Ассалому алайкум! Сизларга кўнглим тўла ўкинч ва алам билан мурожаат қилмоқдаман.
Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Бир жамолли ва ҳасабли аёл топдим. Аммо туғмас экан. Унга уйланаверайми?» деди. «Йўқ», дедилар. Кейин у зотга иккинчи марта келди. Яна қайтардилар. Сўнгра учинчи марта келганида: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматларга сизларнинг кўплигингизни кўз-кўз қилувчиман», дедилар». Абу Довуд, Насаий ривоят қилганлар. Ҳоким саҳиҳ, деган. Аллоҳнинг изми билан 15 йилдан бери бефарзанд яшадик. Бундан 10 йиллар аввал бир неча марта жавобимни беринг, уйланинг, фарзандли бўлинг дейишимга қарамай менга жавоб бермаган, Аллоҳнинг синовларига сабр қиламиз деган турмуш ўртоғим энди ажрашамиз деяптилар. Биз аввал алоҳида ижарада 14 йил бирга яшадик. 1 йил аввал турмуш ўртоғим онасининг қистови билан улар билан бирга яшай бошладик. 6 ой ичида бизни ажратиш даражасига олиб келди. Мен 6 ойдан бери қизлик уйимдаман. Талоқсан демадилар. Текширтирганмиз, ҳаммаси яхши, сабр қилинглар деган врачлар. Лекин бизнинг тақдиримиз, бефарзандлигимиз Аллоҳнинг пешонамизга ёзган тақдиридан эмасми? Юқоридаги ривоятга кўра турмуш ўртоғим мен билан албатта ажрашишлари шартми?
– Ва алайкум ассалом!Ажрашинглар. Сиз ҳам турмуш қуриб фарзандли бўлинг, инсон маълум бир ёшга етгач эр ёрдамчи бўлиш у ёқда турсин, ўзи ёрдамга муҳтож бўлиб қолади. Ўша вақтда фарзандлар хизматингизда бўлишади. Ҳозир бир-бирингизга ёрдамчи бўлишингиз мумкин у вақт келганида иккингиз ҳам ўзгаларга қараб хор бўлиб қолишингиз мумкин. Валлоҳу аълам!