Ассалому алайкум! Биламан, бундай саволлар сизларга кўп маротаба берилган, лекин домла мендаги ўй хаёлллар ошиб тушяптида. Домла, мени ичимдан шундай ўй хаёлллар ўтяптики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, уларнинг оилалари, (Қизлари, Аёллари), Саҳобалар ҳақида ҳам шунчалик сўкиниш, шаҳват ишлари каби шунчалик ёмон ўй хаёллар ўтяптики, ўзимдан нафратланиб кетяпман. Бу ўй хаёлдаги гапларни тилим билан айтиб юборганим йўқ, айтмайман ҳам ин ша Аллоҳ. Аҳир у зотни ота онамдан ҳам яхши кўраман. У зотнинг, қизлари, аёллари онамиз бўлади, бу ҳаммамизга маълум. Бу гапларни айтганимдан кўра ўлиб кетганим, жаҳаннам оловида ёнганим яхши деб биламан. Тўғриси ҳаётдан кўнглим қолиб кетди, яшашга ҳам қизиқишим қолмаяпти. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига одамлар келиб: Ё Расулуллоҳ, қалбимизга шундай ўй хаёллар келадики, уни айтишни жуда оғир гуноҳ деб биламиз дейишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ростдан ҳам шундай бўляптими? дедилар. Улар, ха дейишди. Мана шу ҳақиқий иймондир дедилар. Домла мен қанчалик илм олишга ҳаракат қиляпман, шайтон менга шунчалик васваса қиляпти. Авваллари домлаларимизнинг берган жавоблари билан ўзимга келардим. Лекин енди шундай вазиятдаманки буни тутунтира олмайман. Бундан қандай қутилай домлажон, катта гуноҳларга ботиб кетмадиммикан, нима қилишни билмай қолдим, илтимос ёрдам беринг.
– Ва алайкум ассалом! Сиз бирор аҳли илмнинг ҳузурига бориб суҳбатларига қатнашинг, маслаҳатларини олинг. Аллоҳ таоло “Шамс” сурасида марҳамат қилади:
فَأَلْهَمَهَا فُجُورَهَا وَتَقْوَاهَا
8. Унга фужурини ва тақвосини илҳом қилди.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло бандаларининг ичига гуноҳга бошловчи унсурни ҳам тақвога бошловчи унсурни ҳам қўйганини баён қилган. Инсон гуноҳ ишларга яқинлашганда, бузуқ нарсаларни кўрганда, бузуқ одамларга яқинлашганда фужурга бошловчи унсур ишқаланиб ҳаракатга келади ва инсонни ҳам ўша томонга ҳаракатга келтиради. Тақвога сабаб бўладиган ишлар, кишилар ва насиҳатларга яқинлашганда тақво унсур ишқаланиб ҳаракатга келади ва инсонни ҳам ўша томонга ҳаракатга келтиради. Гоҳида инсон аввалдан ўша ишларга булғаниб кейин тавба қилган бўлса ҳар эсига тушганда ўша фужурга бошловчи унсур ҳаракатга келиб қолади. Бу ҳаракатга келиш айб эмас, бу нарса ҳаммада содир бўлади. шундай вақтда тақвони ҳаракатга келтирувчи омилларга яқинлашиш керак бўлади.
Инсонда икки унсур бор. Бири фисқи-фужур қиладиган унсур, иккинчиси тақвога бошлайдиган унсур. Инсон фисқи-фужурга яқинлашса ёки у ҳақида ўйласа фисқи-фужурга олиб борадиган ўша унсур ишқаланади, ҳаракатга келади ва маъсият содир бўлишигача олиб боради. Тақволи инсонларга, панду-насиҳатларга яқинлашса тақво унсури ишқаланади, ҳаракатга келади ва соҳибини ҳам ўша ишларни қилишга ундайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Содиқлар билан бирга бўлинглар, уларни сафида бўлинглар” деб буюрган. Валлоҳу аълам!