Ассалому алайкум! Мени уйланганимга 3 йил бўлди, лекин айрим сабабларга кўра Аллоҳ фарзанд бермади. Мен бунга норози эмасман, сабр қилиб кутяпман. Лекин аёлим бесабрлик қиляпти. Докторлар иккимизни ҳам текшириб ҳаммаси жойидалигини айтишди. Аёлим бир кинначи аёлни олдига борибди. У аёл унга чилла кирганини, агар чилласини чиқариб юборса фарзанд кўришини айтибди. Қурбон ҳайити байрамидан кейин келишини айтибди. Шу вазиятга маслахат берсангиз.
Ва алайкум ассалом! Сизлар Аллоҳ таолодан ихлос билан дуо қилиб сўранглар. Тажрибада жуда кўп инсонлар дуо ва ихлос ила қилинган тақвою ибодат билан натижага эришган. Шариатимизда бу каби чилла йўқ. Кинначи аёл ёлғон гапирибди. Ундайлар шариат борасида билиб-билмай гапириши “шундай қилса динимизда гуноҳ ёки савоб ёки шундай қилмаса бўлмайди” каби гапларни айтиши “Аллоҳ ва расули шундай деган” деб Аллоҳ ва расулига нисбат бериш ҳисобланади. Бу ўта оғир жиноятдир. Оқибати ҳам жуда хунукдир. Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасида марҳамат қилинади:
وَلاَ تَقُولُواْ لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَذَا حَلاَلٌ وَهَذَا حَرَامٌ لِّتَفْتَرُواْ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ لاَ يُفْلِحُونَ
116. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб, «Бу ҳалол, бу ҳаром», – деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар зафар топмаслар. “Ҳуд” сурасида:وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنِ افْتَرَى عَلَى اللّهِ كَذِبًا أُوْلَئِكَ يُعْرَضُونَ عَلَى رَبِّهِمْ وَيَقُولُ الأَشْهَادُ هَؤُلاء الَّذِينَ كَذَبُواْ عَلَى رَبِّهِمْ أَلاَ لَعْنَةُ اللّهِ عَلَى الظَّالِمِينَ
18. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Ана ўшалар Роббларига рўбарў қилинурлар ва гувоҳлар айтурлар: «Манавилар Роббларига нисбатан ёлғон гапирганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир». “Юунус” сурасида:قُلْ أَرَأَيْتُم مَّا أَنزَلَ اللّهُ لَكُم مِّن رِّزْقٍ فَجَعَلْتُم مِّنْهُ حَرَامًا وَحَلاَلاً قُلْ آللّهُ أَذِنَ لَكُمْ أَمْ عَلَى اللّهِ تَفْتَرُونَ
59. Сен: «Аллоҳ сизга туширган, сўнгра сиз ундан баъзисини ҳаром ва ҳалол қилиб олган ризқдан хабар беринг-чи!» – деб айт. Сен: «Сизга Аллоҳ изн бердими ёки Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқияпсизми?» – деб айт.قُلْ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ لاَ يُفْلِحُونَ
69. Сен: «Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқийдиганлар зафар топмаслар», – деб айт. “Аъроф” сурасида:قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَن تُشْرِكُواْ بِاللّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَن تَقُولُواْ عَلَى اللّهِ مَا لاَ تَعْلَمُونَ
33. Сен: «Роббим фақатгина ошкора ва яширин фаҳш ишларни, гуноҳларни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳга Ўзи у ҳақида ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарсаларни шерик қилиб олишингизни ҳамда Аллоҳга нисбатан ўзингиз билмайдиган нарсани гапиришингизни ҳаром қилган, холос», – деб айт. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!