Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Вафот этгандан кейин келадиган савоблар

13:17 / 13.04.2020 | Oybek | 8523

Ассалому алайкум! Вафот этган кишига қандай йўлларда савоб етиб туриши мумкин? Мен набира сифатида нима қилишим мумкин?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا مَاتَ ابْنُ آدَمَ انْقَطَعَ عَمَلُهُ إِلَّا مِنْ ثَلَاثٍ: صَدَقَةٍ جَارِيَةٍ أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ أَوْ وَلَدٍ صَالِحٍ يَدْعُو لَهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Маълумки, мусулмон киши соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун савоб олишга мушарраф бўлади. Киромул котибин фаришталар унинг «Номаи аъмоли»га зарра миқдорича яхшилиги бўлса ҳам, ўшанга яраша савобни ёзиб турадилар. Агар бемор бўлиб, узр ила одатдаги яхшилик амалини қила олмай қолса ҳам, фаришталар унга худди ўша амални қилгандек савоб ёзадилар. Вақти-соати келиб, инсон вафот этса, яхши амалларини мутлақо қила олмай қолади. Бундан кейин қилишдан ҳам умид узилади. Энди ундан ҳаётлигидаги амаллари – қиладиган ибодат ва яхшиликларига ёзиладиган савоблар ҳам кесилади. Намоз ўқиганлиги, рўза тутганлиги, тиловат, зикр қилганлиги ва бошқа яхши амалларни қилганлиги учун ёзиладиган савоблар тўхтайди. Чунки энди у вафот этди – ибодат қилишдан, амали солиҳ қилишдан тўхтади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда тирик чоғида солиҳ амални кўпроқ қилиб қолишга уринмоғи лозим.
Шу билан бирга, мўмин кишига тириклик чоғида охиратни ўйлаб, вафотидан кейин ҳам савоби узилмай, бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида одам боласи вафот этганидан сўнг амали кесилишини айтиш билан бирга, ундан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар учта эканлигини таъкидламоқдалар:
1.«Жорий садақа».
«Жорий садақа» дейилганда мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Мисол учун, кўпчилик фойдаланиши учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб, сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир. Токи бу нарсалардан мўмин-мусулмонлар фойда олиб турар эканлар, ўша ишларни қилган одамга унинг вафотидан кейин ҳам савоб ёзилиб туради.
Мусулмонлар бу тоифа ишларни қадимдан ихлос билан қилиб келганлар. Ислом оламининг турли жойларида кўплаб вақфлар ташкил қилганлар. Бева-бечораларга, толиби илмларга, мусофирларга, ҳожиларга, қарияларга, ҳатто эгасиз, адашиб қолган ҳайвонларга аталган вақфлар бўлган. Ўша вақфлар орқали мазкур тоифалар доимий равишда манфаат олиб турганлар. Мазкур хайрли ишларни қилган кишиларнинг «Номаи аъмол»ларига уларнинг вафотларидан кейин ҳам савоб ёзилиб, охиратларига фойда бериб келган. Агар жорий садақалари қиёматгача мусулмонларга фойда бериб турса, уларга ҳам қиёматгача савоб қўшилиб тураверади.
2. «Манфаат олинадиган илм».
Мўмин одам ўз вафотидан сўнг ортидан манфаат берадиган илм қолдирса, савоби узилмайдиган амал қолдирган бўлади. Бу эса илмнинг асари доимий бўлишидир. Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади?
Бу иш аввало бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоб ёзилиб тураверади.
Иккинчиси китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, ҳадис ва диний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, агар китобидан мусулмонлар фойдаланиб туришса, у ўлганидан кейин ҳам савоб етиб тураверади.
Учинчиси илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, мадраса қурди, китоб чоп эттирди, ўз маблағидан кутубхона қилди. Мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Буларни қилган одамлар вафот этиб кетсалар ҳам, савоблари узилмай, уларга бориб туради.
Мўмин-мусулмонлар бу каби ишларга доимо катта эътибор бериб келганлар. Шунинг учун ҳам Исломга тўлиқ амал қилинган даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққанлар. Мусулмонларчалик кўп олим етиштирган миллатни тарих билмайди. Шунингдек, илм ўрганувчилар ҳам кўп бўлган. Бу ҳолатни яхшилаб ўрганган ғарблик шарқшунослардан бири инсоф билан: «Мусулмонлар ёппасига мадрасага қатнайдиган миллат бўлган», деб ёзади. Мусулмон ҳокимлар ва бойлар ҳам илм йўлида хизмат қилиш учун катта ҳиммат кўрсатганлар. Нафақат улар, балки ҳар бир мусулмон илм йўлида қўлидан келган ишни қилган. Деҳқонлар мадрасаларнинг вақф ерларида навбат билан Аллоҳ йўлида, ҳақ олмай, ишлаб берганлар. Ҳунармандлар ҳунари билан, чорвадорлар чорваси билан, хуллас, ҳар ким ўз имконига қараб, бу ишга озми-кўпми ҳисса қўшганлар. Шу тариқа халқ илмий ишларни йўлга қўйишда фаол қатнашган. Уларнинг бу ишларда фидокорлик кўрсатишдан бирдан-бир мақсадлари, доимий равишда савоби узилмай, етиб турадиган амалларга етишиш эди. Аллоҳ таоло, албатта, уларни ноумид қилмаган.
Ҳозирда китоблари ўқиб турилган уламоларга, албатта, илмларининг савоби етиб турибди. Уларнинг шогирдларининг шогирдлари Аллоҳга: «Устозларимизни мағфират қилгин», деб дуо қилиб турибдилар. Улар қурган мадрасалару қолдирган вақфлари, қўлёзмалари ва бошқа асарлардан ҳосил бўлган савоблар ҳам тинмай етиб турибди.
3. «Ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд».
Мўмин киши вафот этганидан кейин ҳам, агар фарзанди унинг ҳаққига дуо қилса, савоби етиб туради. Бунинг учун эса мўмин-мусулмон киши ўз фарзандини дуо қиладиган тақводор мусулмон қилиб тарбиялаши лозим. Зотан, мўмин ота-онанинг фарзанд кўриш ва уни тарбия қилишдан мақсади ҳам шу. Ота-она «ўлганимдан кейин мени йўқласин, ҳаққимга дуо қилсин», деб фарзанд боқади. диний тарбия беришдан мақсад ҳам шу! Фарзанднинг мўмин-мусулмон, тақводор бўлиши, ота-онасининг ортидан дуо қилиб туриш масъулиятини унутмаслигигина бу мақсадга эриштиради. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).  Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat