Ассаламу алайкум! Жоҳилият даврида аёлларга ўтказилган таъзиқ ва қийноқлар ҳақида маълумот берсангизлар.
Ва алайкум ассалом! Жоҳилият аёлларининг чақалоқликларидаги ҳолати ҳақида “Таквир” сурасида Аллоҳ таоло баён қилади:
وَإِذَا الْمَوْؤُودَةُ سُئِلَتْ بِأَيِّ ذَنبٍ قُتِلَتْ
8. Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса…
9. «Қайси гуноҳ учун ўлдирилган?»
Исломдан аввалги жоҳилият даврида арабларнинг кўплаб ноинсоний, ваҳшиёна урф-одатлари бор эди. Жумладан, уларда қиз болани таҳқирлаш ҳаддан зиёд эди. Ҳаттоки катта бўлса, урушларда қатнаша олмайди, қайтага, асир тушиб, бизга шармандалик келтиради, деб, қиз болаларни тириклай кўмиб юборар эдилар. Ушбу икки оятда мушрикларнинг бу иши қаттиқ қораланмоқда ва қиёмат куни бу ҳақда савол-жавоб бўлиши таъкидланмоқда.
Табиийки, қиёмат куни фақат мазкур нарса ҳақидагина савол-жавоб бўлмайди. Балки заррача, мисқолча амал ҳақида ҳам савол-жавоб бўлади. Аммо нима учун айнан қиз болани тириклай кўмиб юбориш иши ҳақида алоҳида таъкидланмоқда. Бу, аввало, ушбу ояти карималар нозил бўлаётган давр талаби шу эканининг далолатидир. Ушбу оятлар Исломнинг дастлабки даврида нозил бўлган. Ўша вақтда нозил бўлаётган оятлар калимаи тавҳидга, соф иймон ва эътиқодга чақириб, ширк, куфр ва бузуқ эътиқодлардан қайтариш билан бирга, мўминлик фазилатларига даъват қилиб, кофирлик разолатларидан қайтарар эди. Ўша пайт жоҳилиятининг кўзга кўринган разолатларидан бири эса аёл жинсини паст санаш, одам ўрнида кўрмаслик ва ўша тасаввурнинг самараси ўлароқ, қизларни тириклай кўмиб юбориш одати эди.
Энг муҳими эса бу оят Ислом дини дунёда биринчи бўлиб аёл жинсини улуғлаш борасида ёлғиз ўзи кураш бошлаганининг аломатидир. Ҳа, ўша даврда аёлларнинг инсонлик ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган Исломдан бошқа томон йўқ эди. Ана шундай бир пайтда Ислом аёл жинси ҳам тўлақонли одам сифатида, Аллоҳ таоло мукаррам этган инсон сифатида ҳаққини олиши учун ўз курашини бошлади. Ўша пайтда нозил бўлган ояти карималар аёл ҳақидаги Исломий таълимотларни баён қилиш билан бирга, аёл жинсини ерга урувчи жоҳилий урф-одатлар ва қонун-қоидаларни қаттиқ қоралар эди. Ана ўша нарсалардан энг кўзга кўрингани қизларни тириклайин кўмиб юбориб, у келтирадиган ор-номусдан қутулдим, деб, ғурур билан гердайиб юриш эди. Ўша вақтда яшаган одамларнинг гувоҳлик беришларича, қиз бола тўрт-беш ёшларга етганда ота уни кўмиб ташламоқчи бўлса, онасига: «Қизимизни ясантириб бер, ўйнатиб келай», – дер эди. Бечора она «ўйнатиб келиш» нима эканини яхши билса ҳам, жоҳилият қонунига қарши чиқа олмас эди. У юрак-бағри тилка-пора бўлган ҳолда, қон ютиб, ўз жигаргўшасини бешафқат эрига ясантириб берарди. Ота номли махлуқ бўлса қизни овлоқроқ бир жойга олиб борар, унга ўйинчоқ бериб, ўйнатиб қўйиб, ўзи чуқур қазир эди. Чуқур тайёр бўлганда, қизни ўшанга тушиб, ўйнашга амр этар ва чуқурда ўйнаб турган гўдакни ўйини, ўйинчоғи билан бирга шафқатсизларча кўмиб ташлар эди. Инсон номига доғ бўлган бу иш жоҳилиятнинг қинғир тарозисида «юқори даража» деб тортиларди. Бу ишга ҳеч ким қарши чиқа олмас эди. Ўша ноинсоний одатга биринчи бўлиб Ислом қарши чиқди.
