Ассалому алайкум! Қассобчиликни касб қилиш ҳаром ҳисобланадими?
– Ва алайкум ассалом! Шу гапни айтган инсон қаттиқ хато қилган бўлади. Биринчидан шариат рухсат берган ишни ҳаромга чиқариш жуда оғир. Қолаверса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам сўйганлар, сўйиш қандай бўлишини кўрсатиб берганлар. Доимо ўшандай сўйишга буюрганлар ҳам. Кимдир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек ишни қиладию ҳаром иш қилган бўладими? Аллоҳ таоло "Наҳл" сурасида марҳамат қилади:
وَلاَ تَقُولُواْ لِمَا تَصِفُ أَلْسِنَتُكُمُ الْكَذِبَ هَذَا حَلاَلٌ وَهَذَا حَرَامٌ لِّتَفْتَرُواْ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ إِنَّ الَّذِينَ يَفْتَرُونَ عَلَى اللّهِ الْكَذِبَ لاَ يُفْلِحُونَ
116. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб, «Бу ҳалол, бу ҳаром», – деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар зафар топмаслар.
Инсон бандадир. У неъматни Розиқ Аллоҳдан олади. Шунинг учун инсоннинг ҳалол ёки ҳаром ҳақида ҳукм чиқаришга ҳаққи йўқдир. Кимки ўзи ҳақсиз бўлган нарсага аралашиб:
«Бу ҳалол, бу ҳаром», – деса, Аллоҳ таолога нисбатан ёлғон тўқиган бўлади. Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганларга эса:
مَتَاعٌ قَلِيلٌ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ
117. Озгина матоҳдир ва уларга аламли азоб бор.
Яъни Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиганларга бу дунёда «озгина матоҳ» бор. Эҳтимол, ўша тўқиган ёлғонлари сабабли ушбу беш кунлик дунёнинг арзимаган фойдасига етишарлар. Аммо у дунёда улар учун «аламли азоб бор»лиги муқаррардир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!