Ассалому алайкум! Бир хадис эшитдим. Харамингга биров кирса ёки калласини тиқса, жахлинг чиқиб кўзини ўйиб олсанг гунохкор бўлмайсан деган манода. Шунқа хадис борми?
– Ва алайкум ассалом! Исломда нафақат бировнинг уйига рухсатсиз кириш, балки назар солиш ҳам, ҳатто мактубини изнсиз ўқиш ҳам тақиқланади.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир қавмнинг ҳовлисига уларнинг изнисиз қараса, бас, улар унинг кўзини ўйиб олсалар, хун тўламайдилар», деганлар.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنِ اطَّلَعَ فِي بَيْتِ قَوْمٍ بِغَيْرِ إِذْنِهِمْ فَقَدْ حَلَّ لَهُمْ أَنْ يَفْقَأُوا عَيْنَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир қавмнинг уйи ичига уларнинг изнисиз назар солса, батаҳқиқ, уларга унинг кўзини ўйиб олиш ҳалол бўлади», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳукм ҳам Ислом инсон дахлсизлигини таъминлашга қанчалар катта эътибор беришини кўрсатиб турибди. Инсон ўзини энг эркин сезадиган жой унинг уйидир. У ўз уйида бошқанинг назаридан ва қулоғидан хавфсирамай яшамоғи лозим. Акс ҳолда, унинг уйидаги роҳати тўлиқ бўлмайди. Бундай эминликни таъминлаш учун ушбу ҳадиси шарифдаги каби шиддатли қонунлар керак бўлади.
وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَوْ أَنَّ رَجُلًا اطَّلَعَ عَلَيْكَ بِغَيْرِ إِذْنٍ فَخَذَفْتَهُ بِحَصَاةٍ فَفَقَأْتَ عَيْنَهُ مَا كَانَ عَلَيْكَ مِنْ جُنَاحٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар бирор киши сенинг устингдан изнсиз кузатиб турса-ю, сен майда тош отиб, унинг кўзини чиқарсанг, сенга гуноҳ бўлмайди», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!