Мана, «Таквир» сурасининг аввалидан бошлаб, қиёмат қўрқинчларини васф қилиб, ҳаммани унинг даҳшатидан қўрқитиб олиб, «Ана шундай кунда одамларга нима бўлар экан?» деган савол пайдо бўлганда, биринчи бўлиб тириклайин кўмиб ташланган қизларнинг қайси гуноҳлари учун кўмилганлари сабаби уларни кўмганлар ва кўмишга ҳукм чиқарганлардан сўралиши таъкидлаб айтилмоқда.
Дарҳақиқат, жажжи қизчалар қайси гуноҳлари учун бунчалик шафқатсизлик билан ўлдирилар эди? У маъсум гўдакларнинг нима гуноҳлари бор эди? Ҳали улар гуноҳ қиладиган ёшга етмаган норасида эдилар-ку?! Ҳа, адолат, ҳақиқат назари билан қараладиган бўлса, у қизчаларнинг заррача ҳам гуноҳлари йўқ эди. Аммо жоҳилият назарида уларнинг айблари жуда ҳам катта – қиз бўлиб туғилганлари эди. Мазкура ҳимоясиз қизларга Қуръони Карим ҳомий бўлди. Уларнинг ҳаёт кечириш ҳаққларини ҳимоя қилди. Қиз болаларни тириклай кўмганлар қиёмат куни энг аввал шундан сўралишлари асрлар давомида, қиёматгача ибодат учун ўқиладиган оятларга битиб қўйилди.("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Қизларни ёмон кўришлик уларни тириклай кўмишгача бориб етди. Ҳайсам ибн Адий – Майдоний ундан ҳикоя қилишича : “Барча араб қабилалари қизларини тириклай кўмишар эди. Ҳар ўнтанинг биттаси қизини тириклай кўмарди. Ислом келганида болаларни тириклай кўмиш борасида арабларнинг турли қарашлари бор эди. Уларнинг айримлари ўз қизларини қаттиқ рашк қилганидан ва улар сабаблик ўзларига ор етишидан қўрқиб тириклай кўмар эдилар. Яна баъзилари эса улардаги кўккўзлик, қоратанлилик каби турли хил иллатларни деб кўмиб юборар эдилар. Баъзилари очликдан қўрқиб ёки боқа олмаслик хавфи билан ўз болаларини тириклай кўмар эдилар. Улар баъзи араб қабилаларидан бўлган камбағаллар эдлар”. Соъсоъа ибн Ножия шундай дейди: “Ислом келиб уч юзта тириклай кўмишни бас қилди. Уларнинг ичларидан шундай кишилар бор эдики- агар ўғилларининг сони ўнтага етса,- худди Абдул Муттолибга ўхшаб биттасини назр қилар эди. Уларнинг айримлари фаришталар Аллоҳнинг қизлари- Аллоҳ улар айтаётган гаплардан муназзаҳдир,- деб қизларни Аллоҳга нисбат беришар эди”.
Улар ўз қизларини ўлдирар, баъзи пайтларда бағритошларча уларни тириклай кўмардилар. Ота сафарга кетган бўлгани ёки бандлиги учун тириклай кўмиш баъзида кечга сурилар, бола каттариб ақлини таниб қолганидан кейингина кўмилар эди. Бу тўғрида уларнинг ўзлари кишини йиғлатадиган гапларни ҳикоя қилганлар. Баъзилари қизларини тоғнинг тепасидан ташлаб юборганлар.
