ فَسُحِبَ عَلَى وَجْهِهِ حَتَّى أُلْقِيَ فِي النَّارِ. وَرَجُلٌ وَسَّعَ اللهُ عَلَيْهِ وَأَعْطَاهُ مِنْ أَصْنَافِ الْمَالِ كُلِّهِ فَأُتِيَ بِهِ فَعَرَّفَهُ نِعَمَهُ فَعَرَفَهَا، قَالَ: فَمَا عَمِلْتَ فِيهَا؟ قَالَ: مَا تَرَكْتُ مِنْ سَبِيلٍ تُحِبُّ أَنْ يُنْفَقَ فِيهَا إِلَّا أَنْفَقْتُ فِيهَا لَكَ، قَالَ: كَذَبْتَ وَلَكِنَّكَ فَعَلْتَ لِيُقَالَ هُوَ جَوَادٌ فَقَدْ قِيلَ، ثُمَّ أَمَرَ بِهِ فَسُحِبَ عَلَى وَجْهِهِ ثُمَّ أُلْقِيَ فِي النَّارِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам  – бир шаҳид бўлган одамдир. У олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сени деб жанг қилдим, охири шаҳид бўлдим», дейди.
«Ёлғон айтдинг, сен «шижоатли» дейилиши учун жанг қилдинг, шундай дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган. Бас, у олиб келиниб, 
(Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сени деб илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди.
«Ёлғон айтдинг! Сен илмни «у олим» дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни «у қори» дейилиши учун ўқидинг. Шундай дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб, турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди. Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сен яхши кўрадиган йўлларнинг бирортасини ҳам қўймай, йўлингда инфоқ қилдим», дейди.
«Ёлғон айтдинг! Сен «сахий» дейилиши учун қилдинг, шундай дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади», дедилар».
Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу томонларидан ривоят қилинмоқда. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётнинг одатда кўпроқ риё содир бўладиган уч тармоғида риёкорлик билан иш тутишнинг оқибати нима билан тугашини баён этиш орқали умматларини риёдан сақланишга чақирмоқдалар.
Келинг, ҳадиси шариф матни билан шошилмай, батафсил танишиб чиқайлик:
«Албатта, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам».
Маълумки, қиёмат куни ҳар бир инсоннинг бу дунёда қилган ҳар бир амали зарра миқдорича бўлса ҳам, ҳисоб-китоб қилиниб, одилона равишда ҳукм чиқарилади. Кимнинг ҳукми олдин, кимнинг ҳукми кейин чиқиши ҳақида гап кетадиган бўлса, ушбу ҳадисда зикри келган уч тоифа одамнинг ҳукми биринчи бўлиб чиқиши аниқ:
1. Риёкор мужоҳид.
2. Риёкор олим ёки қори.
3. Риёкор бой.
Бу уч тоифага қиёмат куни қандай муомала қилиниши ҳадисда батафсил васф қилинмоқда:
1. «бир шаҳид бўлган одамдир. У олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди».
Яъни, бу дунёдан шаҳид ўтган бир одам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига олиб келинади. Аллоҳ унга бу дунёда берган неъматларини бирма-бир танитади. У Аллоҳ ўзига берган неъматларни таниб, эътироф қилади. Шунда Аллоҳ ундан:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
Яъни, Мен сенга шунча неъматларни берган эканман, сен улар ила нима қилдинг, деб сўрайди. У эса:
«Сени деб жанг қилдим, охири шаҳид бўлдим», дейди.
Яъни, ўша Сен берган неъматларни ишлатиб, Сенинг йўлингда дин душманлари билан жанг қилдим. Жангда қатл этилиб, шаҳид бўлдим, дейди.
«У зот: «Ёлғон айтдинг! Сен «шижоатли» дейилиши учун жанг қилдинг, шундай дейилди ҳам», дейди». 
Яъни, «Мен Сени деб жанг қилдим, охири шаҳид бўлдим» деган гапинг ёлғон, сен аслида одамлар томонидан «фалончи шижоатли одам эди» дейилиши учун жанг қилдинг. Бу гап одамлар томонидан айтилди ҳам, дейди. Сен ниятингга яраша топдинг. Аллоҳга ихлос қилмаганинг ва риёкорлигинг учун жазоингни оласан, дейди.
«Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади».
Нақадар аянчли оқибат! У одам энг улуғ ишни бажарган, яъни жанг қилиб, жонини фидо этган бўлса-да, нияти соф бўлмаганлиги, холис Аллоҳ учун амал қилмаганлиги, риёкорлиги учун ана шу аянчли ҳолга тушади! Қиёмат куни фаришталар уни юзтубан судраб олиб бориб, дўзахга ташлайдилар.
2.«Яна бир одамки, илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган».
