Ассаломи алайкум Шайҳ ҳазратлари, қилаётган ҳизматларингиз учун Алоҳ сиздан рози бо'лсин ва сизга биздан жудаям чуқур ташаккур. Саволим шуки мен авваллари бокс спорти билан шуг'улланардим лекин исломни яҳши тушунмасдим ҳозир Аллоҳга шукурки намоз оқияпман қолдан кеганича ислом илмини органмоқдаман ва шу билан биргаликда спорт билан шуг'улланиш ниятим ҳам бор эди қайси спорт турлари билан шуг'улланишга шариатимиз руҳсат беради ёки ҳаммаси мумкинми жавоб учун олдиндан раҳмат.
– Ва алайкум ассалом!
ҲАЙВОНЛАРГА МИНИБ МУСОБАҚАЛАШИШ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом боқилиб, совутилган отлар орасида мусобақа ўтказдилар. Уларни Ҳайфаадан қўйиб юбордилар. Борадиган паккаси Саниятул Вадоъгача эди.Мен Мусога:«Уларнинг ораси қанча эди?» дедим.«Олти ёки етти мил эди», деди.У зот боқилмаган отлар орасида мусобақа ўтказдилар. Уларни Саниятул Вадоъдан қўйиб юбордилар. Борадиган паккаси Бани Зурайқнинг масжидигача эди.Мен (Мусога):«Уларнинг ораси қанча эди?» дедим.«Бир ёки шунга яқин мил эди», деди.Ибн Умар ўша мусобақада қатнашганлардан эди».
Бешовлари ривоят қилган.
Отларни чиниқтириш учун алоҳида боқиб совутилади. Аввал ем бериб семиртирилади. Кейин емини аста секин озайтириб борилади. Чоптириб терлатилади. Турли нарсаларга ўраб совутилади. Охири келиб от чиниқиб мусобақаларда қатнашишга тайёр бўлади.
Ҳайвонлар ўртасида мусобақа қилишда уларнинг совутилган бўлиши эътиборга олиниши шарт экан. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом ушбу ҳадиси шарифдан зикр қилинганидек совутилган отлар орасида ўтказилган мусобақада олти ёки етти мил масофани ихтиёр қилганлар. Совутилмаган отлар орасида ўтказилган мусобақада эса бир милча масофани белгилаганлар. Совутилмаган отлар кўп чопсалар қийналиб қолишлари мумкинлиги эътиборга олинган.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Пайғамбар алайҳиссаломнинг мусобақалар уюштирганлари.
2. Совутилган отлар орасида узоқ масофаларга мусобақа қилиш мумкинлиги.
3. Совутилмаган отлар орасида қисқа масофаларга мусобақа қилиш мумкинлиги.
4. Ҳайвонлар орасида мусобақа ўтказганда уларни қийналиб қолишидан четланиш зарурлиги.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом Азбаа номли туялари бўлиб, ундан ўзадигани йўқ эди. Бир аъробий ўзининг туяси билан келди. У ўзиб кетди. Бу мусулмонларга оғир ботди. У зот буни билдилар ва:«Бу дунёда ҳар бир кўтарилган нарсани пасайтириш Аллоҳ учун ҳақдир», дедилар».
Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдан туялар мусобақаси жоизлигини билиб оламиз. Шунингдек спорт оламининг энг муҳим қоидаларидан бири ҳеч ким ва ҳеч нарса абадий биринчи бўлиши мумкин эмаслигини ҳам англаб етамиз. Ҳар қандай олий сифатларга эга бўлган мусобақачи ҳам вақти соати келганда ютқазиши турган гаплигини тушунмоқ лозим.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом билан сафарда эдим. У зот Соллаллоҳу алайҳи васаллам билан мусобақалашган эдим, ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг гўштим оғирлашганда яна мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва, бу ҳалиги ўзиш ўрнига, дедилар».
Абу Довуд ривоят қилган.
Қаранг, Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди. Кейинги, Пайғамбаримиз Соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса У зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлади. Бу оилавий равишда бадантарбия билан шуғулланишдир. Афсуски кўпгина мусулмонлар бунга ўхшаш нарсалардан бехабарлар.Қадимги уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни шарҳ қилар эканлар бир неча маъноларга урғу берганлар. Улар, Оишанинг ҳадисида; оёқда югуриб мусобақа қилишга, маҳрам эркак аёллар орасида мусобақа ўтказишга, бу иш виқорга, шарафга, илмга, фазлга ва ёшнинг улуғлигига номуносиб эмаслигига далил бор, дейдилар. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом:«Фақат панжа, туёқ ва нислдагина мусобақа бор», дедилар».