Жоҳилият жамиятида аёлларнинг никоҳ ва талоқдаги ҳолати :
Жоҳилият жамиятда аёллар адолатсизлик ва камситишларнинг қурбони бўлганлар. Ҳуқуқлари поймол қилинган, моллари ўзлаштирилган, меросдан маҳрум қилинган, талоқдан ёки эри вафот этганидан кейин ўзига ёққан кишига эрга тегишига рухсат этилмаган. Худди мато ёки ҳайвонлар сингари мерос қилиб олинар эди. Ибну Аббос шундай дейдилар: “Бир кишининг отаси ёки фалони вафот этаса, уларнинг хотинига энг ҳақли киши ўша одам бўлар эди. Истаса уларни ушлаб турарди ёки ўзининг маҳрга олган молини унга бермагунича ё ўлиб моли бунга қолмагунича ушлаб турар эди”.
Ато ибн Абу Рабоҳ дедилар: “Жоҳилият қишилари агар бир одам вафот этиб ўзидан кейинга хотини қоладиган бўлса ўлганнинг яқинлари у хотинни ўзларидан бўлган бир ёш боладек ушлаб турар эдилар”. Суддий эса: “Жоҳилият даврида бир кишининг отаси ё акаси ё ўғли вафот этиб ундан хотин қоладиган бўлса, агар меросхўр улгуриб қолса хотиннинг устига кийимини ташлар эди ва ўлганнинг маҳри ҳисобига унга уйланиб олар ёки бировга эрга бериб ўзи маҳрни олар эди. Агар хотин улгурса ўз яқинлариникига қочиб борар ва ўзига ўзи хўжайин бўлар эди”.
Жоҳилият замонасидаги талоқ
Жоҳилият даври низомига кўра эр ўз аёлига 100 тагача талоқ бериши ва яна уни ўзига қайтариб олиши мумкин эди. Қози Саноуллоҳ соҳиб ўзининг “Тафсири мазҳарий” асарида Имом Бағавий Урва ибн Зубайр қилган ушбу ривоятларини нақл қилганлар: “Ислом аввалида одамлар беҳисоб талоқ қўйишга одатланган эдилар. Баъзи кишилар аёлларига талоқ қўйиб, улар иддаларини тугатай деганда ўзларига қайтариб олиб, яна талоқ қўйиб юборар эдилар. Бу ҳолат аёлга зулм бериш мақсадида қайта-қайта бажарилар эди. Эркаклар ўз аёлларини жуда ёмон кўрсалар никоҳ ва талоқсиз муъаллақ ҳолатда ушлаб туришга урунар эдилар.
Яҳудий динида талоқ
Мусо алайҳис саломга юборилган шариатда талоқ мубоҳ амаллардан ҳисобланган. Талоқнинг буткул тасарруфоти эркак қўлида бўлган. Бу борада аёл кишига ҳеч қандай ихтиёр берилмаган. Масалан, бир киши бир аёлга уйланса ва унга нисбатан ҳеч қандай илиқлик пайдо бўлмаса ёки аёлнинг бирор айбини билиб қолса, ҳеч қандай таъаммулсиз талоқ қағозини ёзиб аёл қўлига тутқазиб, уйдан ташқарига чиқариб юборган. Аёл аввалги эри уйидан чиқиши билан бошқаларга турмушга чиқиши мумкин бўлган. Ажрашган эр-хотин умурбод бир-бирига ҳаром бўлган. У иккисини бир-бирига ҳалол қилиш чораси бўлмаган. Яҳудийларда талоқ сўз билан эмас ёзма тарзда амалга оширилган. Талоқ беришда эркак кишига ҳеч қандай монеъликлар бўлмаган. Лекин, яҳудийлар кейинчалик кўплаб монеъликларни ишлаб чиққанлар .
