Ассалому алайкум Шайх жаноблари! Аллоҳ илмингизни, ислом учун қилаётган хизматингизни зиёда айласин. Савол шундай имом оркасидан фарз намозларида муқтадий қироат қиладими ё йуқми... ёхуд сукут сақлаб имомни тинглаб амалларга эргашадими, баъзи биродарларимиз, фарзда имом орқасидан қироат қилади, деб айтишмокда. Илтимос, шариат нуқтаи назаридан, шу мавзу буйича батафсил маълумот берсангиз, иншаллох, биродарларимизга дастурул амал бўлур эрди. Сизнинг бир мавзуда сўзлаганингизда ўқиганман, мен ўзимдан эмас, балки шариатдан гапираман, деб. Шу ҳали ҳануз эсимда. Чунки кўплар сиз нима дейсиз, сизнинг фикрингиз, деб савол берганига менимча шунақа жавоб бергансиз. Ассалому алайкум.
– Ва алайкум ассалом! Сиз ушбу саволингиз бизнинг ҳаммамизнинг мусибатимиздир. Бу каби ихтилофлар ҳамма учун катта зарар келтирганига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Энг ачинарлиси, бундан бир неча йиллар олдин ҳал бўлган нарсани ҳали ҳам билмасдан яна қайтадан қўзғашдир. Мен қадимги уламоларимиз масалани ҳал қилиб қўйганларини айтмоқчи эмасман. Бугунги кунда, ўз тилимиз ва жорий ёзувда «Ихтилофлар ҳақида» деб номланган китоб чиққанидан ва уни кўпчилик ўқиб, масалани тушуниб фитна инига кириб кетганидан кейин яна қайта чиққани ҳақида айтмоқчиман. Сизнинг ва сизнинг биродарларингизнинг яна эски ярани тирнашга нима мажбур қилганини билмайман. Аммо бу масалани сўралмай қолганига анча бўлган эди. Сизлардан илтимос «Ихтилофлар ҳақида» деган китобни топиб ўқинглар. Яна бошқа ихтилофларни ҳам қайтадан қўзғаб овора бўлиб юрманглар.