Ва алайкум ассалом! Сиз бирор мутахассис ва тажрибали қоридан қандай қилиб ёдлаган жойларингизни пухта қилиб олишни маслаҳатлашинг. Қориларда бу каби ҳолатлар борасида жуда кўп тажриба бўлади. Ҳар куни эрталаб 2 кечаси ётишдан олдин 2 соатдан бўлса ҳам такрор қилиб турсангиз ин шаа Аллоҳ натижа бўлади. Унутиб юборишдан сақланинг. Устозимиз раҳимаҳуллоҳнинг "Ҳадис ва Ҳаёт" китобларида қуйидагича келади: Қуръони Каримни ёд олгандан кейин бепарво бўлиб, унутиб қўйишнинг оқибати ёмон бўлиши уқдирилади.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّمَا مَثَلُ صَاحِبِ الْقُرْآنِ كَمَثَلِ صَاحِبِ الْإِبِلِ الْمُعَقَّلَةِ إِنْ عَاهَدَ عَلَيْهَا أَمْسَكَهَا وَإِنْ أَطْلَقَهَا ذَهَبَتْ
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Қуръон соҳиби худди тушовланган туя соҳибига ўхшашдир. Агар ундан хабар олиб турса, уни тутиб қолади. Тек қўйса, кетиб қолади», дедилар». Шарҳ: Туясини тушовлаб қўйган одам ундан тез-тез хабар олиб турмаса, туя кетиб қолиши турган гап. Худди шунга ўхшаб, Қуръони Каримни ёд олган одам ҳам уни тез-тез такрор қилиб туриши лозим, бўлмаса эсидан чиқиб қолиши турган гап.عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: تَعَاهَدُوا الْقُرْآنَ، فَوَالَّذِي نَفْسِي بِيَدِهِ لَهُوَ أَشَدُّ تَفَصِّيًا مِنَ الْإِبِلِ فِي عُقُلِهَا. رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръондан хабар олиб туринглар. Менинг жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, у қочоқликда тушовда турган туядан ҳам ашаддийроқдир», дедилар». Иккисини Икки шайх ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни ёд олган одамга уни эсдан чиқариб қўймаслик учун такрорлаб туришни амр қилмоқдалар ва бу маънони қасам ичиб, таъдикламоқдалар. Ва ниҳоят, бу ҳақиқатни туя мисолида ўхшатма ила баён ҳам қилмоқдалар. Буни Қуръони Каримни такрор қилиб туришга қатъий амр деб қабул қилмоқ лозим.عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: بِئْسَمَا لِأَحَدِهِمْ أَنْ يَقُولَ نَسِيتُ آيَةَ كَيْتَ وَكَيْتَ بَلْ هُوَ نُسِّيَ، اسْتَذْكِرُوا الْقُرْآنَ فَلَهُوَ أَشَدُّ تَفَصِّيًا مِنْ صُدُورِ الرِّجَالِ مِنَ النَّعَمِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингизнинг «Фалон, фалон оятни унутдим», демоғи қандоқ ҳам ёмон. Лекин у унуттирилгандир. Қуръон ёдингизда туриши учун ҳаракат қилинг. Албатта, у одамларнинг кўксидан чиқишда қочоқ туядан ҳам ашаддийдир», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: Демак, Қуръони Карим ёддан чиқиб қолмаслиги учун уни доимо такрорлаб турмоқ керак экан. Аллоҳ таоло кўрсатмасин, мабодо баъзи оятлар ёддан чиқиб қолганда ҳам, «Фалон оятни унутдим», демаслик керак экан. Чунки унутиш тарк қилиш деганидир. Қуръони Каримни тарк қилиш асло мумкин эмас. Шунинг учун «Унуттирилдим», дейиш одобга тўғри келар экан. Аллоҳ таоло ёдлаган сура ва оятларнинг унутилишидан Ўзи асрасин!عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سَمِعَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا يَقْرَأُ بِاللَّيْلِ فَقَالَ: يَرْحَمُهُ اللهُ قَدْ أَذْكَرَنِي آيَةَ كَذَا وَكَذَا كُنْتُ أُنْسِيتُهَا مِنْ سُورَةِ كَذَا وَكَذَا. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси бир кишининг қироат қилаётганини эшитдилар ва: «Аллоҳ унга раҳм қилсин! У менга унуттирилган фалон, фалон сурадаги фалон, фалон оятни эслатди», дедилар». Учовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Каримнинг бирор ҳарфини унуттирилишлари мумкин нарса эмас. Чунки Аллоҳ таоло бундай бўлиши мумкин эмаслигини қайта-қайта такрорлаган. Бу ерда сўз маълум бир оятларни маълум бир сурага қўшиб қироат қилиш ҳақида кетмоқда. Энг асосийси, бу ерда Аллоҳ таолонинг Ўзига маълум ҳикматга биноан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай ҳолатларда қандай гапириш кераклигини таълим учун ўргатмоқдалар.عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: عُرِضَتْ عَلَيَّ ذُنُوبُ أُمَّتِي، فَلَمْ أَرَ ذَنْبًا أَعْظَمَ مِنْ سُورَةٍ مِنَ الْقُرْآنِ أَوْ آيَةٍ أُوتِيهَا رَجُلٌ ثُمَّ نَسِيَهَا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ. وَاللهُ أَعْلَمُ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга умматимнинг гуноҳлари кўрсатилди. Бир одамга Қуръондан бир сура ёки оят берилиб, уни унутиб қўйганидан кўра катта гуноҳни кўрмадим», дедилар». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Аллоҳ билгувчироқдир. Шарҳ: Қуръони Каримнинг бирор сураси ёки оятини ёддан чиқаришнинг гуноҳи шунчалар қаттиқ экан. Шунинг учун бу масалада жуда эҳтиёт бўлиш керак. Ҳадиси шарифларда Қуръони Каримни ёддан чиқаришнинг бунчалар қаттиқ олиниши ҳам ўзига яраша ҳикмат ва сабабларга эга. Агар шу даражада қаттиқ турилмаса, одамлар бу масалада сусткаш бўлиб қолишлари мумкин. Бу эса Аллоҳ таолонинг каломига эътиборсизлик бўлади. Бундан бошқа нарсаларга ҳам эътиборсиз бўлиш келиб чиқади. Аксинча, Қуръони Каримни доимий равишда ёддан чиқармасликка одатланган киши бошқа нарсаларни ҳам ёддан чиқармасликка одатланади. Бу эса жуда муҳимдир. Аллоҳ таоло ёдлаган Қуръони Каримимизнинг доимо эсимизда туришини насиб қилсин! Валлоҳу аълам!