Насороларда талоқ
Яҳудийларни акси ўлароқ асл исоийларнинг динида эрга ҳам, хотинга ҳам талоқ қилиш ихтиёри берилмаган. Талоқ ҳаром амал ва гуноҳи кабира деб тушунилган. Яҳудилардан бир гуруҳлари Исо алайҳис салом ҳузурига келишиб: “Эркак киши ўз аёлини бирор сабабга кўра талоқ қилишга ҳаққи борми?” деб, савол бердилар. Исо алайҳис салом уларга “Аллоҳ таоло эркак ва аёлни жуфт-жуфт қилиб яратди” деган оятни ўқимаганмисизлар” деб, сўзида давом этди. Шунинг учун ҳам эр ўз ота-онасидан ажралиб, бир аёл билан ҳаёт кечиради ва у иккиси орасида муҳаббат пайдо бўлиб, ҳатто бир тана-ю бир жон бўлиб кетадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни бирга қилди. Аллоҳ таоло уларни бирга қилгандан кейин эр-хотин бир-биридан ажрашиши мумкин эмас. Улар берган саволларига жавоб олганларидан кейин: “Унда нима учун Мусо алайҳис салом ёзма талоқ беришга рухсат бердилар” деб сўрадилар. Уларга жавобан Исо алайҳис салом: “Сизларнинг қалбларингизда қасоват бўлгани боис аввалда талоқ қилишга ижозат бўлмасада, Мусо алайҳис салом жазо тариқасида аёлларингизни талоқ қилинглар деб, буюрдилар” дедилар. “Фатҳул мулҳим”да Инжилдан қуйидаги Исо алайҳис саломнинг сўзлари нақл қилинган: “Қайси шахс ўз аёлига талоқ қўйиб, бошқа аёлга уйланса, зино қилган бўлади ва қайси аёл талоқ қўйилиб бошқа эрга тегса, зино қилган бўлади”. Умуман олиб қаралганда Христиан динида талоқ қатъий манъ қилинган амаллардан ҳисобланган ва бошқа томондан кўпхотинлик ҳам таъқиқланган. Унинг натижаси шу бўладики, икки бир-бирига мос келмайдиган эркак ва аёл никоҳланса, у иккаласи христианлик динига кўра ажрашиши қатъий манъ қилинади ва иккалаларини ушбу ҳаёти (доимо бир-бири билан урушишлари натижасида) дўзахга айланади. Бундан бошқа ўзга хулоса қилиб бўлмайди.
Ислом дини талоқга рухсат берган эди, баъзи насронийлар унга эътироз билдириб: “Бу аёлга зулм” дедилар. Қачонгача талоқга рухсат берилмайди. Чунки талоқга рухсат бермаслик ғайри фитрий иш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам насронийлар асл китобларида келган талоқ борасидаги ҳукмга амал қилмай, аста секинлик билан талоқга доир қайтариқларни бузишга урундилар. Зино ва турли ёмон ишлар қатори талоқ ҳам черков рухсати билан амалга оша бошлади. Оммавий халқ тазйиқи остида черков талоқ бериш асосларини секин асталик билан кўпайтира бошладилар. Кейинчалик талоқ беришга қўйилган сабаблар беҳад кўпайиб кетди. Бу вақтда талоқ ихтиёри ҳали ҳам черков тасарруфида эди. Талоқ борасида эр-хотинда ҳеч қандай ихтиёр йўқ эди. Эр-хотин бир-биридан ажрашиш мақсадида черковларга мурожаат қиласалар, черков ўзи тўғри деб топган сабабларга қараб ҳукм қилар эди. Лекин, имкони борича роҳиблар Инжилда келган асл ҳукмга амал қилишга урунар эдилар. Шунинг учун улар томонидан оз сонли кишиларгагина талоқ билан ҳукм қилинар эди. Европада иккинчи уйғониш даври содир бўлгандан кейин омма халқ талоқни черков тасарруфидан ўз ихтиёрларига ўтказишга урундилар. Натижада, талоқ черков роҳиблар тасарруфидан давлат судлари ихтиёрига ўтказилди ва бениҳоя ажрашиш сабаблари кўпайиб кетди. Охир оқибат эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам талоқ масаласи юзасидан судларга мурожаат қила бошладилар. Эр-хот индан қайси бири бир-бирига ёқмай қолса, эр ёки хотин судга бориб “эрим ёки хотиним менга ёқмай қолди ажрашишни хоҳлайман” деб мурожаат қиларди. Суд эса, уларни бир-бирига ёқмай қолганини сабаб қилиб кўрсатиб ажратиб юборар эди. Натижада, ҳозирги кунга келиб европада ажрашиш миқдори жуда ошиб кетди. Шарқий давлатларда истиқомат қилувчи одамлар бу тартибда ажрашишни ҳаёлларига ҳам келтира олмайдилар. Европада никоҳ ҳали ҳануз жар ёқасида қолиб келмоқда.
