Ассалому алайкум! Намозда соч қандай холатда бўлиши керак? Яъни сочни қайириб турмаклаш мумкин эмасми? Мен шу пайтгача сочимни қайириб ўраб намозни адо этганман. Бир жойда ўқиб қолдим сочнинг узунлиги ва учи қайрилмаслиги керакми?
– Ва алайкум ассалом! Ҳозирги кунда аёллар сочини ёзиб ўқисин деган гап чиқибди. Бу нотўғри гап. Сочни жамлаб ўқиш ёки турмаклаб олиб ўқиш масаласи бу эркаклар намозига оид. Аёллар масаласи эмас. “Кифоя” китобида қуйидагича келади:
مَرَّ أَبُو رَافِعٍ مَوْلَى النَّبِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَلَى الْحَسَنِ بْنِ عَلِيٍّ عَلَيْهِمَا السَّلَامُ وَهُوَ يُصَلِّي، وَقَدْ غَرَزَ ضَفْرَهُ فِي قَفَاهُ، فَحَلَّهَا أَبُو رَافِعٍ، فَالْتَفَتَ الْحَسَنُ إِلَيْهِ مُغْضَبًا، فَقَالَ: أَقْبِلْ عَلَى صَلَاتِكَ وَلَا تَغْضَبْ، فَإِنِّي سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: «ذَلِكَ كِفْلُ الشَّيْطَانِ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг озод қилган қуллари Абу Рофеъ намоз ўқиётган Ҳасан ибн Али алайҳимассаломнинг ёнидан ўтди. У (Ҳасан) соч ўримини орқасига турмаклаб олган эди. Абу Рофеъ ечиб юборган эди, Ҳасан унга ғазаб билан қаради. У бўлса:
«Намозингни ўқи. Fазаб қилма. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу шайтоннинг тўқимидир», деганларини эшитганман», деди».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.
Инсон намоз ўқиганида, сажда қилганида унинг барча аъзолари, бутун вужуди, ҳатто кийимлари ҳам иштирок этиши керак. Агар эркак киши сочини қайтариб турмаклаб олса, ўша ҳолатга футур етади. Шунинг учун бу иш макруҳ ҳисобланади. Валлоҳу аълам!