Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Иймонга тааллуқли, иложи бўлса илтимос ўқиманглар

00:00 / 08.03.2012 | eski savollar | 2851
Ассалому Алайкум Шайх Ҳазратлари. Бу саволимни беришдан олдин, шу мавзуга тааллуқли саволларни топиб ўқишга ҳаракат қилдим. Агар берилган саволни қайта такрорлаган бўлсам минг бор узр!Шайх Ҳазратлари, бу саволни беришдан олдин роса иккиландим, берайми, бермайми деб. Намозни 1.5 йил аввал бошлаган эдим, лекин мукаммал ихлос билан ўқимас эдим, бир ташардим, бир қайтардим, лекин 2 ой аввал мукаммал киришга аҳд қилдим, беҳуда гапларни гапирмаслик, гуноҳ ишлардан қочишни, номаҳрамларга қарамасликни, ёлғондан, риёдан узоқлаша бошладим. Намозни ҳам, сиз “Руҳий тарбия” китобингизда айтганингиздек, чалғимаслик учун, айтаётган гапларни англаб, тушуниб ўқий бошлаган эдим. Адабиётлар ўқий бошладим. Мен намоз бошлаганимда ичимда шубҳалар пайдо бўлган эди, лекин тез вақт ичида ўтиб кетган эди. 2 ой аввал мен Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбаримизнинг тарихларини ўқий бошладим, шунда менда яна шубҳалар пайдо бўлиб, ичимда ўзим хоҳламаган ҳолда ҳар хил нарсалар гапириб юборадиган бўлиб, ишонмай 2-3 кун қалбимда шубҳалар билан юрдим. Лекин сал вақт ўтгандан кейин алҳамдулиллаҳ барча шубҳалар яна тарқаб кетган эди. Шу кунларда яна бир шубҳа бошланди, ичимда тинчлик хотиржамлик йуқ, намоз ўқишга қўрқиб қолдим, Аллоҳ ҳақида барча билган нарсаларим ишончим йўқ бўлиб қолгандай гўё, ақлимни шу мавзуда ишлата ҳам олмай қолдим, Ичимда Аллоҳ буюк дейману, лекин қаблим бунга ишонмайди, баданим, тилим билан тоат ибодат қиламан, кўнглим тўлмайди, дилим, қалбим бунга ишонмайди. Тилим билан айтаман, ўзим ишонаман, дилим ишонмаётгандек. Астағфируллоҳ!!! Тинмай истиғфор айтиб юрибман, намозларимда тинмай сўраяпман, таҳажжуд намозиниям ўқияпман, Аллоҳдан фақат иймон сўраяпман, шу 2 ойдан бери шу 1.5 йил ўқимагандек ихлос билан ўқий бошлаган эдим, бирданига бу иймоним, ихлосим йўқ бўлиб қолди, Қуръон китобини таржимаси билан ўқияпман, ҳеч нарса ҳис қилмаяпман. Қалбимда иймон чироғи ўчиб қолгандек. Аллоҳ мени шу нарсаларни ёзганим учун кечирсин. Аллоҳ ўзи бизни тўғри йўлдан адаштирмасин, иншаллоҳ. Шайх Ҳазратлари илтимос, мени бир дуо килинг, Аллоҳ мустаҳкам иймон берсин, кофирлардан килиб қўймасин, бу ҳақида ўйласам кўзимга фақат ёш келмоқда. Нима қилишни ҳам билмаяпман, уйғонишим билан ҳаёлимга шу нарсалар келмокда, шу ҳаёллар тарк этмаяпти мени. “Ҳақиқий мўминлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига имон келтириб, сўнгра шубҳа қилмаган ва моллари ва жонлари билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилган зотлардир. Айнан ўшаларгина (имонларида) содиқдирлар". (“Ал-Ҳужурот” сураси, 15 - оят). Бундан жудаям қўрқиб кетяпман. Бугун бу ҳаёллардан узоқроқ бўлиб, салдан кейин ўтиб кетар деб, бу ҳақида ўйламасдан ўзимни чалғитишга қарор қилдим, шу ишим тўғрими? Шайх Ҳазратлари нима қилай? Шу нарсага тааллуқли адабиёт тавсия этинг илтимос!!! Аллоҳ сиздан рози бўлсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васваса ҳақида савол берилди. «У айни иймондир», дедилар». Муслим ривоят қилган.Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси, бошқача қилиб айтганимизда «Васваса айни иймондир» бўлади. Бу қанақаси? Ахир васваса шайтондан, иймон Раҳмондан-ку! Васваса иймоннинг кушандаси-ку! У қандоқ қилиб, айни иймон бўлиши мумкин? Бу гап, олов сувдир, деганга ўхшамайдими? Ушбу ҳадиси шариф билан дастлаб танишган одамда шунга ўхшаш саволлар пайдо бўлиши мумкин. Аммо, каминада бу саволлар пайдо бўлмади. Чунки, ушбу сатрлар ёзилишидан йигирма бир йил олдин ўтган тажриба бу маънони тушунишга ёрдам берди. Умумжаҳон Исломга чақириш куллиясига янги ўқишга келган пайтим эди. Бирдан қалбга васваса тушиб, бўлмағур фикрлар хаёлга ўралашиб қолди. Дунё кўзимга тор кўриниб, ҳеч нарса татимайди. Бировга айтишнинг иложи ҳам йўқ. Бу ҳолат бир неча кун давом этди. Сиқилиш, ташвиш юқори чўққисига етди. Ана шундай оғир дамда кўзим Ҳаким Термизийнинг араб тилидаги «Муридлар одоби» китобига тушди. Муаллифи Термизий бўлгани учун, ўз ватандошимиз экан, деб китоб дўконидан харид қилувдим. Китобни қўлга олдим. Тўғри келган жойини очиб ўқий бошладим. Васваса ҳақида гап борар эди. «Мурид қалбига васваса тушса, яхшилик аломати, деб билсин. Чунки шайтон уни йўқлаб қолибди. Одатда, шайтон обод бўлаётган қалбларни васваса қилишга уринади. Хароба қалб¬лар шундоқ ҳам унинг мулки ҳисобланади, овора бўлиб уларни васваса қилиб ҳам ўтирмайди. Шайтон обод қалбларни хароба қилиш умидида уларга васваса қилади. Уриниб-уриниб, ниятига эриша олмагач, ташлаб кетади», дейилган эди. Қалбимга «ялт» этиб ёруғлик тушди. Хурсанд бўлиб кетдим. Ориз бўлган нарса, васваса эканини тушундим. Унинг нима учун бўлаётганини ҳам англадим. Мана бугун эса, Аллоҳга беадад шукрлар бўлсин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васваса ҳақида «У айни иймондир», деб айтган ҳадисларини ҳеч қийинчиликсиз тушуниб турибман.Демак, киши вақтида англаб етиб, Аллоҳ таолодан дарҳол паноҳ сўраса, қалбига тушган васваса унга зарар етказа олмас экан. Бу эса ақийдавий, руҳий-маънавий соғломлик учун ниҳоятда зарурдир.

Топ рейтинг www.uz Openstat