Хаёт ташвиши. Бизга инсоф тиланг!
Ассалому алайкум ҳурматли Шайх жаноблари.Авваламбор сизнинг Оллоҳ йўлида қилаётган хайрли ишларингизда Оллоҳ сизга ажру-савоблар беришини тилаб қоламан. Сизнинг қимматли маслаҳат ва ўгитларингиздан баҳраманд бўлиб, қўлдан келгунча сизнинг падари- бузрукворингиз ва волидаи-муҳтарамаларингиз хаққларига ҳам дуолар қилиб турамиз.Хазрат, шахсим ошкора бўлмаслигини билиб, ийманиб бўлсаям сиздан бир нозик масалада маслаҳат сўрашга жазм қилдим. Беадаблик қилган бўлсам кечирасиз деган умиддаман:Масала шулким, оилам нотинж. Оллоҳ бизга 2 фарзанд бериб марҳамат қилган, бироқ тинчлигимиз мана 3-4 йилдан бери бузилган. Сабаби аёлим билан умуман келиша олмаймиз. Мен ўзимни мўмин (хусусан намозини канда қилмайдиган одам) деб таърифлай олмасам-да (ҳаракатим бор), шариат ила иш тутишга ҳаракат қилиб, ўз эрлик вазифаларимни тўла-тўкис бажаришга ҳаракат қилиб келаман. Хусусан, бошқа нарсалар қатори хотиним хизматини қиладиган 2 хизматкор қилиб қўйганман. Ейиш ва ичишимизда, кийим-кечак, турар-жойларимизда камчилик йўқ. Хотиним уй ишларидан озод, бироқ мени умуман ҳурмат қилмайди. Мени хизматимни умуман қилмайди ва фақат ранжитади. Умрим бино бўлиб эшитмаган хақоратларимни қилади, тахқирлайди. Сабоқ бўлсин деб хаттоки ётоғини алоҳида қилиб қўйган эдим, бироқ бу таъсир қилмаяпти, аксинча бундан ўзим кўпроқ зарар кўряпман шекиллик. Бундан ташқари, ота-онамни куну-тун ёмонлайди, албатта бари гаплари асоссиз. Жудаям ҳиссиётларга берилиб, асоссиз ва аччиқ гапларни гапириб ташлайди. Менимча мени ўрнимда бошқа эркак бўлганида эди 10 мартта ажрашиб кетарди бу хўрликларга чидолмасдан. «Сен мени эрим эмассан», «сени боланг эмас», «мен сени талоқ қилдим» деган гапларини эшитиб мен ҳам хаммасига чек қўювчи гапни айтиб юборай дейман, бироқ сизни талоқ хаққидаги гапларингизни ўқиганимдан кейин тилимни тиядиган бўлганман.Ота-онамга бахтсизлигимни ва муаммоларимни айтмоқчи эмасман (алоҳида яшаймиз), соғлиқлари кўтара олмаслиги мумкин. Бошқа тарафдан болаларимни ҳам тирик етим қилиш ниятим йўқ. Олдинлари Оллоҳдан аёлимга фақат инсоф тиласам, охирги пайтлар у мени дуои-бад қилиш ҳолатига келтириб қўйяпти.Хазрат, илтимос айтинг, агар аёл киши эрини сўкса, хўрласа, болаларини қарғаса, эрини хизматини қилмаса, қариндошларини ёмонлайверса, уларнинг жинсий хаёти хам бўлмаса (ахир қайси эр хотинини тўшакка чорласин, қачонки хотини жаҳл устида “сен мен билан яқинлик қилсанг мени худди кимдир зўрлаятгандек бўлади” деса?), бундай оилани нима кераги бор? Ундан ташқари аёли ва унинг онаси айрим одамлар туҳмат билан, хусуан уйига қорадори ташлаб қўйишгандан кейин қамалиб кетаётган ҳолатлар борлигини айтиб, нималаргадир шама қилса?!Адашмасам (эшитган гапим) Умар р.а. нинг аёллари хам шундоқ хазратга бақириб уришар эканлар. Саҳобалар хайрон бўлиб нимага чидашларини сўрашганида, у зот (тахминан маъноси) қуйидагича жавоб берган эканлар: “ Болаларимга қараса, кийимларимни ювса чидасам чидабман-да!”. Буни айтишимдан сабаб, балки мен бесабрлик қиляпманмикин деб? Хазрат, илтимос маслаҳат беринг ва бизга инсоф тиланг.Аввалдан тоқат қилиб ўқиганингиз учун раҳмат!
Аллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам берсин!