- Оғир дард. Буни даволаш учун «муроқаба» мақомини йўлга қўйиш керак.МУРОҚАБА«Муроқаба» сўзи ва унинг турланишлари араб тилида кузатиб туриш, пойлаш маъноларини англатади.Уламолар муроқабани қуйидагича таърифлаганлар:Муҳосибий: «Муроқаба қалбнинг мусаффо яқийин – тўлиқ ишонч ила саканот ва ҳаракотда Аллоҳ азза ва жалланинг илмини давомли равишда сезиб туришидир», деган.Ибнул Қайюм: «Муроқаба банданинг давомли равишда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг зоҳири ва ботинидан хабардор бўлиб турганини билиши ва ишонишидир», деган.Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила машғул бўлган солик бўлиш ва эҳсон мақомига эришиш учун саҳиҳ ҳадисда келган «Аллоҳга худди Уни кўриб турганидек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», деган ҳолатга етиш керак.Мазкур ҳолатни мушоҳада ва муроқаба мақомлари дейилади. Муроқаба банданинг Аллоҳ таоло уни кўриб турганини ҳис қилишидир. Мушоҳада эса банда Аллоҳ таолони кўриб тургандек ибодат қилишидир.Аллоҳ таоло Қуръони Каримда муроқаба маъносини икки марта зикр қилган.«Албатта, Аллоҳ устингиздан рақобат этувчи зотдир» (Нисо: 1).Инсонларни яратган, ҳар бир нарсани билувчи ва кўрувчи зотнинг Ўзи бандаларини рақобат қилиб, кузатиб, кўриб, билиб, эшитиб туриши нақадар таъсирчан, нақадар масъулиятли ҳолдир. «Аллоҳ ҳар бир нарсани рақобат этиб тургувчи зотдир» (Аҳзоб: 52).Аллоҳ таоло нафақат инсонни, балки барча мавжудотни муроқаба қилиб турар экан. Бас, банда бу ҳақиқатни тўлиқ англаб етиши ва муроқабани домий равишда яшаб бориши керак. Муроқаба маъносини акс эттирувчи ҳадислардан намуналар:Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Бир куни биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида эдик. Бирдан тепамизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини У зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ислом; «Лаа илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулуллоҳ», деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, Закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар. «Тўғри айтдинг», деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. «Менга Иймон ҳақида хабар бер», деди. «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар. «Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва: «Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди. «Аллоҳга худди Уни кўриб турганидек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди. «Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.«Унинг аломатларидан хабар бер», деди. «Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, ялонғоч, камбағал, чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уриншларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у қайтиб кетди. Бас, мен бир мунча вақт ғойиб бўлдим. Сўнгра У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар.«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим. «Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динларингиздан таълим бергани келибди», дедилар».Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаийлар ривоят қилганлар.«Эҳсон» луғатда «яхшилик», «гўзал иш» маъносини англатади. Унинг бу ҳадисдаги маъносини, уламолар, «ихлос» маъносида, деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳсон таърифида: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.Ушбу таърифни ва у орқали «эҳсон»ни тўлиқ ва тўғри тушуниш учун аввало «ибодат» сўзининг маъносини батафсил англаб олмоғимиз лозим. Бизда «ибодат» деганда намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш каби нарсалар тушунилади. Албатта, бу нарсалар улкан ибодатлардан саналади. Лекин ибодат маъноси фақат ушбу нарсалар билан чегараланмайди. Бу сўз «абада» феълидан олинган бўлиб, қуллик қилди, қул бўлди маъносини билдиради. Абдуллоҳ Аллоҳнинг қули, деганидир. Демак, ибодат-қуллик қилиш маъносидадир. Бу маъно форсчасига «бандалик» дейилади. Агар намоз, рўза ва ҳажнигина ибодат дейдиган бўлсак, ўша ибодатларни адо этиш пайтида Аллоҳга қуллик қилинадию, ундан кейин Аллоҳга қуллик тўхтайдими? Унда инсон намоз, рўза ва ҳаждан бошқа вақтда кимга қуллик қилади? Инсон намоз ўқиб, рўза тутиб, ҳаж қилинаётганда Аллоҳни кўриб тургандек бўлишга ҳаракат қилиш лозиму, бошқа вақтда лозим эмасми? Ёки ўша ибодатлар пайтида Аллоҳ мени кўриб турибди, деб тасаввур қилиши керагу, бошқа вақтларда кўрмаяпти, деб ўз билганини қилавериши керакми?Йўқ, асло ундоқ эмас! Аллоҳ таолога инсоннинг бандалиги - қуллиги доимийдир. Намоз ўқиётган инсон ҳам, ухлаётган инсон ҳам Аллоҳнинг бандаси. Рўза тутаётгани ҳам, рўза тутмаётгани ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Ҳаж қилаётган ҳам, иложини қила олмай ҳаждан қолган ҳам Аллоҳ таолонинг бандаси. Гап фақат ўша банда томонидан ўзининг бандалигини тан олишида. Яъни, «Аллоҳнинг қулиман» деган одамнинг Аллоҳга қуллик қилишида. Бошқача қилиб айтганда, ҳаётнинг ҳамма соҳаларида Аллоҳнинг айтганини қилиб яшашдан иборат. Бир хўжайиннинг хожалигини бўйнига олиб, унга хизматкор бўлган шахс, хўжайиннинг айтганларини қилмаса хизматкорлиги қолмайди. Хожасидан қилмишига яраша жазо олишга тўғри келади. Аллоҳга қул бўлгандан кейин ана шу қулликни ўрнига қўйиб яшамоқ керак.