Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Раҳбарга итоат қилишда

16:04 / 30.10.2020 | Alisher | 1866

Ассалому алайкум! Раҳбарга итоат бўйича Қуръони Карим ёки Ҳадисларда нималар дейилган ва шу масалаларда нималарга эътибор беришимиз керак?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади: 

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ أَطِيعُواْ اللّهَ وَأَطِيعُواْ الرَّسُولَ وَأُوْلِي الأَمْرِ مِنكُمْ فَإِن تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللّهِ وَالرَّسُولِ إِن كُنتُمْ تُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ ذَلِكَ خَيْرٌ وَأَحْسَنُ تَأْوِيلاً۝ 

59. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг. Ана шу хайрли ва оқибати яхшидир.
Демак, мазкур омонатларни адо этишда, одамлар орасида адолат ила ҳукм юритишда ва бошқа ишларда аввало, Аллоҳ таолога итоат этиш керак, сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга, ундан кейин мусулмонларнинг ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат қилиш лозим. Агар бирор нарсада ихтилоф туғилиб, тортишув чиқса, Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбарнинг ҳукмларига қайтариш лозим. Мезон шу. Ўлчов шу. Агар бу қоидага риоя этилмаса, ҳамманинг ўзича ҳал қилишига қўйиб қўйилса, тартиб-интизом қолмайди, аксинча, одамларнинг ақлий қобилиятлари турлича бўлганидан ихтилофлар чиқади. Ҳозиргига ўхшаб, кучлилар кучсизларни, чорасини топганлар чорасизларни ўз йўлига юритишга ҳаракат қила бошлайдилар.
Мусулмонлар бундай кўнгилсиз муаммолардан холидирлар. Улар қандай қилсак, ҳақиқатга эришамиз, қандай қилсак, омонатларни ўз эгасига эриштирамиз, қандай қилсак, одамлар орасида адолат ила ҳукм юритамиз, деган саволлар устида бош қотириб ўтирмайдилар. Чунки бу борада йўл-йўриқ берилган ва у ўзгармасдир. Аллоҳ таоло бу масалаларни Ўзи ҳал қилиб берган. Мусулмонлар Аллоҳнинг кўрсатмаларига амал қилсалар, бўлди. Бир ишга қўл уришдан олдин шу иш ҳақида шариати исломиянинг ҳукми нима эканини билишга киришадилар. Ҳукмни аввало, Қуръони Каримдан излайдилар. Агар у ишнинг ҳукми Қуръонда мавжуд бўлса, унга амал қиладилар. Чунки аввало:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг...» – дейилгандир.
Аллоҳга итоат қилиш Унинг охирги илоҳий китоби Қуръони Каримга амал қилиш билан бўлади. Фараз қилайлик, бўлғуси ишнинг ҳукми Қуръони Каримда зикр қилинмаган бўлса, унда Набий алайҳиссаломнинг суннатларига мурожаат этилади. Изланган ҳукм у ердан топилса, унга амал қилинади. Чунки ояти каримада иккинчи манба сифатида Пайғамбарга итоат қилишга амр этилгандир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида бевосита у зотнинг ўзларига итоат қилинган, ҳозир эса суннатларига амал қилиш у зотнинг ўзларига итоат қилиш билан баробар ҳисобланади.
«...Расулга...» итоат қилинг. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда асосий ҳукмларни баён этган ва умумий ҳукм чиқариш қоидаларига ўшаларни асос қилган. Пайғамбаримизнинг суннатларида эса Қуръондаги умумий ҳукмлар батафсил баён қилинган ҳамда баъзи зикр этилмаганлари айтилган.
Замон, шароит ўзгариши билан ўзгариб турадиган ҳолатларнинг ҳукмлари эса мусулмон жамоаси ижтиҳод қилиб, ечиши учун қолдирилган. Бунинг ҳикматлари кўп. Аввало, бу ҳолат мусулмонларни доимо изланувчан, ҳаракатчан бўлишга ундайди. Иккинчидан, шариати исломиянинг ҳар замон, ҳар маконга салоҳияти борлигини таъминлайди. Агар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам зикри келмаган масала кўндаланг бўлиб қолса, бу масаланинг ечилиши мусулмонларнинг ишбошиларига ҳавола қилинади. Ижтиҳод мақомига етган ишбошилар мазкур масалани Қуръон ва суннат қоидалари асосида ҳал этадилар. Мусулмон умматининг эътироф этган мужтаҳидлари биргаликда ҳал этган ечим – қарор фиқҳда «ижмоъ» деб номланади. Бунга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Чунки ушбу оятда:
«...Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг», деган амр бор. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш эса фарзи айндир. Аммо ишбошиларга бўйсунишда бир неча шартлар бор. Аввало, оятда «ўзингиздан бўлган» дейиляпти. Кўпчилик «ишбоши» деганда ҳокимнигина тушунади. Аслида оятда ҳамма ишбоши назарда тутилган. Фиқҳ илми уламоларимиз бу оятдаги «ишбоши»ларни шундай тушунтирганлар: фиқҳда ижтиҳод даражасига етган уламоларнинг жамланиб, бирор масала бўйича иттифоқ бўлиб қарор қилишлари ишбошиликдир. Албатта, ҳокимлар ҳам ишбоши ҳисобланадилар.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:
«Аллоҳга осийлик бўладиган ишда итоат йўқдир», – дейилган.
Ояти каримадаги:
«Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг», деган жумла шариатда ҳукм чиқариш учун Қуръон, суннат ва ижмоъдан кейинги тўртинчи масдарга – қиёсга асос бўлган. Демак, мусулмонлар ҳаётида янги бир масала пайдо бўлди. Айнан шу муаммо Қуръонда ҳам, суннатда ҳам зикр қилинмаган, аммо шунга ўхшаш бошқа бир масала бор. Уламолар ана ўша ўхшаш масала билан янги пайдо бўлган масалани таққослаб, бир ҳукм чиқарадилар. Бунинг номи «қиёс» бўлади. Оятда мусулмонлар ўртасида тортишувга сабаб бўлган нарсани Аллоҳга (яъни Қуръонга) ва Пайғамбарга (яъни у зотнинг суннатларига) қайтаришни «агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз» деган жумла билан бирга қайд қилинмоқда. Демак, қилажак ишни шариатга мувофиқ адо этиш Аллоҳга ва охират кунига бўлган иймоннинг аломати экан. Демак, ҳукм манбаини Қуръон ва суннатдан эмас, бошқа нарсадан ахтарадиганлар ўзларининг ким эканликларини бир ўйлаб қўйсинлар.
Ҳақиқий мусулмонлар ҳар бир ишларини ушбу оятда зикр қилинган қоида асосида Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига, ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат қилган ҳолда олиб борадилар. Баъзи ишларда фикрлари турли чиқиб қолса, у ишни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтариб, ўхшаш масалалардаги ҳукмларга солиштириб, қиёслаб оладилар.
«Ана шу хайрли ва оқибати яхшидир». ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat