- Аввало сиз оят деб келтирган жумла оят эмас. Қуръондан иқтибос келтираётганда эҳтиёт бўлиш керак. Сиз қилган иш Қуръони Каримга нисбатан ҳурматсизлик бўлади. Бунинг устига ушбу мактубингиздаги каби адашувга сабаб бўлади. Аслида эса, сиз келтирган маъно Қуръони Каримнинг «Оли Имрон» сурасида қуйидагича баён этилган:«Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин.Роббимиз, албатта, Сен кимни дўзахга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан. Ва золимларга ёрдам берувчилар йўқ.Роббимиз, биз нидо қилувчининг, Роббингизга иймон келтиринг, деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин.Роббимиз, бизга Пайғамбарларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан», дерлар» (191-194-оятлар).Бу оятларда Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиганлар мадҳ этилган.Аллоҳни зикр қилиш ҳақидаги фармон эса, бошқа оятларда келган. Жумладан, Аллоҳ таоло «Аҳзоб» сурасида айтади:«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар», (41-42-оятлар).Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда “У мени кузатиб турибди”, деган доимий эътиборда туришдир.Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади.Қуръон тиловатидан кейин банданинг тили учун энг афзал ибодат Аллоҳ таолонинг зикридир. Зикр ила банда Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилади ва ҳожатларини сўрайди.«Зикр» сўзи луғатда бир неча хил маънони англатади:1. Тилда жорий бўлган нарса. Яъни, кишининг нутқ қилган нарсаси зикр дейилади. Фалончи фистон нарсани зикр қилди дегани ўша нарсани тилга олиб нутқ қилганини билдиради.2. Бир нарсани дилга, эсга олиш. Бу маъно унутишнинг тескариси бўлади. Демак, зикр икки хил бўлади: тил ва дил билан зикр қилиш. Буларнинг ҳар бири ҳам икки турли бўлади: унутганини эслаш ва унутмаса ҳам ёдидаги нарсани ёдлашни давом эттириш.Уламолар истилоҳида: «Зикр – банданинг Роббини тили ва дили билан эслашидир. Бу У зотнинг ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр қилиш ёки Китобини тиловат қилиш ёхуд У зотга дуо қилиш, У зотдан бирор нарсани сўраш, У зотга ҳамду сано айтиш, У зотни улуғлаш ва У зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши керак бўлган марғуб ишдир. Фақат шариат истисно қилган, қазои ҳожат ва хутба эшитиш пайтига ўхшаш ҳолатлардагина зикр қилинмайди.Демак, зикр ҳамма нарсани тарк қилиб, алоҳида ҳолатга кириб махсус ибораларни тўхтовсиз такрорлашдан иборат эмас. Шунинг учун бошқалардан шубҳаланишингиз ёки уларни зикр қилмаяпти дея ёмон кўришингиз ўринсиз. Эҳтимол улар ичларида Аллоҳни зикр қилаётгандирлар.Бир оятнинг маъноси таржимасини нотўғри ўқиб олиб, бошқаларни айблаш яхши эмас.