«Панжа» дейилганда туя ва унга ўхшаш ҳайвонларнинг оёқ пажалари кўзда тутилади. Яъни, ана ўша шаклдаги ҳайвонлар орасида пойга ўтказиш мумкин.
«Туёқ» деганимизда от ва унга ўхшаш ҳайвонларнинг оёқлари кўзда тутилади. Яъни, ана ўша шаклдаги ҳайвонлар орасида ҳам пойга ўтказиш мумкин.
«Нисл» деганда найза ва камон ўқи учига ўрнатилган темир найзалар кўзда тутилган.
Демак ушбу турдаги нарсаларда мусобақалар ўтказиш мумкин ҳисобланади.
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий алайҳиссалом:«Мусобақада жалб қилиш ва ёнбош қилиш йўқ», дедилар».
Иккисини сунан эгалари ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдаги «жалб қилиш»дан мурод пойгада қатнашаёган ҳайвонни тезлатиш учун махсус кишини жалб қилиш кўзда тутилган. Яъни, мусобақадан ташқаридаги шахс мусобақага арлашмаслиги зарур.
«Ёнбош қилиш»дан мурод пойгада иштирок қилаётган от чарчаб қолганда унинг ёнига бошқа отни яқинлаштириб туриб пойгачи ўша янги отдан ўтиб олиб пойгани давом этдириши кўзда тутилган.
Булардан мусобақада турли ҳийлалар ишлатиш мумкин эмаслиги келиб чиқади.Юқорида келган ҳадиси шарифлардаги каби мусоба- қалар шариатда жоиз ҳисобланади. Агар ўша мусобақаларга молу мулк аралашмаса жуда ҳам яхши. Мабодо пул-мол мусобақага аралашганда ҳам соврун сифатида аралашгани тўғри бўлади. Мисол учун давлат томонидан, баъзи бир шахслар томонидан тикилган соврунлар бўлиши мумкин. Шунингдек, соврун мусобақа қилувчиларнинг бир томонидан тикилган бўлиш ҳам мумкин. Мисол учун, мен сендан ўзиб кетсам ҳеч нарса бермайсан, аммо сен мендан ўзиб кетсанг мен сенга бунча нарса бераман, дейиш каби.
Аммо икки мусобақалашган тараф ҳам пул ёки мол тикиши мумкин эмас. Агар у шаклда бўладиган бўлса, албатта, ҳакам бўлиши шарт.Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш авлодни соғлом бўлиб ўсишини таъминлаш борасида ота-оналарни ўз фарзандларини бадантарбия билан шуғуллантиришга тарғиб қилганлар. У зот ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида:
«Авлодларингизга сузишни, отишни ва от минишни таълим беринглар», деганлар.
Яна бошқа бир ҳадиси шарифда эса:
«Ёзишни, сузишни ва отишни таълим бериш фарзанднинг ота-онадаги ҳаққидандир», дейилган.
Бу маънолар ўта яхши маънолардир. Аммо ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ислом ўзининг бутун борлиги билан ҳаракат динидир. Унда ҳаракатсиз ҳеч нарса бўлмайди. Ўйлаб кўринг, бир вақт намоз ўқиш учун инсон қанчалар ҳаракат қилади. Саҳарда уйқусидан туриб, таҳорат қилиб, намоз ўқиш жойига бориб икки ракъат намоз ўқигунча одамнинг ҳар бир бўғини қаначадан қанча ҳаракатга тушади.
Рўза ҳам шунга ўхшаш. Саҳарликка турилади. Ҳаракат қилинади. Хуфтонга қўшиб йигирма ракъат таровеҳ намози ўқилади.
Ҳаж ва умра бўлса, асосан қаттиқ ҳаракатдан иборат ибодатлардир.
Буларнинг ҳаммаси соғлик учун фойдали эканини мусулмонмас одамлар ҳам яхши биладиган ҳолга келишди.Инсоннинг юзига уриш бор спротларга рухсат йўқ. Спортни баҳона қилиб ношаръий ҳолатга ўтиш ёки ношаръий ишларни қилишга ҳам рухсат йўқ.