Яъни, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган уч тоифа одамлардан иккинчиси бу дунёда илм ўрганиб, илм ўргатиб ва Қуръон ўқиб ўтган одамдир. Бу иш ҳам жуда катта иш – Исломда улуғ мартабалар ваъда қилинган, мусулмонлар томонидан юқори тақдирланадиган амалдир. Олим ва қориларни кўпчилик ҳурмат қилади, уларга ҳавас билан қараб, фалончи яхши олим бўлган, писмадончи ажойиб қори, деб гапириб юрадилар. Баъзи кишилар айнан ўша гап-сўзларга ошиқ бўладилар. Одамлар мени ҳам етук олим, катта устоз, ажойиб қори десинлар, деб, илм ўрганади, илм ўргатади, Қуръон ўқийди.
Хўш, бу ишни қилган одам ҳам ҳақийқий олим, устоз ва қорилар етишадиган даражага эришадими?
Келинг, унинг нимага эришганини Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитайлик:
«Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди».
Яъни, ўша одам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ҳузурига олиб келинади. Сўнгра Аллоҳ таоло унга бу дунёда берган неъматларини кўрсатади. У неъматларни кўриб, танийди, уларнинг ўзига бу дунёда берилганини эътироф қилади. Сўнгра Аллоҳ таоло:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сени деб илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб айтади у.
Яъни, қиёмат куни ўзининг бу дунёдаги амалларини, хусусан, илм ўрганиш, илм ўргатиш ва Қуръон ўқиш ишларини ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун амалга оширганини даъво қилади. Лекин ҳамма нарсани билиб тургувчи зот – Аллоҳ таоло худди аввалги одам билан бўлганидек, бунинг ҳам шармандасини чиқаради.
«Ёлғон айтдинг! Сен илмни «у олим» дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни «у қори» дейилиши учун ўқидинг. Шундай дейилди ҳам», дейди У зот».
Яъни, сен илмни Мен учун ўрганганинг йўқ. Сени деб илм ўргандим, деган гапни ёлғон айтдинг. Сен одамлар «фалончи олим», дейишлари учун илм ўргандинг. Сен Қуръонни Менинг йўлимда ўқиганинг йўқ. Сени деб Қуръон ўқидим, деган гапинг ёлғон. Сен одамлар «фалончи қори» дейишлари учун Қуръон ўқидинг. Ушбу ниятингга етдинг ҳам. Одамлар томонидан сени олим ва қори дейилди ҳам, дейди.
«Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади».
Нақадар аянчли оқибат! У одам энг фазилатли ишни қилиб, игна билан қудуқ қазигандек, машаққат билан илм ўрганган бўлса-да, илм ўргатиб, Қуръон ўқиб юрса ҳам аянчли оқибатга дучор бўлди. Чунки унинг нияти соф эмас, ихлоси йўқ эди. У буларни ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун қилмаган, риёкорлик қилган эди. Оқибатда қиёмат куни фаришталар уни юзтубан судраб олиб бориб, дўзахга ташладилар.
3.«Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб, турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди».
Бу ерда қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган уч тоифа одамларнинг учинчиси ҳақида сўз кетмоқда. Аллоҳ таоло мазкур одамга бу дунёда кўп молу мулк берган эди. Бу ҳам жуда нозик иш. Молу мулкни яхшилик йўлида, Аллоҳ йўлида сарфлаш улуғ мартаба, ҳамманинг таҳсинига сазовор ишдир. Мусулмонлар сахий бойларни ўта ҳурмат қиладилар, уларга ҳавас билан қарайдилар. Бойларнинг сахийликлари мусулмонлар томонидан кенг миқёсда мақталади. Баъзи кишилар одамларнинг мақтовига ўч бўладилар, бунга ўта қизиққанларидан ихлосни унутиб қўядилар. Аллоҳнинг розилигини эмас, кишиларнинг мақтовини истаб, мол-дунёни инфоқ қиладилар. Хўш, булар ҳам Аллоҳга ихлос билан инфоқ қилганлар билан баробар бўладиларми? Ундай одамга қиёмат куни муомала қандай бўлади?
«Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди».
Яъни, аввалги икки тоифа каби, бу дунёда ризқ-рўзи кенг, молу мулкнинг турли хилларига эга бўлган бой ҳам қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурига олиб келинади. Сўнгра Аллоҳ таоло унга бу дунёда берган неъматларини кўрсатади. У бу неъматларни кўриб, танийди ва уларнинг Аллоҳ томонидан бу дунёда ўзига берилганини тан олади.
«Сўнгра: «Булар ила нима қилдинг?» деб сўралади.
Аллоҳ таолонинг бу саволига ўша одам ўзини оқлаб, жавоб беради:
 «Сен яхши кўрадиган йўлларнинг бирортасини ҳам қўймай, йўлингда инфоқ қилдим», дейди у.
Яъни, эй Роббим, Сен берган бойликни Ўзинг яхши кўрган йўлларнинг ҳаммасига, Сенинг розилигинг учун сарфладим, дейди. Аллоҳ таоло унга бу саволни бекорга бераётгани йўқ эди. Унинг нима қилганини Ўзи жуда яхши билар эди. Лекин Аллоҳ таоло бу бандани тилидан илинтириб, қилмиши нотўғри эканлигини ўзига хос услуб ила баён қилишни хоҳлар эди. Банданинг бу ёлғонидан кейин:
«У зот: «Ёлғон айтдинг! Сен «сахий» дейилиши учун қилдинг, шундай дейилди ҳам», дейди».