Шунинг учун ҳам уламоларимиз: «Аллоҳнинг розилигига етказадиган ҳар бир иш ибодатдир», дейдилар. Шундан келиб чиқиб, мусулмон одам ҳар лаҳзада Аллоҳ таолони кўриб тургандек ихлос билан яшамоғи, У зотнинг розилигини олишга ҳаракат қилмоғи керак. Агар бу олий мақомга эришишга ожизлик қилса, ҳар лаҳзасини Аллоҳ таоло мени кўриб турибди, деган эътиқод билан ўтказиб, ўшанга яраша ҳаракатда бўлмоғи лозим. Ана ўшандагина эҳсоннинг қуйи даражасига эришади.Агар бу даражага эриша олмаса, намоз вақтида Аллоҳга, иш пайтида эса, молу-дунёга бандалик қилади. Рўза пайтида Аллоҳга, овқатланиш пайтида қорнига бандалик қилади.Демак, эҳсон банданинг Аллоҳни кўриб тургандек ихлос билан ишонмоғи, ҳаёт кечирмоғидир. Жуда бўлмаса, «Аллоҳ мени кўриб турибди», деган ишонч билан, ўшанга яраша амал билан яшамоғидир. Бу даражага етмаган шахс эса эҳсон-ихлос даражасига етмайди.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, уларнинг ғорига тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди. Улар бир-бирларига: «Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васийла қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар. Улардан бири: «Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар сен шу ишда Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик», деди.Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар. Бошқаси эса: «Эй бор Худоё! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!» деди. Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч», деди.Бас, яна тирқиш очди. Учинчи шахс: «Э бор Худоё! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг: «Ҳаққимни бер», деди. Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуручни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар ортдирдим. У қайтиб келиб: «Аллоҳдан қўрқ!» деди. Мен унга: «Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дедим. «Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!» деди.«Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер», дедим.У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор», деди. Бас, Аллоҳ очиб юборди», дедилар».Бошқа бир ривоятда: «Чиқиб, юриб кетдилар», дейилган. Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: Одил Имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам ва Аллоҳни холий қолиб эслаганда кўзидан ёши оққан одам», дедилар». Бешовлридан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.Муроқаба ҳақидаги асарлардан намуналар:- Абдуллоҳ ибн Динор айтади:«Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан бирга Макка томон йўлга чиқдик. Тун охирида бир жойга етганда тўхтадик. Тоғ томондан бир чўпон тушиб келди. Умар унга:«Эй чўпон! Менга қўйларингдан бирини сот», деди.«Мен қулман», деди у.«Хўжайинингга бўри еб кетди, деб қўявер», деди Умар.«Аллоҳ қаерда қолади?!» деди у.Умар йиғлаб юборди. Эрталаб уни топди. Хўжайинидан сотиб олиб, озод қилди ва:«Мана шу бир оғиз сўз сени бу дунёда озод қилди. Умид қиламанки, у сени охиратда ҳам озод қилади», деди.- Абдуллоҳ ибн Муборак бир одамга:«Аллоҳ таолони муроқаба қил», деди.Ҳалиги одам бунинг тафсирини сўраган эди:«Доимо худди Аллоҳ таолони кўриб тургандек бўл», деди.- Суфён Саврий: «Ҳеч бир нарса Ундан махфий бўлмайдиган Зотни муроқаба қил. Вафонинг эгаси бўлган Зотдан ражо қил», деди.- Абу Усмон айтади: «Менга Абу Ҳафс:«Агар одамлар билан ўтирсанг, ўзингга ва қалбингга воиз бўл, улар сенинг олдингда жамланганларидан ғуруга кетма. Улар сенинг зоҳирингни муроқаба қилурлар. Аллоҳ эса, ботинингни муроқаба қилур», деди».- Ҳумайд Товийл Сулаймон ибн Алига: «Менга ваъз қил» деди.«Агар У зот сени кўриб турганни билиб туриб маъсият қилсанг, катта нарсага журъат қилган бўласан. Агар У зот сени кўрмайди деб ўйласанг, кофир бўласан», деди.Муроқабанинг фойдаларидан:1. Муроқаба жаннатни ютиб олиш ва дўзахдан нажот топишдир.2. Муроқаба қиёмат кунидаги катта қўрқинчдан омонликдир.3. Муроқаба иймоннинг камоли ва Исломнинг жамолига далилдир.4. Муроқабанинг самараси Аллоҳ таолонинг муҳаббатидир.5. Муроқаба яхши оқибатнинг белгисидир.6. Муроқаба банданинг солиҳлиги аломатидир.Бир банда ўзининг ҳолини билмоқчи бўлса, камолга етгани ёки етмаганини синамоқчи бўлса, ўз қалбидан мазкур икки мақомни – муроқаба ва мушоҳадани изласин. Агар қалбида муроқаба ёки мушоҳадани топса, ўзини тўғри кетаётганини билсин. Мазкур икки нарсадан бирини топмаса, топишга ҳаракат қилсин.Муроқаба мақоми, яъни Аллоҳ таоло уни кўриб ва эшитиб турганини ҳис қилиш қалб тирик эканининг аломатидир.Агар қалб хаста бўлса, бу мақомга эришиб бўлмайди. Зикр ва фикр кўп бўлмаса ҳам, мазкур мақомга эришиб бўлмайди.Тоат ва ибодатда муроқаба ихлос билан юзага чиқади.Маъсиятда муроқаба тавба, надомат ва гуноҳда ажралиб чиқиш билан юзага чиқади.Мубоҳ нарсаларда муроқаба одобга риоя қилиш билан юзага чиқади.Неъматлардаги муроқаба шукр билан юзага чиқади.Мусийбатлардаги муроқаба сабр билан юзага чиқади.