Ҳиндулар динида талоқ
Ҳиндулик динида талоқ қилишга умуман рухсат берилмайди. Ҳатто, аёлини зино устида ушлаб олса, уйидан ташқарига чиқариб қўйса қўяди. Лекин, талоқ қила олмайди. Шу боис ҳам баъзи ҳиндлар бу ҳукмни ижросида танглик ҳис қила бошладилар. Баъзи ҳиндуи динига эътиқод қилувчи қабила эркаклари зарурат юзасидан аёлига талоқ қўйиш мақсадида браҳманларга мурожаат қилардилар. Шулар сирасига жанубий Ҳиндистонда истиқомат қилувчи ҳиндуий таълимотидаги гуруҳларни келтириш мумкин. Лекин, шимолий Ҳиндистонда яшовчи сивилизациядан орқада қолган ҳиндуийлар талоқни умуман ножоиз иш деб тушунадилар .
Ислом, жоҳилият даврида аёлларга берилган бу зулм ва ситамларга чек қўйди. Бу борада, яъни аёлларга талоқ қўйиш миқдори, чегараси борасида қуйидаги оят нозил қилинди:
الطَّلاَقُ مَرَّتَانِ فَإِمْسَاكٌ بِمَعْرُوفٍ أَوْ تَسْرِيحٌ بِإِحْسَانٍ وَلاَ يَحِلُّ لَكُمْ أَن تَأْخُذُواْ مِمَّا آتَيْتُمُوهُنَّ شَيْئًا إِلاَّ أَن يَخَافَا أَلاَّ يُقِيمَا حُدُودَ اللّهِ فَإِنْ خِفْتُمْ أَلاَّ يُقِيمَا حُدُودَ اللّهِ فَلاَ جُنَاحَ عَلَيْهِمَا فِيمَا افْتَدَتْ بِهِ تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ فَلاَ تَعْتَدُوهَا وَمَن يَتَعَدَّ حُدُودَ اللّهِ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ
Талоқ икки мартадир. Сўнгра яхшиликча ушлаб қолиш ёки яхшиликча қўйиб юбориш. Уларга берган нарсангиздан бирор нарсани олиш сизга ҳалол бўлмас, икковлари Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликдан қўрқсалар, мустасно. Бас, агар икковларининг Аллоҳнинг чегараларида тура олмасликларидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбулар Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларни бузманг. Ва ким Аллоҳнинг чегараларини бузса, бас, ўшалар, ана ўшалар золимлардир.("Тафсири Ҳилол" китобидан “Бақара” 229-оят).
Талоқ қўйгандан кейин ортидан ражъат қилиш мумкин бўлган талоқ ҳаммаси бўлиб иккитадир. Бирор киши иккита талоқ қўйгандан кейин учинчи талоқниқўйса, талоғини берган аёлига ҳалоласиз ражъат қилиши мумкин эмас. Бундай ҳолатда никоҳ ҳам уч талоқ қилган аёлини ҳалол қилиб бермайди .
Аёлларнинг қадрлари :
Жоҳилият даврида аёллар бозорга солинар эдилар. Зеро эрлари ўз ҳуқуқларидан фойдалансаларда хотинлар ўз ҳуқуқларидан мосиво эдилар. Ўзига берилган маҳр ундан олиб қўйилар, унга зарар берган ҳолда зулм ила ушлаб турилар эди. Эридан озор кўрар ёки эри ундан юз ўгириб яшар, баъзида “муаллақ”, хотин бўлиб хотин эмас, боши очиқ бўлиб, боши очиқ эмас, аросат бир ҳолда ташлаб қўйилар эди. Емакларнинг ичидан фақатгина эркакларга тегишлилари бор бўлиб, аёллар ундан ейиши ҳаром қилинган эди. Битта эркак истаганича аёлларга уйланиши мумкин эди. Валлоҳу аълам.