Яъни, эй банда, Сенинг йўлингда қилдим, деган гапни ёлғон айтдинг. Сен Мен берган молни инфоқ қилган бўлсанг, одамлар сени «сахий» дейишлари учун қилгансан. Дарҳақийқат, одамлар шундай дедилар ҳам, дейди.
«Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади».
Нақадар аянчли оқибат! У одам аслида яхши ишни қилган эди. Мол-мулкини Аллоҳ таоло яхши кўрадиган йўлларга сарфлаган эди. Аммо нияти соф эмас, барча амалларини Аллоҳ таолога ихлос билан эмас, риёкорлик билан қилган эди. Одамлар мени сахий десинлар, деб, мол-мулкини инфоқ қилган эди. Натижа ниятига яраша бўлди. Одамлар уни мақташди. Амал пайтида Аллоҳнинг розилигини ният қилмаганлиги учун Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлмади. Унга берган неъматларини сарфлашда риёкорлик қилганлиги учун амр қилиб, бундай нобакор бандани юзтубан судраб олиб бориб, дўзахга ташлашга амр этди.
Демак, қиёмат куни дўзахга тушиш учун энг аввал ҳукми чиқадиганлар мазкур уч тоифага мансуб одамлар экан.
Энди ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдаларимиз ҳақида фикр юритайлик:
1. Риёкорликдан қочиш лозим. Одамлар ундай десин, одамлар бундай десин, деган фикрларга яқин ҳам йўламаслик керак.
2. Жиҳод қилаётган киши одамлар уни шижоатли десинлар, деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб жиҳод қилиши лозим.
3. Илм ўрганаётган ёки ўргатаётган киши одамлар уни олим, десинлар, деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб ният қилиши лозим.
4. Қуръон ўқийдиган киши одамлар уни қори десинлар, деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб ўқиши лозим.
5. Мол-мулкини яхши йўлларга инфоқ қиладиган киши уларни одамлар сахий десинлар, деб эмас, Аллоҳ рози бўлсин, деб инфоқ қилиши лозим.
6. Ҳар бир нарсада Аллоҳ таолога ихлос бўлиши зарур.
7. Риёкорлик билан қилинган иш Аллоҳ таолонинг даргоҳида қабул бўлмаслиги аниқ.
Бу ҳадиси шарифнинг ҳикматига ҳозирги ҳаётимизда ниҳоятда муҳтожмиз! Деярли барча қилаётган ишларимизда ихлос етишмайди. Деярли барча ишларимизга риё аралашган. Бошқа нарсаларни қўйиб, ушбу ҳадисда зикр қилинган уч соҳани олиб кўрайлик.
Минг афсуслар бўлсинким, мужоҳидлик номига доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмас. Мужоҳидлик даъвосидаги уларнинг қилаётган тасарруфларини баъзилар «Буларнинг жиҳодлари Аллоҳ йўлида эмас, ҳукмга эришиш йўлида бўлган экан», деб баҳоламоқдалар. Баъзи кишилар эса, умуман, жиҳод нималигини билмай, унинг яқинига ҳам бормай туриб, ўзларини мужоҳид деб эълон қилмоқдалар.
Илм ўрганиш, ўргатиш масаласини олиб кўрайлик. Бу борада Аллоҳнинг йўлида иш олиб бораётганлар йўқ, дея олмаймиз. Лекин риёкорлик қилаётганлар ҳам етарлича. Илмни Аллоҳ учун эмас, шаҳодат учун, илмий унвон учун, одамлар ичида шуҳрат топиш учун ўқиётганлар, ўқитаётганлар ҳаддан зиёд кўп. Кўзланган натижа ҳосил бўлмаётганлиги ҳам шундан бўлса керак.
Қуръон ўқиш масаласида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин. Баъзи кишилар Қуръон ўқишни худди одамларнинг баҳоси, мақтови учунгина жорий бўлган нарса деб тушунишади.
Бугунги ҳаётимизда энг кўп учрайдиган риёкорлик молу пул сарфлашда, десак, муболаға бўлмас. Ҳатто хайр-эҳсон қилишда ҳам риёкорлик авж олган. Шариатимиз кўрсатганидек, молу пулидан ихлос билан садақа қиладиганлар жуда кам. Очиқдан-очиқ одамлар кўрсин, одамлар эшитсин, одамлар билсин, дейишга ўтиб кетилди.
 Ушбу ҳолатлар динимиздан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан қанчалар узоқлашиб кетганимизни кўрсатади. Агар ҳақийқий саодатга эришмоқчи бўлсак, ҳар бир нарсада динимиз кўрсатмасига биноан иш тутишимиз, жумладан, ҳар қандай риёни ташлаб, одамлар ундай десин, одамлар бундай десин, деган ният билан эмас, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб амал қилишни ўрганишимиз лозим. Ана шундагина қилган амалларимиз икки дунёмиз учун фойдали бўлади. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat