- Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Бас, кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Унинг Расули учун бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, унга эришади. Ёки аёл учун бўлса, уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилинган бўлса, ўшанга бўлади», дедилар».Бешовлари ривоят қилишган.Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У киши билан «Муқаддима»да танишиб ўтганмиз.Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳадисларида ниҳоятда қисқа иборалар билан бир олам маънони баён этганлар. Шунинг учун ҳам уламоларимиз бу ҳадиси шарифни алоҳида эътибор билан, ўрганиб чиққанлар.Имом Аҳмад ибн Ҳанбал розияллоҳу анҳу: «Илмнинг учдан бири шу ҳадисда», деган эканлар. Чунки, банданинг савоб касб қилиши уч нарса – дил, тил ва бадан орқали бўлади. Бу ҳадисда дил орқали бўладиган нарса тўла баён қилинган. Қолаверса, дин ички ва ташқи амаллардан иборат. Ният ички амал ҳисобланиб, қалб билан бўлади.Имом Шофеъий раҳматуллоҳу алайҳи эса: «Илмнинг ярми шу ҳадисда», деган эканлар. Имом Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳи эса: «Бу ҳадис Исломнинг мадори бўлган ҳадислардандир. Инсоннинг дини учун тўртта ҳадис кифоя:1. «Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир».2. «Бирортангиз токи ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунча мўмин бўла олмайди».3. «Киши Исломининг гўзал бўлиши ўзи учун беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир».4. «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир, ҳаром очиқ-ойдиндир», ҳадисларидир», деган эканлар.