Бу оятдаги сувдан мурод ичиладиган сув эмас, нутфа сувидир. Оятларнинг маъноси таржимасини ўқиб хулоса чиқаришнинг даҳшатли хато экани шунда. Ушбу оятдаги «сув»дан мурод нима эканини тўғри билиш учун тафсир ўқиш керак. Оятлар маъносининг таржимасини ўқиш ила мақсад ҳосил бўлмайди.Энди, ушбу оятни «Тафсири ҳилол» ёрдамида ўрганиб чиқайлик.«У сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Роббинг қодир бўлган Зотдир».Араб тилига хос бўлган хусусиятлар боис тафсирчи уламоларимиз ояти каримадаги «насл-насаб»га «ўғил», «қуда-анда»га «қиз» деб маъно берганлар. Чунки бир уруғ ёки оиланинг насаби сақланишига ўғил бола сабаб бўлса, бошқалар билан қуда бўлишига қиз бола сабаб бўлар экан. Шунда:«У сувдан башар яратган ва уни насл-насаб, қуда-анда қилиб қўйган Зотдир» жумласининг маъноси, Аллоҳ нутфадан одам яратган ва ўша одамни эркак ва аёл қилиб қўйган зотдир, дегани бўлади.Аслида, аёл кишига ўтган эркак сувидаги ўн минглаб уруғликдан биттасигина бачадондаги тухумга илашиб, ундан бола пайдо бўлади. Ана ўша кўзга кўринмас кичик нарсадан Аллоҳнинг иродаси ила мураккаб инсонга айланганида ўғил ёки қизга ажралади. Милярдлаб эркак-аёлнинг ҳартарафлама хусусиятлари, бир-бирига ўхшамас томонлари бор. Кўзга кўринмас ўша уруғликка шу хусусиятларни жойлаган Аллоҳнинг қудратига қойил қолмай бўладими?! Бунга Аллоҳдан ўзга ким қодир бўлади? ҳеч ким.«Роббинг қодир бўлган Зотдир».Эй Пайғамбар, сенинг Роббинг ҳар бир нарсани, шу жумладан, арзимаган сувдан мураккаб инсонни ҳам яратишга қодир Зотдир.Лекин ўша арзимаган сувдан Аллоҳ қудрати ила яралган инсонларнинг кўплари ўзларининг холиқларини танимайдилар.қуръони Каримда нутфани сув деб ҳам аталишига яна бошқа бир далил келтириб қўяйлик.Аллоҳ таоло «Мурсалат» сурасида айтади:«Сизларни ҳақир сувдан яратмадикми?» (20-оят).Яъни, Эй нобакор кофирлар, Аллоҳ иймон келтиришга амр қилган нарсаларни ёлғонга чиқараётган жиноятчилар! Эс-ҳушингизни йиғинг! ўзингизча ховлиқиб, босар-тусарнингизни билмай, ўзингизни яратган Холиққа куфр келтирманг. Сизни аслингиз нима эканини ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Бас, сизларни ҳақир сувдан яратмадикми?!Маний, деб номланадиган, ҳар ким жирканадиган, бирор ерига тегиб қолишидан эҳтиёт бўладиган арзимаган сувдан яратмадикми?! Бунча ховлиқасизлар ўзи?!